Эр бошига иш тушса этик билан сув кечар

Эр бошига иш тушса этик билан сув кечар

@inomjon

Сирдарё халқи чўлни Гулистонга айлантирган иродаси мустаҳкам халқ. Шавкат Мирзиёев.

Жорий йилнинг 1 май куни эрталаб Сардоба сув омбори тўғонининг емирилиши натижасида бир қисмидан сув сизиб чиқиши қишлоқ хўжалиги майдонларига зарар етказиши билан бирга сув омбори атрофидаги қатор аҳоли пунктларига ҳам жиддий зарар етказди. Албатта бу каби фавқулодда вазиятда биринчи навбатда саросимага тушиб қолган аҳолини хавфсиз бўлган ҳудудларга кўчириш (эвакуация) чораларини кўришдан иборат. Шу боис Давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан қўйилган вазифа ҳам сув босиш хавфи бўлган маҳалла ва қишлоқлардаги одамларни хавфсиз жойларга кўчиришга қаратилди.

         Сув тошқинидан талофат кўрган 11,5 минг аҳоли кўчирилди. Шунингдек, Сардоба ҳамда Оқолтин туманлари аҳолисининг сув босиш хавфи мавжуд ҳудуддаги қисмини  Жиззах вилоятидаги мактаб, коллеж биноларига жойлаштириш чоралари кўрилди. Мирзаобод туманининг сув омборига яқин жойлашган ҳамда  сув тошиш хавфи бўлган “Янгиовул” , “Дўнгариқ”, “Балиқчи” , “Ҳақиқат” , “Пахтаобод” “Беруний”, “Баҳористон” маҳаллалари аҳолиси вилоятнинг бошқа – Сирдарё, Сайхунобод, Боёвут, Гулистон туманлари, Гулистон ҳамда Янгиер шаҳарларига эвакуация қилинди.

         Тўғрисини айтсам, Мирзаобод туманининг юқоридаги маҳаллаларида ўтган болалик кезларим, у ерда бугунги кунда яшаётган дўстларимнинг аҳволи не кечар экан деган ўй-хаёл кўз ўнгимдан ўтдию, шу одамлар сингари мен ҳам бошида саросимага тушиб қолдим. Кейинчалик воқеа жойига Ҳукумат раҳбари бошчилигида барча мутасадди ташкилот раҳбарларининг етиб келганлиги, зудлик билан махсус комиссия тузилганлигини, вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама кўмак бериш чора-тадбирлари кўрилганлигини эшитиб кўнглим таскин топди, боз устига Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам ҳудудга етиб боргани, сув омбори дамбасидан сув чиқиши оқибатларини кўздан кечириб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаб бергани, айниқса Оқолтин тумани фаоллари ва оқсоқоллари билан учрашиб ҳамма куч воситаларни одамларни сарамжон қилишга, уларни уйларга жойлаштиришга, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ва шароит яратишга қаратилишини, шароит яхшиланмагунча биронта раҳбар Мен бош ҳеч қаерга қимирламаймиз деган гаплари қўрқув ва саросимага тушиб қолган одамларда ишонч ва руҳий куч пайдо қилди.

         Шунингдек, давлатимиз раҳбари бундай вазиятда энг катта нарса одамларимиз ўзларини қўлга олишлари, бу ҳеч ким кутмаган синов эканлиги, 2020 йил оғир келганлиги, аввал пандемия, Бухородаги кучли шамол оқибатидаги талофатлар, буларни барчасини сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб чидашимиз кераклиги, хозир хато қилишга хаққимиз йўқлигини, одамларни ваҳима қилдирмаслик, айниқса аёллар ва ёшларга эътибор қаратишни кучайтириш, биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмаслигини, хар бирига жойи ва шароити қилиб берилишини таъкидладилар.

         Тўғондаги сув тошқинини бартараф этишга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар, қурилиш таъмирлаш ташкилотлари, ҳуқуқ-тартиботот идоралари ва бошқа хизматлар мутахассислари сафарбар этилганлиги ва улар томонидан кўрилган тезкор ва оқилона чора-тадбирлар натижасида тўғондан сув чиқиши тўхтатилди, Тошган сув оқими Оқолтин туман ҳудудидан ўтувчи Абай каналига тушуриш орқали, Жиззах вилоятининг Арнасой кўлига йўналтирилди.

         Бизнинг бағри кенг танти халқимиз, бунданда оғир синовли кунларни сабр ва матонат билан енгиб ўтган, вилоятимиз одамларининг ҳам мана шундай мураккаб ва оғир дамларда иродаси мустаҳкам, матонат ва қатият каби яққол фазилат соҳиби эканликлари намоён бўлди. Зеро, Сирдарё халқи чўлни Гулистонга айлантирган иродаси мустахкам халқ.

Иномжон Қудратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 


Report Page