“Фейк” хабар нимани англатади?

“Фейк” хабар нимани англатади?

Инсон ҳуқуқи маданияти маркази

       Фейк (инг- fake) – сохта, қалбаки деган маъноларни англатади. Эълон қилинаётган маълумотлар рост ва ҳақиқатга ўхшаб кўринсада, аслида жилоланган ёлғон хабарлар ҳисобланади, улар жумласига ўзгартирилган фотосуратлар, монтаж қилинган видеороликлар, ижтимоий тармоқларда бошқа шахслар (одатда, машҳур инсонлар) номидан очилган “ёлғон аккаунтлар”ни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу “фейк”лар ишонувчан, соддадил инсонларни унга ишонишига ва салбий жиҳати фикрини шаклланишига ҳам олиб келади.

      Фейклар берилишидан кўзланган мақсад ижтимоий-сиёсий мақсадларни ёки молиявий манфаатни амалга оширишга эришиш ҳисобланади. Бу ўз навбатида кўплаб инсонларнинг шаъни, қадр қиммати, ишчанлик обрўйига зарар етказади. Шунинг учун дунёдаги аксарият мамалакатлар бу хавф билан курашиш, уни олдини олиш учун қонунчилик базасини яратиш орқали самарали курашиш йўлларини излашмоқда.

      Бизнинг мамлакатимизда ҳам амалдаги қонунчилигимизга мурожаат этсак, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 12-1-моддасида, веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги кўрсатилган.

      Шунингдек. “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида, журналистнинг мажбуриятлари белгиланган бўлиб, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист ўзи тайёрлаётган материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги қайд этилган.

         Юқорида баён этилган нормаларга биноан, маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, кейин эълон қилиш, ахборот тарқатувчи ҳар қандай шахс, шу жумладан, журналистлар ва блогерларнинг ҳам мажбуриятларидан бири ҳисобланади.

       P.S. Дунёнинг кўплаб мамлакатларнинг қонунчилигида ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, бизнинг миллий қонунчилигимизда ҳам бу масалада махсус норма киритилиши муқаррар.


Report Page