Қоракўл: ҳоким билан бир кун!

Қоракўл: ҳоким билан бир кун!

Buxoro.uz

Ёшлар билан ишлашда Қоракўл туманида ноодатий ва янгича талқинга қўл урилди. Туман ҳокими Ҳусниддин Ғойировнинг ёшлар билан учрашуви ҳудудда ўндан ортиқ ишлаб чиқариш ва маданий-ижтимоий иншоотга сайёр сафар тарзида ташкил қилинди. Учрашув аввалида ёшлар туманнинг бунданда янгиланиши ва ривож топишини ният қилиб ҳокимлик майдонига ниҳоллар ўтқаздилар. “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида 60 нафардан ортиқ йигит-қиз кунини туман ҳокими ва мутасаддилар билан ўтказди.

Учрашувга асосан ишсиз ва уюшмаган ёшлар жалб қилинганлиги сабабли уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ташаббускорлигини уйғотиш мақсадида Давлат хизматлари марказига ташриф буюрилди. Бу ерда ФҲДЁ, Адлия, Халқ қабулхонаси, Бош Вазир қабулхонаси ва Давлат хизматлари маркази масъуллари билан мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олдилар.

Тадбир “сценарийси”га кўра ёшларни ташвишга солиб келаётган бандлик масаласида тегишли бўлим маъмурий идорасида ҳам мутасаддилар билан очиқ мулоқот ташкиллаштирилди. Ёшлар ҳудуддаги корхона, ташкилот ва муассасаларда мавжуд бўш иш ўринлари билан яқиндан танишиш, ўзларига маъқул ишни танлаш имкониятига эга бўлдилар. Сўнгра Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимида оила ва никоҳ муносабатларига оид кенг маълумот берилиб, ёшларга ўтган йилдаги фаолият ҳисоботи уюштирилди. Оила ва турмушга енгил қарашнинг салбий оқибатлари ҳақида сўз борди. Бўлғуси келин-куёвларга никоҳга, ўз тақдирига жиддий қараши лозимлиги уқдирилди. Дарвоқе, шу куни йигит-қизлар хайрли воқеага гувоҳ ҳам бўлдилар. Ҳар турли сабабдан келиб чиққан  тушунмовчиликлар оқибатида ажралиш ёқасига келиб қолган Раҳмоновлар оиласи жамоатчилик аралашуви, томонларнинг якдил қарорига мувофиқ яраштирилди.

Ёшлар вакилларидан бири Зуҳрахон Жўраева тикувчилик ва қандолатчиликка ихтисослашган “Асал-Малак” оилавий корхонасини ташкил этиш, Сардорбек Эргашев ҳудудида спорт мажмуаси қуриш учун, Сардор Неьматов ва Рамзиддин Эргашевлар чорвачиликни ривожлантириш мақсадида эканликларини билдириб,  давлат хизматлари марказидан якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги гувоҳнома ва тадбиркорлик муҳрини қўлга киритдилар.

Уларга кадастр хизматлари кўрсатилиб, ернинг ижара шартномалари тузилди ва ҳар бир лойиҳа юзасидан тижорат банки бириктирилди.

Кейинги манзил Маданият маркази бўлди. Маьлумки, вилоят ҳокими Ў.Барноевнинг яқинда Бухоро туманида вилоят ёшлари билан учрашуви давомида қоракўллик ёшлар вакили 26-сонли умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Ҳулкар Хўжақулова томонидан ҳудудда “Ёшлар маркази” барпо қилиш таклифи илгари сурилганди. Мана шу таклиф туфайли Ёшлар Иттифоқининг Қоракўл туман кенгаши янги бинода иш бошлайдиган бўлди. Ёшлар ташрифи мазкур бинонинг тантанали равишда фойдаланишга топширилиш маросимига уланди. Марказда ташкил қилинган мусиқа тўгараклари, бадиий ва электрон кутубхоналар фаолияти билан яқиндан танишилди.

Шунингдек, ҳоким билан учрашув кун тартибига мувофиқ 40 дан ортиқ йигит-қиз “Халқаро математика биноси”да амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорликлар, ”Қоракўл чеварлари”, ”Асака текстил”, ”Кумуш калава” МЧЖлари каби саноат корхоналари фаолияти билан ҳам танишдилар. Қувонарлиси, шу ернинг ўзида мазкур корхоналарда ишлаш нияти туғилган ўнга яқин йигит-қизга меҳнат дафтарчалари очилгани унутилмас воқеа бўлди. Туман ҳокими гувоҳлигида улар билан меҳнат шартномалари тузилди.

Ҳудудда Корея технологияси асосида барпо қилинган замонавий иссиқхона нафақат ёшларни, балки катталарнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлди. Шу каби янгидан киришилган қатор лойиҳаларга қизиқиш билдирилди.

Бундан ташқари, машҳур курашчилар сулоласи Юсуповлар оиласи вакилларидан бири Нурмуҳаммад полвон раҳбарлигида ташкил этилган “Кураш маркази” ҳам ёш авлодда катта таассурот қолдирди. Бу ерда спорт ва соғлом турмуш тарзининг беқиёс фойдаси, Қоракўлдан етишиб чиққан машҳур полвонлар ҳақида гурунглашилди. Спортга бефарқ бўлмаганлар учун шу ерда полвонларнинг маҳорат дарслари намойиш этилди.

Қадимий Пойкент музейи, азал аждодлар макон тутган тепалик харобалари ёшларда ватанпарварлик, ўтмишдошларимиз билан фахрланиш туйғуларини қарор топтиришда катта аҳамиятга эга, албатта. Тарихдан хабардорлик ҳисси аввало барчани бу ҳаётда муносиб яшаб, яхши ном қолдиришга ундаши шубҳасиз. Янгиликка интилувчан, уз карашлари ва ташаббуслари билан максади сари дадил одимлаётган қоракўллик ёшлар ичидан ҳам келгусида ҳақиқий етакчи, тадбиркор ва ишбилармонлар етишиб чиқишига қатъий ишонч ва умид билдирилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати 

Report Page