Esse

Esse

Maftuna Muhammadaminova

ИЧИ ТЎЛА ҚУШ ШОИР

Муҳаммад Юсуф... Бу ном, бу шоир одамларнинг тилига шу қадар ўрнашиб кетганки, алоҳида тавсиф бериш у ёқда турсин, эслатишнинг ўзи ортиқчалик қиладигандек. Чунки у ҳеч кимнинг ёдини тарк этмаган, ҳеч ким уни хотиранинг қаровсиз қатламларида қолдирмаган. Сабаби эхтиёж ўлмаган. Миллионларнинг шоири Муҳаммад Юсуф.

Дарс. Ўқитувчи ниҳоятда жиддий. Менинг энг иккичи, илмнинг қимматини билавермайдиган, “ижод”ни ҳам нари-бери амаллаб юрган безори курсдошларимдан бир нечтаси охирги парталарда савлат тўкиб ўтиради. Ўқитувчини эшитгиси келмайди уларнинг. Ўзларича пичирлашиб шовқин солади. Ғашим келиб, қовоғимни солиб улар томонга бош бураман. Муҳаммад Юсуфнинг яқиндагина нашриётларнинг бири чоп этган кичкинагина “брошюра”си уларнинг қўлида. Бири бошини муқом қилиб китобчага тикилганча берилиб шеър ўқийди. Бошқаси китобни бер деб қўл чўзади. У бермайди. Улар шеър талашади... Шу ерда ҳам Муҳаммад Юсуф... Мана сизга Муҳаммад Юсуф! Қайси шоирни шундай талашасиз? Қайси шоирни шундай ўқийсиз?

Менинг назаримда, шоирлар икки хил бўлади. Тафаккур шоирлари ва туйғулар шоирлари. Тафаккур шоири фикр билан қалбингизга йўл топади, туйғулар шоири эса юракдан онгга юради, ҳассосликдан мутафаккирликка ўтади. Муҳаммад Юсуф ана шу иккинчи тоифадаги шоирдир. У қўшиқ айта биладиган шоир, куй чала оладиган шоир. Бунақа серқирра, қалбу қури, фикру ўйи, ҳаёту хаёлоти билан санъат яратадиган, куйлайдиган сўз одами кам. Насрда Тоғай Мурод, назмда Муҳаммад Юсуф халқ ичидан шундай най пуфлаб, тор чертиб ўтганлардан. Бир улкан шоиримиз ёзган эди: 

Одам ҳақида

одам айтганини ёзма.

Умуман,

бировнинг

гапига кирма

шеър ёзаётганда..., – деб.

Муҳаммад Юсуф эса ҳатто ўзининг ҳам гапига кирмаган, юрагидаги ғуж-ғуж фаришталарнинг, теграсидаги илоҳий малакларнинг айтганларига котиблик қилган, гўё. Агар шундай бўлмаса, эл ўз ҳайратига аллақачон изоҳ топган бўларди. Муҳаммад Юсуф ижодининг сири ва сеҳрига қайта-қайта қойил қолавермас, бошқалардан фарқли меҳр бермасди, назаримда. 

Шеър ўқийсизми, деб сўрайман одамлардан. Ҳа,- дейдилар бироз иккиланиб. Қайси шоирни? Ўзимизникилардан мисол келтираман: Абдулла Ориф, Усмон Азим ёки Ҳалима Аҳмад?  

 “Йўқ”, – дейди китоб титишга вақти оз, тўғрироғи, бирор марта ҳам бунга зарурат бор-йўқлигини ўйлаб кўрмаган одам. – Бошқаларини билмайман-у... Муҳаммад Юсуф ёқади масалан... дейди у. – У қанақадир бошқача ёзади-да... Шеърлари зўр-да ишқилиб...” Ана шунақа дейди одамлар бу шоир ҳақида. Миллатнинг, бир бутун халқнинг “Ишқилиб зўр-да” деган баҳосини олиш ҳар қайси ижодкорга ҳам насиб этавермайди. 

Сиз ҳам уни яхши кўрасиз. Ростлиги учун яхши кўрасиз, алдамаслигини яхши кўрасиз. “Сени осмонимга олиб кетаман” деса, ишонасиз, жон-жон деб кетмоқчи бўласиз. Унинг шеърлари – қуш. Потирлаб учиб кетади – ҳангу манг бўлиб қоласиз. Ўзи айтган дек, унинг ичида жуда кўп қушлар бор, ичи лиқ тўла қуш! 

 Мен ҳам уни яхши кўраман. Ҳаётлигида бир марта ҳам кўрмаганман, овозини эшитмаганман бу шоирни. Лекин Самарқандда туриб яқин таниш бўлганман шоир билан. Нега бунча шоир бу одам? – ўйлардим ўсмирлигимда. Энди биламанки, Ҳаётни, Инсонни чуқурроқ биладиган, азоблироқ ҳис қила оладиган инсон шоирга айланади: 

Бир кун хурсанд яшаш

Қанчалар қийин,

Бир кунгина –

Тонгдан шомгача.

Ҳаёт ҳар лаҳзаси,

Ҳар они ўйин,

Бошқача,

Бошқача,

Бошқача...


Муҳаммад Юсуф ҳаётни ўзига хос идрок этган санъаткор, кечанинг ҳам, бугуннинг ҳам, эртанинг ҳам шоиридир. У реалист, у футурист. У зўр бериб даъват қилмайди, кўнглида бор гапини айтади. Бугунги дунёни ташвишга солаётган глобализация ва у келтириб чиқараётган оммавий маданият, маънавий таназзулга қарши билиб-билиб “ҳапдори” шеърлар ёзади: Халқим, “Дўппи”ни, “Чимилдиқ”ни ўқи, дейди. 

У бугунбоп шоир эди, келажакбоп шоир бўлиб қолаверади... 

Деганимча дедим, юрагимни варақлаганимча варақладим Муҳаммад Юсуф ҳақида. Сиз 


Shhshhdjd


Report Page