Ҳисобварақ-“счёт фактура” ҳам қонуний бўлсин ёхуд юк ташишда ҳам тартиб-қоида бор !

Ҳисобварақ-“счёт фактура” ҳам қонуний бўлсин ёхуд юк ташишда ҳам тартиб-қоида бор !

Buxoro.uz
Buxoro.uz

Баъзи ҳолларда яратилган шарт-шароит ва берилган енгилликларга қарамасдан, айрим “тадбиркор”лар томонидан қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қочиш мақсадида, товар-моддий бойликларини нақд пулда реализация қилиб, юклаб жўнатилган товарларга ҳисоб варақ-фактуралар расмийлаштирмаслик ёки номига, фақат йўл ҳужжати ўрнида расмийлаштириб, кейинчалик уларни солиқ ҳисоботларидан яшириш ҳолатлари кузатилмоқда. Вилоят Ички ишлар, Солиқ ҳамда департамент бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилаётган назорат тадбирларида ҳам шу каби қонунбузилиш ҳалатлари қайд қилинди.

-Бухоро вилоятига асосий товар оқими Ғиждувон туманининг “Сармижон” пости орқали кириб келади,-дейди вилоят ДСБ масъул ходими Б.Қудратов. - Шуни инобатга олиб, ҳар бир юк автомашинасида ташилаётган юкнинг юк хатини текширганимизда, товар-транспортнинг юк хати расмийлаштирилмагани яққол кўринди. Қонунбузилиш ҳолатлари асосан йирик миқдордаги товар айланмаларини амалга ошираётган субъектлар (диллерлар, улгуржи база ва ишлаб чиқарувчилар) томонидан содир этилаётгани давлат бюджетига катта зарар етказмоқда.

Жорий йилнинг 12 августидан шу кунга қадар “Сармижон” пости орқали вилоятга 478 та ҳисобварақ-фактура орқали 25 миллиард 200 миллион сўмлик товар олиб ўтилган. Бу маҳсулотлар асосан 2,3 миллиард сўмлик товуқ гўшти ва колбаса маҳсулотлари, 2,6 миллиард сўмлик хўжалик моллари, 5,5 миллиард сўмлик салқин ичимликлар ва алкоголь маҳсулотлар, 2,2 миллиард сўмлик дори-дармон ва 5,7 миллиард сўмлик қурилиш моллари.

Бундан ташқари, 127 та ҳолатда 8 миллиард сўмлик товар-моддий бойлик ҳеч қандай ҳужжатсиз, автомашиналарда пост орқали олиб ўтилган. Ҳисоб-китобларга кўра вилоятга ҳужжатсиз кираётган товарлар ва товарларни реализация қилиш натижасида кунига ўртача 200 миллион сўм, ойига эса 6 миллиард сўм солиқ тушуми йўқотилаётгани аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 1251-моддаси 1- қисмига мувофиқ юк ташиш қоидаларини бузиш энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Айни кунда давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан пост орқали олиб кирилаётган товарларнинг юк-транспорт ҳужжатлари суратга олиниб, камерал назорат ўтказиш учун маълумотлар базаси шакллантирилмоқда. Ишчи гуруҳининг билдиришича, товарларни ташиётган ҳайдовчилар томонидан тақдим этилаётган юк хужжатлари ўрганганилганда, солиқдан қочишнинг “янги” усуллари “кашф” қилинаётгани аён бўлган. Мисол учун, фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорга Тошкент шаҳри ёки вилояти, Жиззах ёхуд Самарқанд вилоятларидан товар жўнатилмоқда. Аниқроқ айтганда, Бухоро туманидан рўйхатдан ўтиб, Бухоро шаҳар И.Мўминов кўчаси (ОPTOVIK.UZ дўкони)да фаолият юритган якка тартибдаги тадбиркор “АХМЕДОВ ОЛИМ ГАДОЕВИЧ” 2019 йил 27 февраль куни ўз фаолиятини тўхтатган. Шунга қарамай, у Тошкент шаҳридаги “MILL MAX GROUP” МЧЖ томонидан 2018 йил 25 сентябрдаги 98-сонли шартномага асосан, жорий йил 17 августь куни 827-сонли счёт фактура орқали 93,3 миллион сўмлик «Мўътабар» ёрлиғи битилган ун маҳсулотини қабул қилиб олган.

Яна бир ҳолат. Юк Бухоро вилоятига кириб келаётган бўлсада, юк-транспорт ҳужжатларида юк қабул қилувчи субъект ва унинг манзили бошқа вилоятдалиги кўрсатилган.

Тошкент вилоятидаги “Узметкомбинат”АЖ томонидан 2019 йил 12 августда расмийлаштирилган 27918-сонли счет фактурага асосан 29,9 миллион сўмлик хўжалик буюмлари Сирдарё вилоятидаги “Гулистон Идеал безнес” МЧЖга юклаб жўнатилган бўлсада, ушбу товар Ғиждувон туманидаги “Марказий деҳқон бозори”да фаолият кўрсатаётган якка тартибдаги тадбиркор Раҳимов Наби Ҳомидовичга етказиб олиб келинган.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида 2018 йил ноябрь – 2019 йил июнь ойларида электрон ҳисобварақ-фактураларни (ЭҲФ) расмийлаштириш бўйича тажриба ўтказган эди. Унинг натижалари маъқулланиб, Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги «Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, жумладан вилоятимизда барча хўжалик юритувчи субъектлар учун 2019 йил 1 июлдан бошлаб (ЭҲФ) электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш ихтиёрий, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса мажбурий эканлиги кенг тушунтирилмоқда. Эътиборлиси, бундан мақсад вилоятга автотранспорт воситалари орқали ноқонуний равишда товарлар олиб кириш ҳамда вилоятдан олиб чиқиш ҳолатларининг олдини олишдир.

Баҳодир Файзиев,
Бухоро вилояти ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи


Report Page