ДУНЁ

ДУНЁ

@ISLAH_UZ журнал

Дунё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, кенг қулоч ёзди. Аммо у зот уни қўллари ила кўкрагидан итардилар. Ундан сўнг эса у саҳобаларга юзланди. Улардан баъзилари ҳам ҳудди шундай қилдилар. Уни ўзларидан нари қилдилар. Булар кўпчиликни ташкил қилмас эди. Айрим инсонлар эса дунёдан: "Сенинг қўлингда нелар бор?", деб сўрдилар. У: "Менда ҳалол, шубҳали, макруҳ ва ҳаром нарсалар бор", деб жавоб берди. Улар: "Бизга ҳалолини бер, қолганига эса эҳтиёжимиз йўқ'', дедилар ва ундан ҳалол нарсаларни олдилар. Сўнгра дунё улардан кейин келганларга рўбару келди ва улар ундан ҳалол нарсаларни қидирдилар, аммо тополмадилар. Улар дунёдан шубҳали ва макруҳ нарсаларни талаб қилишни бошладилар. Дунё эса уларга жавобан: "Сизлардан олдингилар уни олиб бўлди", деди. Шунда улар: "Ҳаром нарсаларни беравер", деб, уни олишди. Улардан сўнг келганлар эса дунёдан ҳаром нарсаларни талаб қилдилар. Аммо у: "Ҳаром нарсалар, адолатсиз золимлар қўлидадир. Улар уни олиб кетдилар ва ёлғиз ўзлари эгалик қилмоқдалар", деди. Улар буни эшитиб, ҳаромга эгалик қилиш учун, турли ҳийлалар, найранглар хушомад ва таҳдидларни ишга солдилар. Қайси бир қўли гуноҳга ботган банда ҳаромга қўл узатмасин, ўзидан кўра бетавфиқроқ бўлган бир инсон, ундан ўзиб, унга эгалик қилиб бўлган бўлади. Ваҳоланки уларнинг ҳар-бири бу дунёга меҳмон, қўлларидаги нарса эса, вақтинчаликка олинган эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг сўзи ҳам бунга далил. У киши айтади: "Ҳар-бир инсон бу дунёга меҳмондир. Қўлидаги мулки унга вақтинчалик берилган омонатдир. Меҳмонни эса бир куни кетиши бор. Олинган нарсани ҳам қайтариб бериш лозим бўлади". 

Ибн Жавзий роҳматуллоҳи алайҳ.

Манбалар асосида Поп тумани «Муҳаммаджон қори» жоме масжидининг имом-хатиби Қодиржон Умурзаков тайёрлади

Report Page