“Миннатдор Бухоро шаҳридан Искандар Салис нишони” ордени кимларга берилган?

“Миннатдор Бухоро шаҳридан Искандар Салис нишони” ордени кимларга берилган?

Buxoro.uz

Амирликда орден ва кўкрак нишонининг таъсис этилиши 1868-йил Бухоро амирлиги устидан Чор Россияси мустамлакасининг ўрнатилиши воқеаси билан боғлиқ тарихий жараён ҳисобланади. Ушбу воқеадан сўнг Чор Россияси ҳукуматида мавжуд бўлган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ўзгаришлар тизими секин-аста амирлик ҳукумати бошқарувига кириб келди ва қўлланила бошланди. Хусусан, шу даврларда Бухоро амирлигида кўрсатилган хизматлар учун кўкрак нишони ва фахрий унвон жорий этилди. Унга қадар амирликда мукофотлаш тизими бўлмай, давлат олдидаги хизматлари учун фуқаро ва амалдорларни рағбатлантириш сифатида уларни шарқ удумлари бўйича қимматбаҳо буюм, ер-мулк, зарбоф тўн (чопон) ва бошқалар билан тақдирлашган.

Амирликда биринчи орден амир Музаффар томонидан 1881-йилда жорий этилган бўлиб, ﻨﻳﺲﺍﻨﻰ ﺪﺮﺍﻭﺱﺴﻞﺗﻨﺗﻰ بجارای شریف)) – “Нишоне дар-ус салтане Бухорои шариф” – “Бухорои шариф давлати олдидаги хизматлари учун нишон” деб номланган. Мазкур нишон фақат юлдуз кўринишида бўлиб, унда бирон белги бўлмаган. Манбаларда бу орден кўп ҳолларда “юлдуз” баъзан эса “Бухоронинг нурли юлдузи” сифатида тилга олинади.

Кейинги кўкрак нишонлари аввалгисидан фарқ қилади. Масалан, уларда ташқи кўриниш, рангдаги ўзгаришлар, араб алифбосида амирнинг ҳокимият тепасига келган (ҳижрий йил) санаси ва бошқалар шулар жумласидан.

II-даражали “олтин юлдуз” қуйидаги кўринишга эга бўлган: орден кўк рангда, саккиз қиррали нур таратаётган юлдузнинг ўртасида ярим ой юқорига қараган ҳолда тасвирланган. Унинг атрофида тилла нақшли араб алифбосида “Нишони дар-ус салтани Бухорои шариф” – “Бухорои шариф давлати олдидаги хизматлари учун нишон” ва ҳижрий сана кўрсатилган. Бундай орденларнинг барчаси бу вақтда тангалар қатори Бухоро зарбхоналарида тайёрланар эди. Маълумотларга кўра, халқ орасида қизил юлдуз деб номланган кўкрак нишони амир томонидан қизил юлдуз эмас, балки “Бухорои шариф нишони” деб тилга олинган.

Бухорода дастлабки ордени билан, аввало, Россия императори Александр II тақдирланган бўлса, император ҳам, ўз навбатида, миннатдорчилик тариқасида амирга “Святая Анна” – “Муқаддас Анна” орденини юборади.

1882-йилда Бухоро армиясининг бир неча зобитлари ушбу кўкрак нишони билан тақдирланган. Бироқ амир аввалига Чор Россияси фуқароларини бундай кўкрак нишонлари билан тақдирлашга эҳтиёткорлик билан ёндашган. Амир Музаффар вафотидан сўнг тахт вориси Амир Абдулаҳад 1885-йилдан бошлаб “олтин юлдуз” кўкрак нишон билан рус зобитларини ҳам тақдирлашга кенг тус беради. Аммо рус зобитлари ушбу нишонни қабул қилсалар-да, 1893-йилгача уни ҳар доим ҳам тақиб юришмаган. Улар фақатгина амир қабулига кирганларидагина ушбу кўкрак нишонини тақишган.

Амир Абдулаҳад даврида давлат нишонлари кўриниши ва ясалишига кўра 8 даражага етган: шундан 3 олтин, 3 кумуш ва 2 таси энг юқори даражали бўлиб, бриллиант ва олмос билан безатилган “олтин юлдуз” кўкрак нишонлари эди. Амир ўзининг кундалигида қайд этишича, бу каби орденлар билан император оила аъзоларидан тортиб, то газета мухбирларига қадар жами 150 дан ортиқ киши тақдирланган. Бухорога келган ҳар қандай рус зобити, Бухоро билан савдо-сотиқни йўлга қўйган савдогар ва амалдорлар ҳам ушбу нишон билан тақдирланаверган.

ХХ аср бошларига келиб кўкрак нишони билан тақдирлаш шу даражага бориб етдики, амирликда бу нишон билан тақдирланмаган бой ва давлат хизматчиси қолмаган.

1893-йилда бу нишон янгиланди ва Чор Россиясида бўлгани каби мукофотлаш тартибида кўрсатилганидек, нишон белгиси ва лентаси жорий этилди. Ушбу орден аввалгиларидан мутлақо фарқ қилган. Масалан, II-даражали орден Абдулаҳад томонидан 1890-йилларнинг охирларида таъсис этилган бўлиб, у “Бухоро давлати тожи” деб аталди. Бу орденнинг кўриниши шундан иборат эдики, нишоннинг марказида ҳаво рангли айлана бўлиб, нур таратаётган юлдуз ва олмос билан безалган. Бунда олмослар сони тўрттани ташкил этган.

Кейинроқ 1905-йилдан эътиборан амирликнинг бундай кўкрак нишонлари Чор Россиясининг заргарлик фирмалари томонидан ясала бошланган.

1906-йилдан эътиборан “Эдуард” номли машҳур фирма амирликнинг нишонларини ўзининг фирма белгиси остида чиқара бошлаган.

1898-йил Бухорода Александр III хотирасига бағишлаб “Искандар Салис” “Александр қуёши” номли орден таъсис этилди. Ушбу орден билан фақатгина юқори мансабдаги рус амалдорлари тақдирланди.

“Александр қуёши” соф тиллодан ишланиб саккиз қиррали кичик юлдуз шаклида эди. Унинг марказида айлана бўлиб, айланада учбурчак шаклидаги “А” ҳарфи тўртта брилиант асосида тасвирланган. Шунингдек, унинг ёнида араб рақамида 3 сонини ва “Миннатдор Бухоро шаҳридан Искандар Салис нишони” ёзувини кўриш мумкин эди. Нишонда лента мавжуд бўлиб, унинг ранги қизил, қора, оқ ва кўк чизиқлардан иборат бўлган.

Бухоро амирлигида юқорида келтирилган нишонлардан ташқари кичик даражадаги олтин, кумуш ва бронзадан ясалган нишонлар ҳам мавжуд бўлиб, улар қуйидагича бўлган:

I – даражали нишон – 8 бурчакли тилла ва унинг қизил лентаси мавжуд бўлиб, бўйинга тақиб юриларди.

II – даражали нишон – доира шаклида олтиндан ишланган бўлиб, лента орқали кўкракка тақиларди. Кейинчалик ушбу нишон устига тилла суви юритилган (тежаш мақсадида бўлса керак) бронзадан ясала бошланган.

III – даражали нишон – асосан кумушдан иборат бўлган.

1915-йилда амир Олимхон томонидан томчи кўринишда “1915-1916-йиллардаги урушга қатнашган хизматчиларга “Миннатдор Бухородан” деб аталувчи янги нишон жорий этилди. Бу нишон билан ҳарбий хизматга чақирилган бухороликлар тақдирланган.

Report Page