Фарғона вилояти: "Бир ошхона икки кишига сотилган: ҳақиқий фирибгарлик эса кейин бошланди"

Фарғона вилояти: "Бир ошхона икки кишига сотилган: ҳақиқий фирибгарлик эса кейин бошланди"

@Jinoyatlar
Фото: Google Images

Бир ошхона икки кишига сотилди. Қандай қилиб дейсизми? Фирибгарлик йўли билан албатта. Тадбиркорларга берилаётган имконият, шарт-шароитлар ва ишончни суиистеъмол қилиб, фирибгарлик орқали нафақат содда инсонларни, балки давлатни ҳам алдашга уринаётганлар бор. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фарғоналик ака-ука Раҳим ва Расул Мадиев ошхона очиб, иш юрита бошлади. Бошида яхшигина даромад келаётган жойдан негадир барака қочди. Ишлар орқага кетиб, қарзга ботишди. Пулини сўраб келадиганлар сафи кенгайди, эшик қоқиб қарзини сўрайдиганлар бездирди. Олганидан кейин беради-да. Қарзлар ҳам оз миқдорда эмасди. Бу чигаллик уларни фирибгарлик қилишга чорлади. Ўзларининг таърифи билан айтганда “шайтон йўлдан урди”. Иродаси кучсиз ака-ука пули бор “ўлжа”ни излай бошлади. Ошхонага тез-тез келиб турадиган таниши А.Ибрагимовга тузоқ қўйишди.

Раҳим Мадиев тадбиркорга ошхонани 80 минг АҚШ долларига сотмоқчилигини айтди. А.Ибрагимовни чўчитиб юбормаслик учун “самимиятини” кўрсатди, яъни уни ўзига “дўст” билиб, кимдан қанча қарзи борлигини ҳам очиқ айтди.

Сохта дўстининг гапига учган А.Ибрагимов унга ишонди. Раҳим Мадиевга 25 минг АҚШ долларга баҳоланган уйи, 15 минг АҚШ доллари бўлган “Nexia” автомашинаси, яна унинг қарзини узиши учун келишилган пулларни ҳам берди.

Ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ошхонани сотиб олган А.Ибрагимов ундан беш ой фойдалана олди, холос.

Режага кўра, Раҳимнинг укаси Расул даъво аризаси билан судга мурожаат қилди. Ҳоким қарори билан тасдиқланган ер ҳужжати акасига эмас унга тегишли экани, акаси ундан сўрамай ошхонани сотганини айтиб қайтариб олиб беришни сўради.

Ҳақиқий фирибгарлик кейин бошланди. Раҳим ҳам фуқаролик судида укаси Расулнинг сўзларини тасдиқлаб, ошхонани А.Ибрагимовга сотмасдан гаровга қўйганлиги, олди-сотди шартномасини гаров шартномаси, деб ўйлаб, ўқимасдан имзолагани ҳақида гувоҳлик берди. Сўнг 80 минг АҚШ долларига сотилган ошхона шартномаси суд орқали бекор қилинди.

А.Ибрагимов шундагина алданганини англади.

Воқеа ўрганилганда, “Фарғона мерос инвест” хусусий корхонаси таркибида фаолият юритган ошхонанинг эгалик ҳуқуқи Раҳим Мадиевда бўлган. Укаси эса унга бош ҳисобчи ҳисобланган. Ака-ука фирибгарлар ҳужжатни билинмайдиган шаклда қўлда ўзгартиришга муваффақ бўлган. Нотариусларга тақдим этилган ҳужжатлар текширилганда уларнинг сири фош бўлди.

Уларнинг тузоғига яна бир ишбилармон илинади. Биринчи суд қарори чиққач, ўзларига тегишли, деб топилган ушбу ошхонани Э.Ғофуровга 55 минг АҚШ доллари ва 11 миллион сўмга қайта сотиб юборади. Бу ҳам етмагандан, фирибгарлар ошхонани гаровга қўйиб банк муассасасидан жуда кўп миқдорда кредит маблағи ҳам олади.

– Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Ёзёвон туман суди раиси Бекзод Ҳайдаров. – Ишбилармонлар учун яратилаётган қулайликлардан унумли фойдаланиш ўрнига, фирибгарлик йўли билан бойлик орттиришни ният қилган ака-укаларнинг қинғир иши суд давомида тўла фош этилди. Бу жараёнда ишлаш ҳам осон бўлмади. Иш чигаллашган. Гувоҳлар тингланди. Ҳужжатлар ўрганилди. Улар ҳатто оила аъзоларини ҳам қинғир ишларига аралаштирган. Ҳаммасини эътиборга олиб ҳукм чиқардик. Суд ҳукми билан фирибгарларнинг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум этилиб, улар томонидан етказилган 516 миллион 364 минг 550 сўм (65 минг АҚШ доллари) жабрланувчи А.Ибрагимов фойдасига солидар тартибда ундириладиган бўлди.

Жиноят жазосиз қолмайди, албатта. Аммо фирибгарлик қилаётганларнинг тузоғига тушаётганларнинг саломатлиги ёмонлашади, вақти кетади, маблағ сарфлайди, ҳақиқат тикланиши учун югуриб-елади.

Наҳотки қисқагина умр беҳуда нарсаларга сарфлаш учун берилган бўлса?! Буни англаш шу қадар қийинми?

Report Page