Festival

Festival

"Teatr" jurnali

КАТТА САҲНАГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

Профессионаллик ҳамиша ҳар ерда қадрланган. Санъаткор юксак даражада ижод қилишдан аввал ҳаваскорлик ишларини бошлайди ва бу интилиш унинг ҳақиқий санъат оламига кириб келишида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Театрнинг вужудга келишида асрлар давомида шаклланган анъанавий ҳамда ҳаваскорлик халқ театр санъатининг ўрни нечоғли муҳим эканлиги тарихдан маълум. Мамлакатимизда соҳага қаратилаётган эътибор туфайли кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, ўзбек театрини ҳар томонлама ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шу сабабдан профессионал театрлар билан бир қаторда ҳаваскорлик халқ театрлари ва театр-студиялари кенг ривожланиб, уларнинг сони йилдан йилга ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази томонидан Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида Халқаро “Oлтин мерос” хайрия жамоат фонди, Рес­публика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси билан ҳамкорликда “Ҳаваскорлик халқ театрлари”нинг республика фестивали ўтказилди.

Фестивални ўтказишдан асосий мақсад юртимизда фаолият кўрсатаётган ҳаваскорлик халқ театрлари ижодий жамоаларининг фаолияти билан яқиндан танишиш, ёш истеъдодларни кашф этиб, катта саҳналарга чиқишига амалий кўмак бериш, ҳаваскорлик халқ театрлари санъатини кенг тарғиб этиш, уларнинг репертуарини бойитиб бориш учун ҳар жиҳатдан мукаммал саҳна асарлари базасини шакллантириш, мамлакатимизда ижод қилаётган режиссёр, драматургларни соҳага кенг жалб қилиш, жамоалар ижодий салоҳиятини ривожлантириб, уларни муносиб баҳолаб, ижодий-ташкилий кўмак бериш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантиришдан иборат.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда қатор ташкилот раҳбарлари Халқаро “Oлтин мерос” хайрия жамғармаси раиси А.Каримов, Респуб­лика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латиповлар юртимизда маданият ва санъат анъаналарини чуқур ўрганиш, бойитиш ва тарғиб этиш, театрлар фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Икки кун давом этган фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ваТошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган 13 та ҳаваскорлик халқ театрлари ижодий жамоаси иштирок этишди. Улар саҳналаштирган спектаклларда оила тинч­лиги, дўстлик, муҳаббатга садоқат, бунёдкорлик, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ғоялари сингдирилган ва порахўрлик, одам савдоси, гиёҳвандлик каби иллатларга қарши курашиш мавзулари акс этган “Болалик”, “Оқ ажал”, “Шайтон тамға найрангбоз”, “Осмондан танга ёққан кун”, “Жаҳолат жари”, “Ҳукм – ўлимга маҳкум”, “Кўзгудаги биз, ёҳуд қайнонам – онам”, “Кафансиз кўмилганлар”, “Болажоним, жон болам!”, “Байрам аллергияси”, “Жондан азиз”, “Ғафлат”, “Дадажониси, кечиринг!” спектакл­лари намойиш этилди.

Намойишдан сўнг “Ҳаваскорлик театр­лари: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда театршунос, профессор-ўқитувчилар ўз фикр ва мулоҳазаларини айтиб ўтишди. Айниқса, ЎзДСМИ доценти Маъмур Умаровнинг ҳаваскорлик халқ театрлари учун махсус штатлар жорий этилиш таклифи барча қатнашчиларнинг кўнглидаги гапи бўлди, десак адашмаймиз. Зероки, ҳар бир ижодкор ўз қилаётган меҳнати учун моддий рағбат олишни истайди ва улар бунга ҳақли.

Фестиваль якунида ҳаваскорлик халқ ­театр жамоалари ва ижодкорлари “Энг яхши спектакль”(Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани халқ театри), “Бугунги кун муаммолари ифода этилган энг яхши спектакль” (Фарғона вилояти Бешариқ тумани халқ театри), “Бунёдкорлик мавзусининг энг яхши талқини” (Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар “Манзур” ҳаваскорлик халқ театри), “Оилавий анъаналар мавзусидаги энг яхши спектакль” (Сирдарё вилояти Гулистон тумани халқ театри), “Энг яхши драматик асар” (Қашқадарё вилояти Қори Зокир Содиқов номидаги халқ театри), “Энг яхши режиссёрлик иши” (Қашқадарё вилояти Қори Зокир Содиқов номидаги халқ театри режиссёри Шуҳрат Тўхтамешов), “Энг яхши эркак образи ижрочиси” (Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани халқ театри актёри ­Салим Одилов), “Энг яхши аёл образи ижрочиси” (Фарғона вилояти Бешариқ тумани халқ театри актрисаси Муножат Бердиева), “Энг яхши эпизодик роль ижрочиси” (Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Кўнгил” халқ театри актёри Абдувоҳид Зоитов), “Энг фаол ёш ижрочи” (Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар “Манзур” халқ театри актёри Дониёрбек Тўлқунов), “Энг яхши саҳна безаги” (Навоий вилояти “Наврўз” халқ театри), “Энг фаол жамоа раҳбари” (Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани халқ театри раҳбари Раҳимжон Ҳамроқулов), “Энг фаол театр жамоаси” (Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар халқ театри), “Энг яхши комедик спектакль” (Навоий вилояти “Наврўз” халқ театри) каби номинациялар бўйича мукофотланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

Ҳаваскорлик театрлари халқ ижодиётининг муҳим қисми бўлганлиги учун бугунги кунда мазкур йўналишга катта эътибор берилмоқда, маънавий рағбатлантирилмоқда. Фестивалда иштирок этган жамоалар эътирофга жавобан бунданда самарали ижод қилиб, етук саҳна асарлар яратишларини кутамиз ва бунда уларга омад тилаб қоламиз.


Report Page