ТОШКЕНТДА ЯШАШ ШУНЧАКИ ҲАВАС ЭМАС, ёхуд фуқароларнинг эркин кўчиб юриш ҳуқуқи тикланадими?

ТОШКЕНТДА ЯШАШ ШУНЧАКИ ҲАВАС ЭМАС, ёхуд фуқароларнинг эркин кўчиб юриш ҳуқуқи тикланадими?

@inomjon
Тошкентда яшаш шунча ҳавас эмас...

Қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жамоатчилик фикри ўрганилганда кўплаб фуқароларимиз томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятига доимий рўйхатга олиш масаласи яна ёпиқлигича қолиб кетаётганлиги ҳақидаги фикрларни билдирганликларини гувоҳи бўлдик.

         Дарҳақиқат, республиканинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилаётган фуқаролар Тошкент шаҳри ёки вилоятига шунчаки ҳавас учун келишмайди. балки меҳнат фаолиятини амалга ошириш, муносиб даромад топиш ва топган маблағи эвазига ўз ҳудудида кичкинагина бўлсаям ватанига, яъни уй-жойга эга бўлиш, тўй-томоша қилиш орзусида келадилар.

         Юқоридаги фикрлар ва таклифлардан келиб чиқиб, Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида:

         Қонун лойиҳасини қайтадан кўриб чиқиш ва кўчмас мулкни олган фуқаронинг ихтиёрий равишда пропискага ўтишига имкон яратиш ҳамда ички миграцияни эркинлаштириш нуқтаи назаридан барча шахслар тоифасига доимий прописка қилинишига рухсат берилиши масаласини ўрганиш лозим.

         Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига мувофиқ мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши ҳуқуқига эга бўлсада, Фуқаролик кодексининг

488-моддасида сотувчи сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар яшаб турган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини сотиш шартномасининг муҳим шарти –– бу шахсларнинг рўйхатини сотилаётган уй-жой биносидан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган ҳолда тузишдан иборатлиги белгиланган.

Шунингдек, Уй-жой кодексининг 32-моддасига мувофиқ уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлилиги, бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Кўпгина ҳолларда фуқаролар ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй-жойларга, доимий рўйхатда бўлган манзилига ёки эгалигидаги бошқа бир уй-жойга бошқа бир фуқароларни рўйхатга қўйиши ва уларда ушбу

уй-жойдан мулкдор билан тенг равишда фойдаланиш ҳуқуқини вужудга келиши, кейинчалик мулкдор эгалигидаги уй-жойларни тасарруф этишида айрим муаммоларни келиб чиқишига, яъни рўйхатда турган шахслар томонидан пропискадан чиқишни рад этиши, натижада мулкдорнинг судларга мурожаат қилишига сабаб бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан Россия Федерациясининг бу борадаги қонунчилигидан келиб чиқиб, уй-жой тасарруф этилиши натижасида рўйхатда турган шахсларнинг тўғридан-тўғри рўйхатдан чиқиши ва фойдаланиш ҳуқуқини йўқотиши ёки шахсларнинг мулкдан фойдаланиш ҳуқуқисиз доимий рўйхатга қўйилиши ҳақидаги норма белгиланиши лозим деб ҳисоблайман.

         Доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташланиши ва кўчмас мулкни сотиб олишдаги тўсиқларнинг олиб ташланиши сохта никоҳларни тузилишини олди олинишига хизмат қилиши билдирилган.

Бу киритилаётган таклиф сохта никоҳларни олдини олишга эмас, аксинча бундай никоҳларнинг тузилишининг кўпайишига ва ажримлар сонининг кескин ошиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан доимий рўйхатга қўйиш масаласини никоҳни қайд этилиши билан боғлаш керак эмас, бундай ҳолларда ҳам доимий рўйхатга қўйиш учун белгиланган қоидаларни қўллаш ҳақидаги норма киритилса мақсадга мувофиқдир. 

Оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлиши назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 195-моддасига асосан болаларни оилага тарбияга олиш васийлик ва ҳомийлик органлари билан тутинган ота-оналар ўртасида тузиладиган келишув асосида амалга оширилади, агар бу келишув кодекснинг 196-моддаси талаблари асосида бекор қилинганда, у ҳолда тарбияга олинган болани доимий рўйхатдан ўчирилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилиши зарур.

Шу билан бирга, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий

ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилмоқда.

Прописка тизимини ислоҳ қилинишига сабаб бўлган асослардан бири асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида тафовутни бартараф этиш ва ички миграцияни эркинлаштиришдан иборатдир.

Шу нуқтаи назардан, республиканинг бошқа ҳудудларидан фуқаролар Тошкент шаҳри ҳамда вилоятига асосан доимий меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келишини, меҳнат қонунчилигига кўра иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини дастлабки синов шарти билан тузиши, дастлабки синов муддати эса уч ой этиб белгиланганлигини инобатга олиб, доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддатини 90 кунга узайтириш каби масалаларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Иномжон Қудратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати



Report Page