deputat

deputat

@inomjon

Аммо, бир нарсага эътиборни қаратиш лозим. Ҳақиқат талаб қилувчилар сафига қўпорувчилар, нотинчликни келтириб чиқариб, шу баҳона ўзгаларнинг мулкини талон-тарож қилувчилар ҳам фойдаланиб қолишмоқда. Яъни, қонун бузилишига қарши курашда қонун бузилишларига йўл қўйилмоқда.

Худди шундай, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кечаётган муҳокамалар марказида бўлган  Андижон воқеасида Ички ишлар органлари сафида ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилувчилар борлигини кўрсатди, ушбу нохуш воқеа халқ нафратини уйғотгани кўриниб турибди. ИИВ нинг сал кечикиб бўлса-да, айбдорлар ИИБ сафидан бўшатилиб, терговга тортилганлиги ҳақидаги расмий баёноти чиқди, аммо, бундай халқ онгига салбий таъсир қилувчи долзарб воқеликда ҳар бир дақиқа муҳимлигини кўриб турибмиз.

Аслида, Чироқчи воқеасида айбдорлар жазоланганлигини кенгроқ ва очиқ-шаффоф кўрсатиш керак эди, чамамда. Бу фуқароларга ҳам, Ички ишлар органлари ходимларига қонун устуворлиги, жиноятга жазо муқаррарлигини яна бир бор эслатган,ноқонуний ҳатти –ҳаракатдан тийган бўлар эди.

Айтиш жоизки, бизнинг мамлакатимиз қонунчилигида ҳар бир жиноятга жазо муқаррарлиги белгилаб қўйилган, қонун олдида барча баробар. Аҳоли бугун ўз ҳуқуқини таниб олганлиги, ҳуқуқий онг ва маданияти шаклланиб бораётганлиги, фуқароларимизнинг бундан 3-4 йил илгариги фуқаро эмаслиги ижтимоий тармоқларда у ёки бу воқеа-ҳодисаларга бўлаётган муносабатлардан кўриниб турибди.  

Аммо, шуни айтиш жоизки, фуқароларимиз кўпроқ ўз муаммоларини ижтимоий тармоқларга кўтариб чиқишни афзал билмоқдалар. Ҳолбуки, жойларда бепул ҳуқуқий маслаҳат берувчи, халққа энг яқин кўмакчи сифатида ташкил этилган  адлия органлари, «Мадад» ННТ лар бор. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман вакиллари вилоятларда мавжуд. Қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотларимиз ижтимоий шериклик асосида ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқдалар.  Жамоатчилик назорати бугун шуларнинг зиммасида.

Ҳақсизликка дуч келганимизда, айниқса, яқин инсонимиз қурбон бўлганида албатта, кўзимизга дунё тор бўлади. Аммо, ҳар қандай ҳақсизликка қонуний курашган маъқул. Бу борада йиллаб, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилган, охир-оқибат адолат тикланишига эришган ҳамюртларимизни биламан. Бугунги кунда энг тўғри йўл ҳам шу.

Ҳақсизликка дуч келганда ҳуқуқ-тартибот органлари ва судларда фаолият кўрсатаётган барчани баробар бир элакдан ўтказиш – номақбул иш. Шу билан бирга, халқ орасида ғалаён кўтаришга чақириқ ҳам нотўғри йўлга бошлаш, демакдир. Бугун жон аччиғида фарёд чекаётган кишининг ортида туриб, нотўғри йўлга қадам ташлашга ундаётганлар шундоқ ҳам куйган инсоннинг яна бир маротаба қонунларни бузишига, бунинг оқибатида унинг ҳам тақдири синишига сабаб бўлади.

Энг тўғри йўл – ўзимиз ҳам, фарзандларимизнинг ҳам ҳуқуқий саводхонлиги борасида жон куйдиришимиздир. Ўз ҳуқуқини билган инсон ҳуқуқбузарликка йўл қўймайди. Қонуний курашади, қонун билан «тарсаки» уради.

 

Иномжон Қудратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Report Page