Тадбиркорлик маркази – хотин-қизларга қўл-қанот

Тадбиркорлик маркази – хотин-қизларга қўл-қанот

Buxoro.uz
Buxoro.uz

Шофирконлик Хосият Абдуллаева ўзининг тикув цехи самарадорлигини оширишда қулай имкониятга эга бўлди. Бу ҳақда кейинроқ...

Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, турмуш фаровонлигини яхшилашга кўмаклашиш долзарб вазифалардан. Бу борада уларнинг бандлигини таъминлаш, қолаверса, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш ҳам алоҳида ўрин эгаллайди.

Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам мазкур йўналишда қатор вазифалар белгилаб берилган. Ушбу қарорга мувофиқ, Бухоро вилоятида нодавлат нотижорат ташкилоти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ташкил этилди.

– Бизнес инкубатор шаклида фаолият юритадиган Марказимиз олдига хотин-қизларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирокини янада фаоллаштириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш каби қатор вазифалар қўйилган, – дейди марказ директори Наргиза Латипова. – Кўриниб турибдики, ишлар кўлами жуда кенг. Бу эса масалага мажмуавий ёндашишни талаб этади. Иборани оддий тилда тушунтирадиган бўлсак, биз ишбилармонлик фаолиятини бошлаётган хотин-қизларга бошланғич тадбиркорлик билимларини бериш баробарида, уларнинг ишга киришиши, имтиёзли кредитлар олиши ҳамда бандлик масалаларида амалий ёрдам ҳам кўрсатамиз.

Ишбилармон ўз соҳасининг барча сирларини билиши, бунда бўшлиқ бўлмаслиги керак. Шунинг учун ҳам марказда банк, статистика, солиқ, божхона ходимлари томонидан махсус дастур асосида олиб бориладиган ҳафталик ўқув машғулотларида бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётир.

Buxoro.uz

Соҳанинг тажрибали вакиллари тингловчиларга бизнес-режа тузиш, банк кредити олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш, бухгалтерия-ҳисоб китоблари, солиқ тўловларини амалга ошириш, экспорт ва импорт амалиётлари бўйича билим ва тушунчаларини ўргатади.

Ўқувга жалб қилинган хотин-қизларнинг олган билим ва кўникмалари нафақат савол-жавоблар, балки амалий машғулотлар орқали ҳам синовдан ўтказилади. Якунда 60 ва ундан юқори баллга эга бўлган тингловчиларга сертификат топширилади. Бу ҳужжатнинг нима аҳамияти бор дерсиз?. Гап шундаки, сертификатга эга бўлганлар ўз бизнес лойиҳаларини Республика Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан бериладиган имтиёзли, яъни йиллик 8 фоизли кредитлар ҳисобига амалга оширади.

Сертификатга эга бўлмаганлар ҳам марказ эътиборидан четда қолмайди. Улар ўз иқтидорига мос келадиган йўналишда қайта ўқитилади.

Buxoro.uz

Марказ Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 июндаги “Бухоро вилоятини хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида намунали ҳудудга айлантириш чора- тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашда ҳам ўз ўрнини топаётир.

Марказда ўқув машғулотлари олисда яшаётганлар учун қулай бўлиши назарда тутилиб, Бухоро шаҳридан ташқари аниқ жадвал асосида вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам ташкил этилмоқда. Қисқа вақт мобайнида Марказ томонидан 369 нафар аёл тадбиркорлик йўналишида ўқитилди. Уларнинг 252 нафарига юқорида тилга олинган жамғарма маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредит берилди. Бу эса ҳар бир тадбиркорга 3 нафардан 50 нафаргача ишчи ўрни яратишда қўл келди.

Buxoro.uz

– Тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама қўллаб- қувватланмоқда, – дейди Шофирконлик ишбилармон Хосият Абдуллаева. – Буни ўз тажрибам мисолида ҳис этаяпман. “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурига мувофиқ, тижорат банкидан ажратилган 18,3 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига 6 та замонавий тикув машинаси олиб, “Хосият” тикув цехини ташкил этган эдим. Фаолиятимни кенгайтириш ва кийим-кечаклар сифатини яхшилаш ҳамда ишчиларимизга янада қулайлик яратиш мақсадида вилоят Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази кўмагида республика Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондидан тижорат банклари орқали ажратилган маблағлар ҳисобидан 29,7 миллион сўм кредит олдим. Унга 4 тикув машинаси ва хориждан юқори аниқликда бичим оладиган “parovoy maniken”ларни харид қилдик. Ҳозир цехимизда чекка қишлоқларда яшовчи 10 нафар қиз иш билан таъминлаган.

Когон шаҳридан Дилсора Ибрагимова ҳам 30 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит олиб, “Бегойим” хусусий корхонасида шифобахш гиёҳлар ёрдамида аёлларни турли касалликлардан фориғ қилишга ёрдам берадиган фитобочка хизматини йўлга қўйди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Buxoro.uz

Шунингдек, Марказ 97 нафар ишбилармон хотин-қизга минитехнологияларни харид қилиш ҳисобига ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини кенгайтириш учун “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатди.

Марказ тадбиркорлик фаолиятини бошлаган хотин-қизларнинг ҳам яқин мададкорига айланмоқда. Уларга жаҳон стандартлари асосида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, бозорни тўғри танлай билиш, маҳсулот сифатини яхшилаш бўйича маркетинг сабоқлари берилмоқда.

Buxoro.uz

Хотин-қизларни касбга ўқитишда Марказнинг қатор давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик ўрнатилгани ҳам эътиборга молик. Хусусан, унинг ташаббусига кўра, 180 нафардан зиёд хотин-қизлар касбга тайёрлаш икки ойлик ўқув курсига жалб этилиб, тикувчиликни ўрганди. Уларга вилоят бандлик бош бошқармаси ва унинг туман ҳамда шаҳарлардаги аҳоли бандлигига кўмаклашувчи марказларининг жамғарма маблағлари ҳисобига стипендия ва ўқитишга жалб қилинган усталарга эса иш ҳақи тўланди. Улар Қоракўл ва Пешкў туманларида янги ташкил қилинган ҳамда замонавий инновацион тикув машиналари билан жиҳозланган йирик тикувчилик цехларида меҳнат қилишяпти.

Марказ раҳбарияти тузилманинг хизмат доирасини кенгайтиришнинг янги режалари устида ишлаяпти. Масалан, яқин истиқболда ёш тадбиркорларни хорижда малакасини ошириш кўзда тутилмоқда.

Эркин Ёдгоров

Report Page