deputat

deputat

@inom

Миграция аксар мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Ишчи кучига бўлган талаб билан боғлиқ муаммоларнинг доимий ўзгариб туриши давлатлараро меҳнат ресурсларини қайта тақсимлаш масаласига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бундан ташқари, аҳолисининг ўртача умр кўриш ёши ва меҳнатга лаёқатли қатлами сони камайиб бориши каби негатив оқибатлар ҳар қандай давлатда миграцияни ўрганишнинг устун сабаблари деб қаралади.

Яқин-атрофга назар соламиз. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги улкан масштабга эга ва ўта қизғин меҳнат миграцияси майдонидир. МДҲ давлатлараро статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2015 йилларда Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳудудида 7-10 миллион нафаргача одамлар ишга жойлашиш ва тирикчилик мақсадида давлатдан-давлатга ўтиб яшаб юрган бўлса, 2020 йилга келиб бу рақам 19 миллионга етган. Бунда, мигрантларни асосий қабул қилувчи давлат сифатида Россия Федерацияси қайд этилган.

Нафақат МДҲ, балки Марказий Осиёда ҳам ўзга хос ўрнига эга Ўзбекистон халқаро меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда зарур ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Айниқса, фуқароларнинг ташқи меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ қонунчилик нормаларини такомиллаштиришга, хорижда ишловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давлатлараро келишувларга эришилмоқда.

Ушбу масалалар эса ўз ўрнида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада мустаҳкамлаш йўлида миллий қонунчилик нормаларини жаҳоннинг замонавий андозаларига мослаштиришга йўл очмоқда.

“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини такомиллаштиришга туртки бўлаётган бир неча сабабларни келтириб ўтсам.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар хорижда иш қидираётган шахслардан ундирилиши натижасида хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиш ҳамда уларга моддий зарар етказиш ҳолатлари кўпайди.

Шу ўринда, 2019–2020 йилларда ташқи меҳнат миграцияси бўйича яратилган имтиёз ва шароитларни суиистеъмол қилишга уринишлар ҳақида ҳам тўхталсак. Ёдингизда бўлса, ўтган давр мобайнида 10 та хусусий бандлик агентликларининг раҳбар ва ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, улар томонидан 7123 нафар фуқарога 72,3 млрд. 888 млн. Сўм миқдорида моддий зарар етказилган ва бу зарар кейинчалик Ҳукумат томонидан қопланган эди.

Иккинчидан, хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга ишга жойлаштириш соҳасида кўрсатилган ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўланадиган ҳақ миқдорининг аниқ чегараси белгиланмаганлиги улар томонидан ушбу турдаги хизматларни кўрсатиш бўйича турли миқдордаги пул суммаларининг белгиланишига олиб келди.

Бундан ташқари, хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатга олиш ва бажарилишини назорат қилиш ҳамда мониторинг қилишнинг шаффоф механизми мавжуд эмаслиги улар фаолияти тўғрисида аниқ ва ҳаққоний маълумотларнинг олиниши ва таҳлил қилинишига салбий таъсир кўрсатди.

Ваниҳоят, хусусий бандлик агентликларининг филиал ва ваколатхоналари тўғрисидаги маълумотларнинг мавжуд эмаслиги улар фаолиятини назорат қилиш ва ҳисобини юритишда кийинчиликларни келитириб чиқарди.

Кўриниб турибдики, хусусий бандлик агентликлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва улар фаолиятида турли суиистеъмолликларга йўл қўймаслик, фуқароларга етказилиши мумкин бўлган моддий ва мулкий зарарларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан ҳам соҳани янада такомиллаштиришга, шунингдек ислоҳотлар олиб бориш зарурлигини кўрсатди.

Бугунги кунда “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни Сенат томонидан маъқулланиб, Президент томонидан имзоланди. Мазкур қонун 3 ой ўтгач кучга киради.

Жаҳон Банки тарқатган маълумотларда меҳнат миграцияси билан боғлиқ бошқа муҳим жиҳат кўзга ташланади. У ҳам бўлса, миграцион жараённинг ишчи кучи юборувчи мамлакатлар иқтисодиётига сезларли таъсири. Масалан, МДҲ таркибидаги тўрт мамлакат четдаги ўз фуқароларининг пул жўнатмалари хажмига кўра, дунёнинг кучли ўнталиги қаторига кирган. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Масалан, 2015 йилда хориждаги (айнан МДҲ мамлакатларида юрган) ўзбекистонликлар жами 3,0 млн. Нафар атрофида бўлиб, улар юборган маблағлар 3881,0 млн. АҚШ доллари (10,9 трлн. сўм)ни ташкил қилган бўлса, 2019 йил охирида МДҲдаги ташқи меҳнат мигрантларимизнинг умумий сони 2,5 млн. Нафарни ташкил этсада, улар томонидан 6009,7 млн АҚШ доллари юборилган.

Лекин, бу нарса давлат миграциядан фойдаланиб қолиши керак, дегани эмас. Бу мутлақо хато бўларди.

Бу каби фактлардан фақат ташқи миграция сабаб ва оқибатларини баҳолаш, меҳнатга лаёқатли аҳоли ва уларнинг жорий жойлашув харитасини шакллантириш ҳамда прогноз қилиш учун зарур маълумот сифатида фойдаланилади, холос. Муҳими, мамлакатда ялпи ички маҳсулот улушининг ортиб боришида ташқи валюта жўнатмалари миқдор жиҳатдан жуда оз ва маълум ҳудудгагина тегишли бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиш керак. Хориждан юборилган пулдан фақат уларнинг оила аъзолари ва яқинлари фойда топади, давлат эмас. Яъни, ҳар қандай мамлакат учун ташқи меҳнат миграциясидан келадиган даромаддан кўра, маҳаллий иш ўринлари сонини ошириш ва мавжуд иш кучидан самарали фойдаланишга қаратилган сиёсат ортидан келадиган фойда афзал ҳисобланади.

Зеро, давлат учун меҳнат миграцияси масаласида ўз фуқаросининг тақдири, соғлиги ва улар оила аъзоларининг ҳам турмуш даражаси биринчи ўринда туради. Ўзбекистон худди шу йўлдан собитлик билан дадил боряпти.

Иномжон Қудратов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати

Report Page