Дуо...

Дуо...

t.me/dardimga_davo_izlab_uz

Шайх Муҳаммад Ҳассон Масжиди Ҳаромда ўзлари гувоҳ бўлган бир воқеани шундай ҳикоя қилади: “Саф оралаб, Каъба томон кетаётган эдим, ўнг тарафда дуо қилиб ўтирган бир киши диққатимни тортди. У қўлларини баланд кўтариб дуо қилишидан енги елкасигача тушиб, қўлтиқлари кўриниб турар эди. Йиғлаб, титраб дуо қилишидан унинг қанчалик ҳокисорлиги, қалб тўридан дуо қилаётгани билиниб турарди. Унинг хушуъсини бузгим келмади, бир саф ортида тўхтаб, икки ракаат намоз ўқидим. Намозни тугатиб, унга қараганча ўтирардим. Одамнинг суратидан менинг ҳам қалбим титраб, йиғлай бошладим. У жуда узоқ дуо қилди. Бу орада орқа сафдан кўриниши Ҳарам аҳлига ўхшайдиган бир киши саф оралаб олдинга талпиниб қолди. Бир-икки қадам юриб, ортга – ҳалиги одамга қаради ва ёнига келиб, унга салом берди. У эса Парвардигорига илтижо қилиш билан шу даражада машғул эдики, ҳатто саломни ҳам эшитмади. Салом берган киши чўнтагидан бир даста пул чиқариб, дуо қилаётган одамнинг қўйнига қўйдида, йўлида давом этди. Дуогўй буни ҳам илғамади. Орадан бироз вақт ўтиб, қўлини туширди ва қўйнидаги нарсага қаради. Аввалига бир жилмайди кейин яна йиғи тутиб, қўлларини дуога кўтарди.


Мен унга тикилиб ўтиравердим. Кейин дуодан фориғ бўлгач, олдига бордим. Салом бериб, пешонасидан ўпдимда, йиғлаб:


— Аллоҳ хайрингни берсин, айбга буюрма, менга шу жараён ҳақида айтиб берсанг. Шояд, мен учун бир унутилмас дарс бўлса. Худо ҳаққи, айт, нималар бўлди ҳозир? Сен Аллоҳга нима деб дуо қилдингу, нимага эришдинг?” — дедим. У шундай жавоб берди:


— Ўғлим! Аллоҳга қасамки, бу ерга келар эканман, менинг ғам-ташвишларим ва барча муаммоларимнинг ягона аритувчиси фақатгина Аллоҳ таоло деган эътиқодда эдим. Аллоҳга қасамки, шу пайтгача Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан бирор ҳожатимни сўрамадим. Бу сафар ҳам Унинг байтига келиб, Ўзига зорландим: Аллоҳим! Мен сенинг байтингдаман ва фақат Сендангина сўрайман! Озинг биласан, сендан бошқа ҳеч кимга зорланмадим. Эй Парвардигорим, мени ёрдамсиз қолдирасанми?! Мени зое қиласанми?! – дедим. – Ўглим деди, гапида давом этиб – Аллоҳ таоло менга сўраганимдан уч карра ошиғини берди!”


Азизлар! Ким Аллоҳга таваккул қилса, Ўзи у бандага кифоядир. Ким Аллоҳни лозим тутса, нажот топади, ким ишини Аллоҳга ҳавола қилса, Ўзи тўғри йўлга бошлайди.


Ҳадиси қудисийда Аллоҳ таоло шундай дейди:


“..Эй бандаларим! Мен ҳидоят берганларимдан ташқари ҳаммангиз гумроҳсиз. Шундай экан, Мендан ҳидоят сўранг, сизларни тўғри йўлга солайин.

Эй бандаларим! Мен ризқлантирган одамлардан бошқа барчангиз очсиз. Шундай экан, Мендан ризқ сўранг, сизларни тўйдирайин.

Эй бандаларим! Мен кийдириб қўйган инсонлардан бошқангиз яланғочсиз. Шундай экан, Мендан кийим-бош сўранг, сизларни кийинтириб қўяй.

Эй бандаларим! Сизлар кечаю кундуз хато (гуноҳ) қиласиз. Мен эса бутун гуноҳларни кечгувчиман. Шундай экан, мағфират сўранг, сизларни кечирайин….” (Имом Муслим ва имом Термизий)

┈•┈•┈•┈•❁❄️❁•┈•┈•┈•┈•

Ikrom Sharif таржимаси

Report Page