ИНОМЖОН ҚУДРАТОВ: ЭНГ БЕХАВОТИР ЖОЙ - УЙИМИЗ!

ИНОМЖОН ҚУДРАТОВ: ЭНГ БЕХАВОТИР ЖОЙ - УЙИМИЗ!

@inomqudratov
Иномжон Қудратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


             “Короновирус” деб аталган кичкинагина кўринмас зарра бугун бутун ер юзини ларзага солмоқда. Бугун инсоният олдида мураккаб вазият пайдо бўлди. Жаҳон ҳамжамияти, хусусан, Ўзбекистон халқи ҳам қийин, лекин тарихий бир даврни бошидан кечиряпти.

Мамлакатимизда мавжуд вазият устидан назорат бир зум бўлса-да, бўшаштирилгани йўқ. Қанчалик оғир вазият бўлмасин, давлат раҳбари томонидан ҳаммаси қатъий назоратда. Муаммолар ҳар соат, ҳар куни таҳлил этиб бориляпти, тезкор ва муҳим фармон-қарорлар қабул қилиняпти. Юзага келган инқирозли вазиятда Ҳукумат томонидан таҳдидли ҳолатларга қарши “етти ўлчаб, бир кесган” ҳолда, ҳар томонлама чуқур ўйланган чора-тадбирлар кўрилмоқда, масъул соҳалар вакиллари ёрдамида жойларда барча зарур тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг пандемияга қарши кураш услуби минтақада энг тўғри йўл деб эътироф этилгани ҳам бежиз эмас.

Бугунги кун ҳолатига короновирус эпидемияси билан касалланганлар сони 624 нафарга етди. Тузалганлар 38 нафарни ташкил этмоқда.

Короновирус пандемияси биринчи галда иқтисодиётимизга салбий таъсирини кўрсатиши аниқ. Бунинг олдини олиш борасида Сирдарё вилоятининг Боёвут ва Гулистон туманларида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Биринчи навбатда, боқувчиси бўлмаган ёки ногирон, эҳтиёжманд фуқароларни қўллаб-қувватлаш, ночор оилаларни камбағалликдан чиқариш, ҳамда бозорларимизда нархлар барқарорлигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ташқи бозор учун рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва импорт ўрнини босувчи маҳаллийлаштирилган саноат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.

Карантин эълон қилинган кундан бошлаб, Боёвутда ҳам, Гулистонда ҳам бундай қийин кунлардан ўтиб олиш учун зарур озиқ-овқат заҳирасини яратиш, жорий йил якуни ва келгуси йил шу даврига қадар ҳам аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қоплаш бўйича барча тадбирлар ташкил қилинган ва назоратда турибди. Соғлиқни сақлаш ва санитария назорати мутахассислари, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари, ободонлаштириш ташкилотлари вакиллари, маҳалла йиғинлари масъуллари ва бошқалар бизнинг ҳаётимиз учун қайғуриб, тун-у кун хизматда туришибди.

Бу ишларнинг барчаси Сиз ва яқинларингиз учун ҳаёти хавфсизлигини, муносиб турмуш кечиришни ўйлаб қилинмоқда. Эвазига эса, биздан карантин кунларида фақатгина белгиланган вақтинчалик қоидалар ва айрим чекловларга тартибли амал қилишимиз, масъул ташкилотлар талабларини қатъий бажаришимиз, ҳозирда энг бехавотир ва хавфсиз жой ҳисобланган ўз уйимизда қолишимиз талаб қилиняпти, холос.

Шундай экан, ҳар биримиз касалликни аҳли жамоамизга, оиламизга олиб кирмасликка масъул ва жавобгар эканимизни чуқур ҳис қилиб, ваҳима ва саросимага йўл қўймаслигимиз, шу кунларда бу балога қарши инқилобий шиорга айланган “Уйда қолинг!” қоидасини қалб амрига айлантиришимиз зарур.

Ҳурматли  ва мен учун қадрли бўлган ҳамюртларим!

Бундай шароитда барчамиз ҳам ўзимизни, ҳам давлатимизни асраш учун карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, уйда қолайлик.

Коронавирусга қарши курашишда ҳаммани сабр-қаноат, темир интизом, тафаккур ва чуқур масъулиятни намойиш этишга чақираман!


Report Page