Донор бўл - хаётни асра! 

Донор бўл - хаётни асра! 

Азиз Илхамович

Қон – тириклик манбаи. Кундалик ҳаётимизда унинг аҳамияти ҳар доим ҳам сезилмайди. Аммо исталган касалхонага киринг, буткул бошқа оламга тушасиз. Мана шу томирларингизда беминнатгина оқиб турган қоннинг бир қатрасига муҳтожларни кўрасиз. Улар орасида ҳаётимиз мазмуни бўлган қоракўзлар – болажонлар борлиги эса борлиғингизни ағдар-тўнтар қилиб юборади.

Қон хасталиклари, жумладан, оғир даражадаги камқонлик, қон саратони (лейкоз), қон ивиш тизими ишининг бузилиши (гемофилия) каби касалликлар билан оғриган болалар, албатта, донорлар кўмагига муҳтож. Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида ҳам шу турдаги касалликлар билан оғриган болалар қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсонлар – донорлар мурувватидан баҳраманд бўлмоқда.

"Ёшлар" ойлиги доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда 14 июнь - "Халқаро Донорлик куни" муносабати билан "Эзгулик албатта қайтади" шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилмоқда. Мазкур акцияда Тошкент шаҳрида жойлашган барча ҳарбий қисмлардан иттифоқнинг фаол аъзолари иштирок этиб, касал хамюртларига ёрдамини аямадилар.

Мазкур жараёнда фаол бўлган барча иштирокчиларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бадиий китоблар ва қизил ленталар топширилди. Мазкур акциядан кўзланган асосий мақсад беморларнинг умрини бир кун бўлса ҳам узайтиришдан иборат! Тошкент шаҳри бўйлаб Республика Қон қуйиш Маркази Қон препаратлари илмий ишлаб-чиқариш корхонаси ҳамда Гематология ва Қон қуйиш илмий тадқиқот институтида 12 июнь куни 400га яқин ватан ҳимоячилари иштирок этди. Акция 14 июнга қадар давом этади. Сен ҳам ўз ҳиссангни қўш!

#umid_rishtalari

Report Page