Суперлига: "Бухоро" "Бунёдкор" майдонида дуранг қайд этди

Суперлига: "Бухоро" "Бунёдкор" майдонида дуранг қайд этди

Buxoro.uz

Бугун Ўзбекистон Суперлигаси 21-туридан ўрин олган баҳсда “Бухоро” Тошкентда "Бунёдкор" меҳмони бўлди. Ўйиннинг дастлабки дақиқаларида майдон эгалари ташаббусни ўз қўлларига олиб, тўпни назорат қила бошлашди. Учрашувдаги биринчи хавфли вазият “Бунёдкор” футболчилари томонидан уюштирилди. Ўйиннинг 10-дақиқаларида Санжар Қодирқуловнинг 21 метрлардан йўллаган зарбасига бироз аниқлик етишмади. Биринчи бўлимнинг қолган дақиқаларида меҳмонларда ҳам ҳисобни очиш учун бир қанча вазиятлар бўлди. Аммо шу кун ҳисобни очиш тошкентлик футболчиларга насиб қилди. Учрашувнинг 40-дақиқасида Жавоҳир Қаҳрамоновнинг тўп узатишидан кейин Миржаҳон Мираҳмадов  Раҳимжон Давронов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди. 1:0. Шу ҳисоб билан жамоалар танаффусга йўл олишди.

Иккинчи бўлим бошида бухороликлар ҳужумларга зўр бериб, омадларини рақиб жарима майдони ичидан қидира бошлашди. Бир қанча уринишлардан сўнг Муҳсин Муҳаммадиев шогирдлари жарима тўпи тепиш имконини қўлга киритишди. 54-дақиқада “Бухоро” жамоасининг легионер ўйинчиси Липартия жарима тўпини амалга оширди, Абдумавлон Абдужалиловнинг хатосидан сўнг Милован Капор тўпни дарвоза ёнига йўллади, Жамолиддин Убайдуллаев бўш дарвозани ишғол қилди. 1:1. Ушбу ҳисоб учрашув якунига қадар ўзгармади. “Бухоро” жамоаси 21-турдан сўнг  очколари сонини 19 тага етказиб олиб, турнир жадвалида хавфли ҳудуддан бироз узоқлашди. Эслатиб ўтамиз, 22-турни  “Бухоро” жамоаси сафарда Тошкентнинг бошқа бир жамоаси “Локомотив”га қарши ўтказса, “Бунёдкор” ўз уйида “АГМК”ни қабул қилади.

Report Page