Депутатнинг эътирозида жон бордек.

Депутатнинг эътирозида жон бордек.

🌐OLTIARIQ_TV
Pic

°°°

Pic


Жорий йилнинг 7 июль санасида халқ депутатлари Олтиариқ тумани кенгашининг навбатдан ташқари 8- сессияси бўлиб ўтганлиги ҳақида аввалроқ хабар берган эдик. Ўша куни сессияда Сектор раҳбарларининг биринчи ярим йиллик давомида амалга оширган ишлари юзасидан ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари Н.Назаровнинг “Обод қишлоқ” давлат дастурининг 2019 йилдаги ижроси юзасидан хисоботлари тингланди. Хисоботлар сўнгида халқ депутатлари Олтиариқ тумани депутати Ў.Отабоев ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди ҳамда “Обод қишлоқ-2019” давлат дастури бўйича туман ҳокимининг ўринбосарига бир нечта саволлар билан юзланди. Жумладан, – “Обод қишлоқ-2019” давлат дастури бўйича хисоботда келтирилган 16 миллиард 240 миллион сўм маблағ тўлиқ ўзлаштирилиб, мақсадли молиялаштирилдими?-деб сўради депутат Ў.Отабоев. – “Тўлиқ ўзлаштирилди” деб жавоб берди Н.Назаров – “Нима учун унда Катпут МФЙ ҳудудида 37 та таянч устунлари (столба) ҳамда 87 дона тунги кўча ёритиш устунларини ўрнатиш Дастурда белгилаб қўйилган бўлса ҳам хозиргача ўрнатилмаган?- деб сўради Ў.Отабоев. – ...... – “11-сонли умумтаълим мактабини жорий таъмирдан чиқариш учун дастурда 424 миллион сўм мақсадли ўзлаштирилганми?” – деб юзланди депутат Ў.Отабоев – “Ха мақсадли ўзлаштирилиб, мактаб биносининг ташқи ва ички фасад қисми ҳамда синф хоналари шунингдек мактабнинг иситиш тизими таъмирланиб 5 та иситиш қозони ўрнатилган.”- деди Н.Назаров. – “Мендаги мавжуд асосли манбаларга кўра дастур доирасида 2019 йилда 11-сонли умумтаълим мактабида ички иссиқлиқ тизимини таъмирлаб, 5 дона янги иситиш қозонларини ўрнатиш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 85 миллион сўм сарфланган.Мактаб биносининг ташқи фасад қисми ва хоналар умуман таъмирланмаган. Синф хоналаридаги линолеумлар йиртилиб яроқсиз ҳолга келиб қолган.” – деди депутат Ў.Отабоев.

Залга бироз сукунат чўмди... – “Энди менга айтингчи ўзлаштирилган маблағлар бўйича хисоботда сиз келтириб ўтган 424 миллион сўм маблағ тўғрими ёки мактаб маъмурияти берган маълумот яъни 85 миллион сўм ўзлаштирилган маблағ тўғрими? Қайси бирини хисоботда тасдиқлайлик?” – дея яна Н.Назаровга юзланди депутат Ў.Отабоев. – “Мен хисоботда келтириб ўтган 424 миллион сўмлик ўзлаштирилган маблағ тўғри” – деди Н.Назаров – “ Бундан чиқди, депутатга нотўғри, қасддан ёлғон маълумот тақдим этгани учун 11-сонли умумий ўрта таълим мактаби директорини қонунчилигимизга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 193-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортишимизга тўғри келади... Лекин мен мактабга бориб мавжуд ҳолатни ўрганганимда ҳақиқатдан ҳам мактаб директорининг ҳақлиги мен учун кундек равшан бўлди, ҳақиқатдан ҳам дастур доирасида 85 миллион сўмлик ишлар бажарилган холос...” – дея таъкидлади депутат Ў.Отабоев. Шундан сўнг зал яна сув қуйгандек бир зумга тин олди.... –

Сукунатни депутат Ў.Отабоев бузди ва халқ депутатлари Олтиариқ тумани кенгаши раиси, туман ҳокими Х.Ниёзовга юзланиб деди: “Ҳурматли Холмирза Узгенович! Туманимизда “Обод қишлоқ-2019” давлат дастурининг ижроси юзасидан икки хил фикрлар ва маълумотларнинг мавжудлиги, ҳамда давлат дастурга тушган маҳаллалар аҳолиси томонидан келиб тушаётган ҳақли эътирозларни хисобга олган ҳолда бугунги сессияда туман ҳокимининг ўринбосари Н.Назаровнинг “Обод қишлоқ” давлат дастури бўйича 2019 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан берган хисоботини халқ депутатлари Олтиариқ туман кенгаши депутатлари томонидан тасдиқлашни рад этиш бўйича овозга қўйишингизни ҳамда “Қонунийликни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича доимий комиссия” ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ишчи гурух” тузилиб мавжуд ҳолатни ўрганиб, тўлиқ назорат остига олинишида амалаий ёрдам беришингизни сўрайман.” – “Албатта, махсус “Ишчи гурух” тузилиб “Обод қишлоқ” давлат дастурининг ижроси бўйича 2019 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан тўлиқ ўрганиш ишлари олиб борилади ва тегишли хулосалар чиқарилади, керак бўлса прокуратура органларига тегишлилиги бўйича маълумотлар тақдим қилинади” – деди туман ҳокими Х.Ниёзов.

Айни пайтда сессия қарори билан туман “Ишчи гурухи” тузилган бўлиб жойларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Қуйида ишчи гурух томонидан “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида 2019 йилда ободонлаштирилган Катпут МФЙдан олинган баъзи суратларни сиз билан бўлишамиз. Катпут МФЙ ҳудудидаги кўп хонадонли уй-жой биноси.


Ҳа айтганча, “Обод маҳалла 2019” давлат дастури бўйича бу ерда умумий қиймати 390 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб 1 та айвонли тандирхона қуриш, 4 та умумий фойдаланиш учун хожатхона қуриш, 5 та омборхона қуриш, 1 та болалар ўйин майдончаси қуриш, 1 та спорт майдончаси қуриш, 5 та ёзги айвон қуриш, 39 та тунги ёритиш ускунаси ўрнатиш, йўлакларни бетон қоришмаси билан қоплаш, 11 та оқова сув ҳандағи қуриш, уй-олди ирригация тармоғини таъмирлаш, 4 та кириш йўлакларини таъмирлаш, 4 та темир эшик ўрнатиш, бинонинг том қисмини таъмирлаш белгиланган эди... Ўрганишлар давом этмоқда...

Report Page