Факт

Факт

@SoCapitalUz

Миямизда дастурланган учта ғалати одат

Овқатни ортиғидан кўп ейиш.

Ишониш қийин, лекин ҳозирги кунда очликдан ҳам кўра, семизлик ҳолатидан ўлиш осонроқ. Овқатнинг меъёридан ошиб кетиши — нисбатан янги ҳодисадир.

Инсоннинг мияси емак етишмовчилиги шароитларида ривожланганини инобатга оладиган бўлсак, аждодларимиз унинг турли манбаларини излашга тинмай ҳаракат қилганини тушунса бўлади. 50 минг йил аввал, агар аждодларимиздан бири мевали дарахт ёки реза мевали далани топиб олса, кейинга қолдирмасдан, қорнига қанча сиғса шунча маҳсулотни ейиши мумкин эди. Шу сабаб овқат тўпловчи овчиларда ортиқча емак йиғилмаган.

Шундан буён дунё ўзгарди. Мия эса — йўқ. Шунинг учун ҳам баъзида қанча керак бўлмаса, шунча еймиз.

Мия овқат ўз эгасига эртага ҳам, келгуси ҳафтага ҳам етишига ҳалигача ишонмайди.

Совутгични очиб кўриш истаги.

Баъзи одамларда совутгични очиб кўриш, ундаги таомларга бир назар ташлаб, яна ёпиб қўйиш одати бор. Бир қарашдан бу мантиқан нотўғри. Аммо аслида мантиқан тўппа-тўғри.

Даладаги барча реза мевалар ва дарахтдаги меваларни ейишга тайёр бўлган қадимги одамга яна қайтамиз. Унда доимий овқат манбаси бўлмаган ва албатта, бу манба очиқда ётмаган.

Бизнинг палеолитик миямиз таомни кўрмагунга қадар унинг борлигига ишонмайди. Ҳаттоки унинг у ерда борлигини билсак ҳам. Шунинг учун баъзида музлатгичга кўз ташлаб, овқат жойида турганига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Мия бунга ишонч ҳосил қилади ва тинчланади. Кейинги сафаргача, албатта.

Соғлом овқатни яхши кўрмаслик. 

Одатда болалигимизда пиёз, шивит ёки кўкатларни яхши кўрмаймиз, кимдир эса ҳалигача уларни ҳуш кўрмайди ва мазали деб ҳисобламайди. Буни инжиқликка йўйса бўлади, аммо бу одат осмондан тушиб қолмаган.

Овқат тўпловчи овчилар вақтида, ҳали ўсимликларни экиш бошланмаганида, бу маҳсулотлар ҳазм бўлмаслиги ва заҳарланиш ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин эди. Тил рецепторлари шундай шаклланганки, инсон мияси фойдали ва зарарли таомни ажратиб олиши керак. Углеводларга бой фойдали таом ширин, зарарли ва хавфлиси эса аччиқ таъмга эга эди.

Шунинг учун ҳам бизнинг ширин ва юқори углеводларга бой маҳсулотларга бўлган меҳримиз мантиқан тўғри. Ахир 100 минг йил илгари, бир кун келиб енгил ҳазм бўлувчи маҳсулотлар кўп бўлиши, фойдали ва керакли углеводларга бой маҳсулотлар эса семизлик ва диабетга олиб келишини ким ҳам ўйлаган дейсиз.

Report Page