Тилхатни нотариал тасдиқлатиш шартми?

Тилхатни нотариал тасдиқлатиш шартми?

Юлдашев Қахрамон Искандарович


 Кундалик ҳаётда қарз бераётганимизда, кўчмас мулк ёки авто харид қилаётганимизда, танишларимиз ёки нотанишларга муайян миқдордаги пулни қисман ёки тўлиқ беришимизга тўғри келади.

    Ушбу жараён одатда қарз ёки пул олган шахсдан ёзма тилхат олиш билан тугайди.

    Тилхатни эса пулни қайтариш учун асос бўладиган ҳужжат деб биламиз.

    Айнан шу сабабли, кўпчилик тилхатнинг «кучига куч қўшилиши» учун, уни нотариусда тасдиқлатишни зарур деб ҳисоблайдилар.

  Ўзи тилхатни нотариусда тасдиқлаш ШАРТМИ ёки ШАРТ ЭМАСМИ?

Фуқаролар ўртасидаги битимлар суммаси базавий ҳисоблаш миқдори (01.09.2021 йилдан 270 000 сўм)нинг 10 бараваридан, яъни 2 700 000 сўмдан ошадиган тақдирда, ушбу битимлар оддий ёзма шаклда тузилиши керак (ФК 108-модда).

Тилхат эса бир томонлама тузилган  битим бўлиб,  ёзма шаклда тузилади.

  Қуйидаги ҳолларда битимларни нотариал тасдиқлаш мажбурий ҳисобланади (ФК 110-моддаси):

1) қонунда кўрсатилган ҳолларда (кўчмас мулк, авто олди-сотдиси, васият ва хк);

2) тарафлардан бирининг талаби бўйича.

  Қонунчиликда тилхатни мажбурий тарзда нотариал тасдиқлаш лозим бўлган ҳолатлар кўрсатилмаган.

  Бироқ, тилхат тарафлардан бирининг талаби ва ҳоҳиши бўйича нотариал тасдиқланиши мумкин.

  Қарз олганлик ҳақидаги оддий ёзма тилхат, нотариусда расмийлаштирилган қарз шартномаси билан ЮРИДИК КЎЧИ ЖИҲАТИДАН ТЕНГ ҲИСОБЛАНАДИ.

Жумладан, қарз олувчининг берган тилхати, ёзма қарз шартномаси тузилганлигини англатади (ФК 733-моддаси).

  Нотариус тилхатни битим ёки алоҳида хужжат сифатида тасдиқламайди, балки тилхатдаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.

  Қарз шартномаси нотариал тасдиқланганда, ушбу шартномага илова сифатида тилхат ҳам қўшиб ҳужжатлар тўплами сифатида тасдиқланиши мумкин.

  Нотариус қабулида пул олди-берди жараёни ўтказилишига йўл қўйилмаслиги сабабли,  тарафлар бир-бирига ҳақиқатдан ҳам пул берганлиги факти тасдиқланмайди.

  Бироқ, кўпчилик пул олди-берди жараёнини аҳамиятлироқ қилиб кўрсатиш ва пул олаётган шахсга кейинчалик пулни қайтаришида психологик таъсир ўтказиш учун, баъзида эса гуёки ўзини «суғурталаб» қўйиш мақсадида, тилхатни нотариусда расмийлаштириш зарур деб хавотирланишади.

  ЭСЛАБ ҚОЛИНГ, пул олган тараф олган пул(қарзи)ини қайтармаган тақдирда, тарафлар ўртасида оддий ёзма тилхат ёки нотариал тасдиқланган тилхат ёхуд нотариал тасдиқланган шартнома тузилган бўлса хам, қарзни қайтариш учун судга мурожаат қилинганда ушбу 3 та ҳужжатдан ҳар бири бир хил юридик кучга эга бўлган ёзма ДАЛИЛ бўлиб ҳисобланади.

  Шу сабабли, агарда тилхат тўғри ёзилиб расмийлаштирилган бўлса, ортиқча пул (давлат божи) ҳамда вақт кетказиб, тилхатни нотариал тасдиқлатишга ЗАРУРИЯТ ЙЎҚ.

Каналимга обуна бўлинг ва танишларингизга ҳам юборинг.

Бепул юридик маслаҳатлар олиш учун Менинг гуруҳимга қўшилинг ва танишларингизга ҳам юборинг.

#UZB#БилибҚўйганиЯхши#БаҳслиСавол#Тилхат#Нотариус#Ҳуқуқ#Шартнома#Қарз#Адвокат #advokat_Yuldashev #advokat_yuldashev_group


Report Page