Фарғона вилояти: "Шифокорларнинг эътиборсизлиги туфайли бир она 12 ойдан бери беҳуш қолмоқда"

Фарғона вилояти: "Шифокорларнинг эътиборсизлиги туфайли бир она 12 ойдан бери беҳуш қолмоқда"

@Jinoyatlar
Сизнинг рекламангиз учун жой!

Фарғона вилояти Бувайда туманининг Бўёқчи қишлоғида тўрт фарзанднинг онаси Мадина Йўлдошева 12 ойдан буён ҳушсиз ётибди, дея хабар берилган эди ижтимоий тармоқларда. Бу хабар интернет тармоғида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Фото: «Халқ сўзи»

Мадина Йўлдошева ҳақида интернет сайтларида хабарлар чиққанидан сўнг вазият қандай тарафга ўзгарди? Кимлар беморга ёрдам берди, беморнинг аҳволи ўзгаряптими? Ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

–Қизим Йўлдошева Мадина 1989 йилнинг 5 сентябрида туғилган. Бўйлари баланд ва соғлом қиз бўлиб вояга етган. Қўшни қишлоққа келин бўлиб тушиб, уч фарзанд кўрди. 2018 йил 6 февралда, тўртинчи фарзандини туққан куни шифокорларнинг эътиборсизлиги сабабли комага тушиб қолди. Мана, 12 ойдирки, қизим ҳушига келмаяпти, – дейди онаси Гулчеҳра Назарова.

Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Бахтиёр Мамажоновнинг айтишича, Мадина Йўлдошеванинг касаллиги аппалитик синдроми деб аталади.

–Туғруқ пайтида кўп қон йўқотилгани натижасида клиник ўлим юз берган, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Асроржон Раҳимов. – Беморга берилган тез тиббий ёрдам туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Аммо мия пўстлоғида клиник ўлим ҳолатларида аппалитик синдром ривожланади. Мадина Йўлдошевада шундай касаллик кузатилган.

Фарғонадан, Тошкентдан малакали шифокорлар келиб, беморнинг аҳволи билан танишди. Масалан, 2018 йилнинг феврал ойида САС реаниматологи А.Қаххоров, навбатчи акушер гинекологи Ш.Исмаиловалар беморнинг аҳволини келиб кўриб,сунъий нафас аппаратига улашни тавсия қилишган эди.Аммо беморнинг аҳволи ўзгармагач Республика нейрохирургия илмий амалий маркази директори М.Қориев, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси (2018 йил 30 декабр) бошлиғи М.Садиковлар келиб текширувдан ўтказган ва керакли тавсияларни берган эди.

Фото: «Халқ сўзи»

22-қишлоқ оилавий поликлиникаси Қўнғирот қишлоғида жойлашган. Мадина Йўлдошева мана шу поликлиникада 2017 йилнинг 27 июнида ҳомиладорлик рўйхатидан ўтган. Уни шифокор-гинеколог Белла Агаджонова рўйхатга олган. Маълум сабабларга кўра Белла Агаджоновадан кейин бу ерга Шоира Умарова ишга келган. Ҳомиладор аёл то туққунга қадар Шоира Умарованинг назоратида бўлган.

Фото: «Халқ сўзи»
Фото: «Халқ сўзи»

– Мадина катта қизини 2008 йилда туққан, – дейди 22-қишлоқ оилавий поликлиникаси патронаж ҳамшираси Машҳура Мамадалиева. – Ҳамма аёллар қатори озгина шамоллаши бор эди. Ҳомиладорликни ўртача ўтказарди. Баъзида грипп билан оғриб қоларди. Қони ҳам меъёридан жуда паст ёки меъёридан ортиқ юрмас эди. Ўртача қон билан юрарди. Тўртинчи ҳомиласида ҳам грипп билан касалланган. Аммо даволаниб, соғайиб кетган. Оилавий шароити ёмон эмасди. Фақат қайнонаси инсултга чалиниб, ётиб қолган. Патронаж ҳамшираси сифатида унга “Учта фарзандингиз бор, энди туғманг” деганман. Буни туғиш унинг ҳаётини хавф остида қолдиришини ўйлаб ёки билиб эмас, балки оилавий шароитидан келиб чиқиб айтгандим. Ҳам чақалоқ, ҳам ётиб қолган касал қайнонасига қараш билан қийналмасин дегандим”.

– Қизим Мадина ўша куни врачларнинг эътиборсизлиги туфайли шу ҳолатга тушди деб ўйлайман, – дейди беморнинг онаси Гулчеҳра Назарова. – Чунки у туққанидан сўнг қаровсиз қолган. Қон кета бошлаганидан сўнг шифокорлар уни операцияга олишди. Операция жараёнида қизим шу ҳолга тушиб қолди. Ана ўзига келади, мана ўзига келади деб бизни уч кун алдашди. Кейин 11 кунда ўзига келади дейишди. Аммо мана 11 ойдирки, болам беҳуш. Дастлаб комага тушганида бир кунда 3,5 млн сўмлик дори-дармон олиб берган кунларимиз ҳам бўлди. Ҳозирги кунда бир ойда камида 1,5 млн сўмлик дори-дармон кетаяпти.

Мадинанинг фарзандлари катта қизи Шодиёна 4-синфда ўқияпти. Шаҳодат 2-синфда. Муродулла 6 ёш, кичик қизи Хадичахон 6 феврал куни бир ёшга тўлади. У ҳали она меҳрини, қучоғини кўргани йўқ.

Муаммони интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда кўтарган журналист Шарифа Мадраҳимова ва блогер Дима Қаюм ижтимоий тармоқда хайрия акциясини ўтказди.

– Мақола чиққандан сўнг яна беморнинг тақдири билан қизиқдик, унга туман ҳокимлиги ва туман тиббиёт бирлашмаси қандай ёрдам берганини билмоқчи бўлдик. Бир оила тақдирига кимдир масъул бўлиши керакку. Аммо вазият ҳалиям яхшиланмаган, маҳалла қўмитаси, туман хотин-қизлар қўмитаси уларнинг ҳолидан хабар олмаганлигини билиб, халққа мурожаат қилишга мажбур бўлдик, – деди Шарифа Мадраҳимова. – Мадинага доимий эътибор, парвариш керак. Хонадонга ҳаттоки газ балон ҳам берилмаган экан. Биринчи туман газ идорасига мурожаат қилиб, уларга бир дона газ балони олиб беришга эришдик. Сўнгра блогер, мен уни замонамиз Робин Гуди дегим келади, Дима Қаюм ўзи ташаббус билан чиқиб, хайрия акцияси ташкил қилмоқчи эканлигини билдирди. 19 январь куни беморнинг уйида видео съёмка қилдик. Ва бу видеохабарни Дима Қаюм 15:34 да ижтимоий тармоққа жойлаштирди. Ўша сониядан пластик картага биринчи саховатпеша инсон 250 000 сўм ўтказди. Шу куннинг 23:35 гача 2776590.09 сўм пул маблағи йиғилди. Шанба, якшанба, душанба куни 12 гача олти миллиондан ортиқ сумма йиғилди. Чет элда яшаётган бир укамиз Мадинанинг акасининг номига 100 АҚШ доллари миқдорида ўз эҳсонларини жўнатдилар.

Фото: «Халқ сўзи»

Пластик картадаги маблағни иккита банкдан 3 миллиондан қилиб нақдлаштириб олдик ва беморнинг ота-онасига топшириб келдик.

Биз барча яхшилик қилган юртдошларимизга раҳмат айтамиз. Туман раҳбарлари, бу масалага масъуллар қилмаган ишни оддий халқимиз уддалади. Пластик картага яна пул тушиши давом этмоқда. Ва биз бу маблағларни ҳам беморга етказамиз.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Report Page