Сайлов кодекси – миллий сайлов тизимида янги босқич

Сайлов кодекси – миллий сайлов тизимида янги босқич

Buxoro.uz

Сайловлар жамият ва давлат ҳаётидаги энг муҳим масалаларни ҳал қилишда халқ ҳохиш иродасини акс эттирувчи асосий восита бўлиб, унда халқ ҳокимиятчилиги ва демократик принципларнинг очиқ намойишини кўриш мумкин.

Юртимизда сайловга оид масала Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади”.

Сайлов ўзи нима?

Сайлов бу – овоз бериш орқали давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш воситаси.

Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига ва бошқа жамоат тузилмаларига бўлиб ўтадиган сайловлардаги иштироки, бу уларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишининг ҳуқуқий асосидир.

Мамлакатимизда ўтган давр давомида бош қомусимиздаги “Сайлов ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади” деб кўрсатилган нормага мос ҳолда қабул қилинган 6 та қонун ва бир қатор қонуности ҳужжатларига риоя қилинган ҳолда ўтказилган сайловларда сайлов ҳуқуқига эга бўлган сайловчилар қатнашди ва ўз ҳохиш иродасини ифода этдилар. Мустақиллик йилларида сайловларнинг очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари ҳамда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла риоя қилган ҳолда ўтказилганлиги соҳа олимлари, ҳалқаро ҳуқуқ ташкилотлари экспертлари ҳамда ўтган сайловларда иштирок этган кузатувчилар томонидан юксак баҳоланди.

Бир қарашда бу борадаги ишлар тартибга солингандек эди, бироқ сайловларга алоқадор бўлган қонунларнинг кўплиги ва уларда бир бирини такрорловчи нормаларни мавжудлиги сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган мутасаддилар билан бир қаторда экспертлар фаолиятида ҳам ноқулайликларни келтириб чиқарарди.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни мамлакат парламенти - Олий Мажлисига қилган мурожаатномасида ушбу масалага алоҳида тўхталиб, “Сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаган сабабли халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим”лиги ташаббусини билдирди.

Ўтган давр давомида бу борада олиб борилган изланишлар натижасида Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов кодекси” лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди, Сенат томонидан маъқулланди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиб (ЎРҚ-544-сон) кучга кирди.

Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов кодекси” Умумий қоидалар, Сайлов округлари ва участкалари, Сайлов комиссиялари, Сайловчиларнинг рўйхатлари, Сайлов бюллетени, Кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши, Номзодларни ва уларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми, Сайловолди ташвиқоти, Овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш, Такрорий овоз бериш, такрорий сайлов, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловининг ўзига хос хусусиятлари, Сенатни шакллантириш тартиби, Маҳаллий Кенгашларга сайловнинг ўзига хос хусусиятлари, Сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), Сайловни молиялаштириш ҳамда Якунловчи қоидалардан иборат бўлган 18 та бобда 103 та моддада жамланган бўлиб, унда сайлов билан боғлиқ бўлган барча масалалар қамраб олинган.

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, ўтган йиллардаги тажриба ҳамда такалифлар инобатга олинган ҳолда, Кодексда аввалги қонунларда бўлмаган бир қатор алоҳида моддалар ўрин олган.

Жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, участка сайлов комиссиясининг овоз беришдан олдинги фаолияти, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти, сайловчининг турган жойида овоз бериш, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш тугаганидан кейинги фаолияти, Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз беришни ташкил этиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз бериш тартиби, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, хоналарни ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, мамлакат сайлов тизимидаги яна бир янгиликлардан бир бу овоз бериш вақти билан боғлиқ бўлиб, сайловчилар ва сайлов комиссиялари аъзоларига қулайликлар яратиш мақсадида овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши белгиланди. Яъни, овоз бериш куни сайлов участкасида соат 8.00 да Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди ва овоз бериш бошланади. Шунингдек, илгари сайловчи сайлов бюллетенида ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белги-крестик «+» белгисини қўйганда сайлов бюллетени ҳақиқий деб ҳисобланган бўлса, эндиликда сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки « » ёхуд «х» белгиларидан бирини қўйганда сайлов бюллетени ҳақиқий деб ҳисобланади.

Сайловларнинг тамомман сиёсийлиги ва ҳолислигини таъминлаш ҳамда бунда сиёсий партияларнинг ролини янада мустаҳкамлаш мақсадида номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақатгина сиёсий партиялар эга эканлиги алоҳида белгиланди. Маълумки, илгариги қонунчилик бўйича бу ҳуқуқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ҳам мавжуд эди.

Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш зарур. Сайловлар Ўзбекистон Республикасининг ички иши бўлиб, ўтказилаётган сайловларда бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, шу жумладан оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари фақатгина кузатувчи сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов кодекси”га кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловга, маҳаллий Кенгашларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Чет давлатларнинг, улар жисмоний ва юридик шахсларининг ҳамда халқаро ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан сайловни молиялаштириш ҳамда номзодлар ва сиёсий партияларни моддий жиҳатдан бошқача тарзда қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар сайлов ўтказиш учун ўз маблағларини ихтиёрий равишда бериши мумкин. Бу маблағлар Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси жараёнида улардан фойдаланиш учун қабул қилиб олинади.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган эзгу ғоя асосида олиб боралаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари халқимизнинг қон-қонига сингиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокичиси бўлишга, “бир халқ, бир давлат ва бир Президент” атрофида жипслашишга замин яратди.

Бу кайфият ўз навбатида жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатиб, сайловчиларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, сиёсий партиялар вакилларининг ва бошқа сайловга алоқадор бўлган мутасаддиларнинг коституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказишда фаол иштирок этишига ва энг муҳими юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этадиган муносиб номзодлар учун овоз беришда иштирок этишларига хизмат қилади.

Дилмурод Иззатов,
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилояти ҳудудий бўлими раҳбари

Report Page