Семинар кун тартибида: тўй ва маросимларни ихчамлаштириш

Семинар кун тартибида: тўй ва маросимларни ихчамлаштириш

Buxoro.uz

Вобкент туманида вилоят маҳаллалар кенгаши ҳамда ички ишлар бошқармаси томонидан “Тўйларимиз - ўйларимиз” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, профилактика инспекторлари, тўйхона раҳбарлари, ФҲДЁ мудиралари, шунингдек тўй-маросимларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари иштирок этган мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”даги қўшма Қарори мазмун-моҳияти яна бир бор тушунтириб ўтилди.

Семинарда сўзга чиққан вилоят маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Аҳрор Ғуломов жорий йил 1 январдан кучга кирган Парламент палаталарининг мазкур қўшма қарорига асосан энди тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан бир ҳафта олдин яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғини масъулларини хабардор қилиши шартлигини таъкидлаб, тадбирларни ортиқча исрофгарчиликсиз, камчиқим ўтказиш, тўйхоналарни безашда дабдабабозликка йўл қўймаслик бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.

Эслатиб ўтамиз Республика Парламенти палаталари қўшма қарорида

- тўй, оилавий тадбирлар фақат 1 кун бўлиши;

- улар соат 6:00-23:00 оралиғида ўтказилиши лозимлиги;

- тўйларда 200 нафаргача, ошда 250 нафаргача одам қатнашиши мумкинлиги;

- қўшалоқ тўйда 250 нафар, ошда эса 300 нафаргача одам иштирок этиши мумкинлиги;

- келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетишида 3 тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш мумкинлиги;

- “Келин навкари”, “Чарлар”, “Ота кўрди”, “Сеп ёйди”, “Қуда чақирди”, “Куёв чақирди”, “Келин чақирди”, “Тоғора юбориш”, “Пул сочиш” ва бошқа қўшимча маросимлар ўтказилиши таъқиқланганлиги;

 - Тадбирларда 2 нафаргачи хонанда (гуруҳ) хизмат қилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Тўй-маросимларни тартибли ўтказишга бағишланган семинарлар вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.

Вилоят маҳаллалар кенгаши

Report Page