Қашқадарё вилояти: "Ҳарбий хизматчи суд залидан озод этилди"

Қашқадарё вилояти: "Ҳарбий хизматчи суд залидан озод этилди"

@Jinoyatlar
Фото: oliysud.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан Иттифоқнинг Қашқадарё вилояти кенгаши раиси жиноят кодексининг 298-моддаси 2-қисми билан айбланган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи Соҳибжон Мелиевнинг жиноят иши бўйича жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди хабар бермоқда.

Қарши ҳарбий суди томонидан Қарши гарнизони ҳарбий комендатураси биносида шахсий таркиб иштирокида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида Жиззах вилояти Жиззах шаҳрида туғилган С.Мелиевнинг жиноят иши кўриб чиқилди.  

Аниқланган маълумотларга кўра, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи С.Мелиев ҳарбий хизмат вазифасини бажариш чоғида бошқарувидаги ҳарбий автомашина билан фуқаро С. Э. Хожиқуловани уриб юбориб, унга ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан-жароҳати етказиши оқибатида вафот этишига сабабчи бўлган йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.  

Суд жараёнида жамоат ҳимоячиси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Шомурод Сатторов томонидан судланувчи С.Мелиевга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш, ҳарбий хизматни давом эттиришига имкон бериш, келгусида ушбу фуқарони кафилликка олиш таклифи билдирилди ва бу ҳақда кафолат хати тақдим қилинди.  

Суд унинг қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани, муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган 5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони бекор қилди.  

Судланувчи Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм қўмондонлиги кафиллиги остида суд залидан озод этилди ва ҳарбий хизматга қайтди.

Report Page