Демократияга эҳтиёжим бору...

Демократияга эҳтиёжим бору...

Қўрбоши

Мен демократия, демократия, деб йиғи-сиғи қилганим билан бизнинг авлодимиз Ғарбий Европа ёки Шимолий Америка давлатлари даражасидаги демократик жамият қура олишига катта ишонч билан қарамайман.

Демократия эҳтиёжини биринчи навбатда ўрта синф ҳис қилади, айнан шу синф учун демократия ҳаётий зарурат. Ким бу ўрта синф? Ўрта синфни белгиловчи конкрет тамойил йўқ, умумий мезон — бу синф — одатда олий маълумотли, соғлом яшаш, дам олиш, сифатли таълим, ахборот олиш имкониятларини берувчи мулк ва барқарор даромадларга эга тоифадир. Ўрта синфнинг яна бир белгиси у давлатга боқиманда эмас ва интизомли солиқ тўловчи эканлигидир.

Олигархия ёки Люмпен-пролетариат учун демократия номи улуғ, лекин кераги йўқ бир матоҳ сингари. Чунки Олигархия демократик институтларсиз ҳам ўз муаммоларини ҳал қила олади, ҳокимият эшигини тақиллатиб ёки тақиллатмай киришга «доступ» улар учун ҳамиша топилади, олдидаги мақсадга эришиш учун сотиб олади, сотади, пул берадиган куч уларга одатда кифоя қилади. Люмпен-пролетарият ўз номи билан люмпен-пролетариат, мулксиз, ҳуқуқсиз кимса учун физиологик эҳтиёжлар устувор: осон, шу билан бирга арзон ҳам сотилади, улар учун ҳамиша йўл кўрсатувчи КАТТА/бошлиқ/маъбуда/малика/ бўлиши (бўлганда ҳам иложи борича қаттиққўл) муҳим, улар иложи бўлса ҳеч нарса учун жавоб бермаслиги керак.

Ўтлаб кетиб қолдим, биз ўрта синф ва унинг демократияга бўлган эҳтиёжлари ҳақида гаплашаётган эдик. Жамиятда ўрта синф салмоғи қанча юқори бўлса, ўша жамият шунчалик демократлашган бўлади. Люмпен-пролетарият кўпчиликни ташкил этадиган жамиятларда энг эркин, энг шаффоф демократик сайловларни ўтказинг, фойдаси йўқ, бир муддат ўтиб сайланган — диктаторга, сайлаганлар эса «доимо қўллаб қувватловчи» оломонга айланаверади.

Жамиятда ўрта синф қанча кўп бўлса, ўша жамият шунчалик мувозанатлашган бўлади, бу жамият турли инқилоблардан мустасно. Эътибор беринг, яшил, қизил, сариқ, зарғалдоқ, қизғалдоқ инқилоблар ё ҳокимиятни Олигархия эгаллаб олган, ёки оч ва эгасиз қолган Люмпен-пролетарият нон излаб кўчага чиқаётган мамлакатларда юз бермоқда. Люмпен-пролетариат ҳамма вақт мақсадга эришиш йўлидаги «расходный материал» бўлиб келган, бир тоифа Олигархия бошқа тоифа Олигархия билан ҳокимиятни бўлиша олмай қолса ҳам Люмпен-пролетариат ишга солинади.

Ўрта синф одатда ватанпарвар бўлади, ўзи ва фарзандлари келажагини ватанда кўради. Ўрта синф давлатга солиқ тўлаб туриб, таълим, тиббиёт ва бошқа давлат хизматлари сифати пасайса, жиғибийрон бўлади. Олигархияда ҳеч қачон ватан бўлмаган, шунинг учун улар ватанни жуда осон сотади, ватан улар учун соққа қилса бўладиган ООО «Ватан» корпорацияси, ҳолос. Олигархия халқ учун мўлжалланган поликлиникада даволанмайди, фарзандлари халқ ўқийдиган мактабда ўқимайди, давлат идораларида соатлаб навбатда турмайди. У бу тизимлардаги муаммоларни ечишни ҳеч қачон истамайди, сотиб олади тамом.

Шундай қилиб, бизда олигархия бор (Олигархлар бўлмайди, деган гаплардан кейин ҳам) , люмпен пролетариат тўлиб тошиб ётипти (улардан етти миллионини кимдир яқинда хусусийлаштириб ҳам олди), ўрта синф-чи?

Ўрта синф бор, инқиллаб-синқиллаб бўлсада, шаклланмоқда. Менинг шахсий кузатувларимга кўра бу синф ҳозирда жамиятимиз аъзоларининг тахминан 5-7 %ини ташкил этади (Пойтахтликлар мени пессимистликда айбламасинлар, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 2-3 карра юқорироқ). Ана шу кўрсаткич жамиятимизда 50%дан ошганидан кейин, демократия борасида эҳтиёжларимиз имкониятларимизга мос кела бошлайди. Унгача кун тартибини Олигархлар ва Люмпен-пролетарият белгилашда давом этаверади…

Архивдан. Муаллифи номаълум.

Report Page