Фарғонада Бобурнинг авлоди яшайди

Фарғонада Бобурнинг авлоди яшайди

🌐OLTIARIQ_TV

»»»

Фарғонада Бобурнинг авлоди яшайди


Фарғона шаҳридаги “Лолазор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 96 баҳорни қарши олаётган Қурбонжон отанинг ёшлардек шижоати ва ғайрати бор. Айниқса, байрам кунларида у кишини хонадонидан топиш қийин. Ёшлар билан учрашувлар ўтказади, уруш хотираларини сўзлаб бериб, бугунги дориламон кунларни қадрлашни насиҳат қилади.


Она юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини асраш учун мардлик ва жасорат кўрсатган боболаримиз хотирасини эъзозлаш, нуронийларни қадрлаш халқимизга хос эзгу фазилатлардан.


Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш янгича маъно-мазмун билан бойиди. Бу жиҳатлар айни кунларда мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда яққол намоён бўлаётир. Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда бу борада аниқ тадбирлар белгиланган. Айни кунларда шаҳар ва туманларда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари хонадонида бўлиниб, улар ҳолидан хабар олинмоқда.


6.JPG



“Нуроний” жамғармасининг Фарғона шаҳар бўлими раиси Муталибжон Мўминов ҳамроҳлигида Қурбонжон ота Сатторов истиқомат қилувчи хонадонга қадам қўярканмиз, бу ердаги ажиб бир файзни ҳис этдик. Отахон бизни хурсандчилик билан кутиб олди. У киши билан суҳбатимиз анча қизиди.


Алпомишдек келбатли ва бақувват Қурбонжон ота ҳар қандай суҳбатдошнинг тилини топа олади. Ҳеч қачон сизни зериктириб қўймайди. Болалар билан болаларча, ўрта ёшдагилар билан оғир-босиқ оҳангда гаплашиб, зарур маслаҳат ва ҳаётий тажрибаларини аямайди.


8.JPG



Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қ. Сатторов Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилган. 1942 йилда у ҳам урушга отланди.


– Болагинам, шу урушни умуман номини ҳам эшитишни истамайман, –дейди отахон. – Баъзан уруш ҳақида гап кетиб қолса, ногаҳон ғалабани ўз кўзлари билан кўра олмаган қуролдош дўстларим ёдимга тушади. Улар ҳали ҳам ўн саккиз-йигирма ёшли йигитлар бўлиб кўринади. Орёл деган шаҳардаги музейда мен кўтарган миномёт ва суратим ҳали ҳам сақланади.Биз даҳшатли урушни кўрдик, ёшларимиз эса мана бу тинчликни, фаровон кунларни ардоқлаши керак.


Ҳа, уруш бошланганида Қурбонжон ота айни кучга тўлган йигит эди. Осмон қадар юксак орзуларини уруш буткул ўзгартириб юборди. Эҳе, ёш бўлса-да, урушнинг даҳшатли онларини бошидан ўтказди. Қанча сафдошлари қўлида жон берди, бу билан тушкунликка тушиб қолмади, дориламон кунлар келишига ишонарди.


10.JPG



Ота узоқ йиллар турли соҳаларда, раҳбарлик лавозимларида ишлади, ҳалол меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи Шарофатхон ая билан уч қизни тарбиялади. Шу фараҳбахш кунларда бу инсон набираю эвара ҳамда чевараларининг шўх-шодон кулгисини кўриб, қарилик гаштини сурмоқда. Ўтган йилда у киши вилоят ҳокимлиги томонидан икки хонали уй совға қилинди.


–Бугунги кунда невара ва чевараларим чет элларда таҳсил олмоқда, – дейди отахон. – Улар орасидан фан доктори ва номзодлари ҳам бор. Лондонда ўқиган чеварам Диёра бугунги кунда ўша ерда журналист бўлиб ишлайди. Улар билан гаплашиб, шундай кунларга шукроналар айтаман. Айниқса, Президентимиз биз, кексаларга доим ғамхўрлик кўрсатиб, мукофотлар билан сийлайди. Бу эса бизни ёшимизга ёш, умримизга умр қўшмоқда. 1 май – туғилган кунимни дўстлар даврасида катта шодиёна билан нишонлаш ҳаракатидаман.


11.JPG



Отахон билан суҳбатимиз узоқ давом этди. У киши бизга бир гапни алоҳида таъкидлади.


– Биз бобурийлар авлодидан бўламиз, – дейди Қурбонжон ота. –Кечагидек эсимда. Уйимизда китоблар жуда кўп эди. Урушдан олдин 110 ёшга кирган Қирмизи момом менга сулоламиз ҳақида ёзилган китобни кўрсатиб, “Бобур авлодиданмиз” деб айтгандилар. Шунинг учун ҳам доимо фарзандларим, невараю эвараларимга шуни эслатиб, уларга доимо аждодларингизга муносиб бўлинглар, дея уқтираман.


Давлатимиз раҳбарининг жорий 23 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ва “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу каби инсонларга бўлган юксак эътибор ифодаси бўлди.


Фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган нуроний отахон ва онахонлар барчамизнинг фахр-ифтихоримиздир. Қурбонжон ота сингари ёши улуғларимиз бизни тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга чорлайди.


М.Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА 

Report Page