Майдончада қурилган тандир олиб ташланди

Майдончада қурилган тандир олиб ташланди

Buxoro.uz

Жорий йилнинг 5 декабрь куни ижтимоий тармоқда Когон шаҳар “Туркистон” маҳалла фуқаролари йиғини Саодат кўчаси 21-уйда истиқомат қилувчи фуқаро томонидан ҳудуддаги болалар майдончаси олдида қурилган тандирдан чиқаётган тутун фуқаролар саломатлигига зарар етказиши, қолаверса, уй ёнидаги махсус дорга қуритиш учун осилган кийим-кечакларга бадбўй ҳид уриши ҳақидаги хабар эълон қилинди. 

Мазкур ҳолат бугун, 7 декабрь куни Когон шаҳар фавқулотда вазиятлар, ички ишлар бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлимлари мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси иштирокида жойига бориб ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида чиндан ҳам шу ерлик фуқаролар томонидан тандирдан фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди.  Тандирни қурган фуқарога ундан фойдаланиш учун шаҳарсозлик қоидаларига риоя қилиш лозимлиги тушунтирилди.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокимлиги архитектура бўлими томонидан тандирдан фойдаланиш мақсадида фуқарога жой ажратиб бериш ҳамда белгиланган қонун-қоидалар асосида ундан фойдаланишга кўмаклаш вазифаси топширилди. Ноқонуний қурилма сифатидаги тандир эса шу куннинг ўзидаёқ майдончадан олиб ташланди.

Когон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати 

Report Page