депрессия

депрессия


Бизга маълумки, депрессив ҳолат деганда биз кайфиятнинг пасайиши, руҳий фаолликнинг секинлашуви ва ҳаракатнинг сустлашувини кўз олдимизга келтирамиз. Ҳозирги кунда амалиётимизда кўп учрайдиган, чегарадош руҳий бузилишларнинг олдинги қаторларини эгаллаб келаётган депрессив бузилишларнинг енгил ва ўрта даражалари кўп учрамоқда. Депрессив ҳолатларда беморларда соматовегетатив ўзгаришлар намоён бўла бошлайди яъни кўп терлаш, уйқу ритмининг бузилиши, қон босимининг ўзгарувчанлиги, юрак соҳасида нохуш сезгилар пайдо бўлиши, аёлларда ҳайз циклининг бузилиши, эркакларда жинсий фаолиятнинг сусайиши, ич қотиши, иштаҳанинг пасайиши, бош оғриғи ҳамда юрак уришининг тезлашуви кузатилади. Бундай беморлар ўзгариб қолганликларини ўзлари ҳис қила бошлайдилар. Эрталаб уйқудан туриш қийин бўлиб қолади, ҳамма нарсалар зерикарли бўлиб, хафсаласизлик пайдо бўлади, ҳаётга қизиқиш камаяди.


Келгуси ҳаёт худди келажаги йўқдек, қилинаётган ижобий ишлар беҳуда бўлиб туюлади. Вақт ўтгани сайин беморлар кайфиятнинг пастлигидан, кўнгил ғашлигидан, юрак сиқилаётганидан шикоят қила бошлайдилар. Бесабаб хўрсиниш пайдо бўла бошлайди. Беморларнинг шикоятлари ва ўз ҳолатлари сутка давомида ўзгаради, айниқса эрталаб уларнинг кайфияти паст, кўнгиллари ғаш, юз ифодалари синиқ ҳолатда бўлади, кечга яқин ҳолатлари бир- оз яхшиланади, одамлар билан гаплашгилари келади, ўзларини анча дадил сезадилар, иштаҳалари очилади. Вақт ўтиши билан беморлар ўз вақтида психиатр врачларга мурожаат қилмасалар, уларнинг руҳий ҳолатларидаги ўзгаришлар чуқурлашиб боради. Яшашга интилиш, ҳаётга қизиқиш йўқола боради. Юрак сиқилиши кучаяди ҳаётдан қувонмаслик, ўзларини кераксиздек сеза бошлайдилар. Ҳаёт давомида арзимаган йўл қўйган хатоларини кечириб бўлмас гуноҳ деб ҳисоблай бошлайдилар.


Мана шу ҳолатларда беморлар томонидан суиқасд фикрлари пайдо бўла бошлайди, лекин беморлар ўз руҳий кечинмаларини атрофдагиларга, яқинларига ошкора қилмайдилар. Мана шундай ҳолатларда беморларни албатта психиатр врач кўригига олиб келиш керак, чунки ушбу ҳолатда беморлар ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли юқоридир. Депрессив ҳолатлар ичида алоҳида ўринни ташкил этадиган ва ҳар бир шифокорларнинг, айниқса умумий амалиёт шифокорларининг иш фаолияти давомида кўп учрайдиган тури, бу яширин депрессия ёки ниқобланган депрессиядир.


Бундай депрессиялар амалиётда бошқа депрессиялардан кўра 10-20 марта кўп учрайди, чунки беморлар узоқ вақт самарасиз даволаниб юрадилар. Амалиётда қўлланилаётган замонавий текширишлар ўтказилишига қарамай, аниқ ташхис қўйилмайди. Беморлар барча даволаш чоралари самарасиз бўлаётганидан нолиб, тўхтамай шифокорларга мурожаат қилаверадилар. Кераксиз дори-дармонлар, кераксиз текширувлар ва беҳуда сарф харажатлар беморларнинг шифокорларга бўлган ихлос ва ишончини йўқотади. Беморлар ўзларини давосиз дардга мубтало бўлгандек ҳис қилиб, ҳаётга бўлган қизиқиш ва интилишлари сўнади. Ўз жонига суиқасд қилишга мойиллик янада ортади.


Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларда беморларни албатта психиатр врач кўригига юбориш зарурдир. Ҳозирги кунда турли-туман антидепрессантлар мавжуд бўлиб, уларни фақат мутахассис тавсияси билангина қўллаш жоиздир.


Беморлар ўз вақтида психиатр-врачларга мурожаат қилсалар, ҳамкасбларимиз эса бу беморларга зарур маслаҳатлар ва тегишли препаратлар тавсия этишлари зарур. Ана шунда беморларнинг руҳий ҳолатлари яхшиланади ва айрим нохуш ҳолатларнинг олди олинади.

Report Page