Тошкент вилояти: "Лицензиясиз аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳолатидан 3 758 та аниқланди"

Тошкент вилояти: "Лицензиясиз аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳолатидан 3 758 та аниқланди"

@Jinoyatlar
Фото: ЎзА

Тошкент вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўловчи ташиш фаолиятида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида 2018 йилда амалга оширилган ишларни таҳлил қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унга кўра, ўтган йилда вилоят ҳудудидаги йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотларда масъул ходимлар ҳамда ҳайдовчилар иштирокида 1 000 дан зиёд тарғибот суҳбатлари ташкил этилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли тушунтиришлар бериб борилди.

Ўз навбатида, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган алоҳида рейдлар давомида йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан 1 896 маротаба йўлларда ҳаракатланиш қоидабузарликлари, жумладан, тегишли ҳужжатларсиз 102 та, техник носоз ҳолда 20 та, мажбурий техник кўрикдан ўтмаган 4 та, тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган 17 та, одам ташиш қоидасини бузган 719 та ва бошқа қоидабузарликлар 1 034 та бўлиб, лицензиясиз аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳолатидан 3 758 та аниқланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Энг ачинарлиси, ўтказилган тарғибот суҳбатлари ҳамда олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамасдан Олмалиқ шаҳридаги “Некст Лап” МЧЖ ҳайдовчиси Адҳамжон Ғафуров, Паркент туманидаги “Паркент автобус саройи” МЧЖ ҳайдовчиси Бахит Алимбаев, Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ Мега Стар” МЧЖ ҳайдовчиси Саидкарим Саидқосимов ҳамда Оҳангарон туманидаги “Шохруҳ Илғор Транс” МЧЖ ҳайдовчиси Норали Имомовлар ҳаракат қатнашчиси бўла туриб, бошқарувда маст ҳолда бўлишгани сабабли уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

– Бир қарашда рақамлар бўлиб кўринган ушбу таҳлил орқасида, инсон ҳаёти ва саломатлиги турганини, қоидабузарликнинг катта ёки кичиги бўлмаслигини, ҳар бир ватандошимиз сиз раҳбарлик қилаётган корхонанинг транспортига ишониб чиқаётганини эслатиб ўтган ҳолда юридик шахсларнинг раҳбарлари ва масъул ходимларидан, шунингдек, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда “Тошвилтранстерминал” ҳудудий уюшмаси масъул ходимларидан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ишларига қатъият ва садоқат билан ёндашиш лозимлигини сўраймиз, – деди Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот гуруҳи инспектори Рустам Асқаров.​​

Report Page