ОТАНГ ЯХШИМИ Ё ОНАНГ?

ОТАНГ ЯХШИМИ Ё ОНАНГ?


@Barno_Sultonova

Меҳмондорчиликда... Бир гала эркаклар 4-5 ёшли болакайни гап тутаяпти: «Қани, той бола, айтчи, дадангни ўғлимисан ёки ойингни?»

Болакай иккиланди. Унга оиласида бундай гаплар гапирилмайди шекилли боядан бери ҳамманинг саволига бийронгина жавоб бераётган бола бу савол олдида тек қотди. Ҳаммага бир-бир жавдиради, бошини эгиб бармоқларини ўйнай бошлади. Саволни жавобсиз қолдириб болачалар даврасига интилди.

Қўшни хонада эса хотин-халаж, болалар... Эркаклардан яна бири аёллар ўтирган хонадан ўғлини чақирди: «Азиз, бери кел-чи». Икки-уч ёшлар атрофидаги болакай чопқиллаб чиқди. «Бери кел ўғлим, мана бу ерда ўтирган амакиларингга кимлигингни кўрсатиб қўйчи? Мени яхши кўрасанми, ойингними?».

Болакай қўшни хонага кўз қирини ташлади. Ишшайганча отасига қаради, отаси ҳам ўғлининг бу ҳаракатини тушунди шекилли чўнтагидан пул олиб узатди. Болакай пулни олиб отасини ачомлади: «Сиззи ўғлийиз бўламан». «Ҳа баракалла, энди мана шу ерда ўтирган амакиларингни бир сўкиб қўй». Болакай чучук тилда «боплаб» сўкди. Ўтирган эркаклар тиззасига шапатилаб кулди... кулинглара кулинглар, ўғлингиз сўкиниб ўзининг ота ўғил эканлигини исботлаяптида.

 Болалигингизда сизга катталар «кимни кўпроқ яхши кўрасан, ойингними ёки дадангними», деган саволни беришган. Сиз ҳам ота-она бўлгач, ўз навбатида, фарзандларингизга «отангни яхши кўрасанми ёки онангни», деган саволни бераётгандирсиз. Ва бунинг ҳеч ҳам ёмон томони йўқ, деб ўйлайсиз, тўғрими? Аммо у эркакларга бериладиган анъанавий «хотинингни яхши кўрасанми ёки онангни», деган аҳмоқона саволга ўхшайди. Болангиз гоҳ меҳмонлар олдида, гоҳ оила даврасида бу саволга нима деб жавоб беришни билмай иккиланади. Ростда, отасини яхши кўраман деса, онаси хафа бўлади, онасини яхши кўраман деса, отаси хафа бўлади. Катталар эса ўз билганидан қолмайди. Энди улар болани алдашга, мажбурлашга, қўпол қилиб айтадиган бўлсак, сотиб олишга ўтишади. «Айтчи қизим, менинг қизим бўласанми ёки ойингнинг», «Агар менинг ўғлим бўлсанг зўр машина олиб бераман», «Агар дадангни десанг боғчадан қайтишда сенга ҳеч нарса йўқ». Бола яна иккиланади. Ахийри бола-да, у қайси томон яхшироқ нарса таклиф қилса ўша томонга оға бошлайди. Мана сизга ҳақиқий иккиюзламачиликдан, таъмагирликдан илк сабоқ.   

Юқоридаги эркакларга кўндаланг қўйилган саволнинг (жавобини эмас) мағзини чақишга уриниб кўрайликда. «Онанг яхшими ёки хотининг», «Ё хотинингни де, ё мени», «Ё шу уйда онангиз яшасин, ё мен»... бу савол, бу танлов олдида бошингиз қотади. Ана, нари борса фарзандлик бурчингиз устунлик қилиб хотинингиздан кечиб қўяқоласиз. Сиз нега иккиландингиз? Чунки берилган савол ноўрин, аҳмоқона. Сабаб она билан хотинни тенглаштириб ёки таққослаб бўлмайди. Ахир, оналаримиз биз учун дунёда энг буюк зот, аёлингизчи.., аёлингиз ҳам она-да — болаларингиз учун... Онангиз сиз учун бебаҳо, муқаддас бўлганидек, хотинингиз ҳам фарзандларингиз учун она сифатида ягона, бебаҳо... Шундай экан, нега энди фарзандларингизга отанг яхшими, онанг яхшими, деган саволни беришингиз керак? Отанинг ўрнини она босмаганидек, онанинг ўрнини ҳам ота босолмайди. Яна шундай бува, бувилар бор. Невараларини жон-жаҳди билан яхши кўради, шунинг учунми уларни ота-оналаридан ҳам қизғанишади. Шарапат хола яна махтанади: “неварам менсиз овқат ҳам емайди, ойимнинг қизи бўлмайман, деяпти”...

 Фалеснинг шундай гапи бор: «Сиз болаларингиз билан қандай муносабатда бўлсангиз, болаларингиз ҳам болаларига шундай муносабатда бўлади». Демак, «Отанг яхшими», «кимнинг ўғли ёки қизи бўласан» деган саволнинг ўзиёқ бола онгида катталарга нисбатан нотенглик муносабатини шакллантиради. Масалан, баъзида фарзандларимиз олдида «Ҳов менга отанг менга нима қип қўйипти» ёки «Онангни қўлидан ҳеч бир иш келмайди», деган гаплар билан улар олдида ўз обрўйимизни тўкиблар ташлаймиза...

 Мана ниҳоят меҳмондорчилик ҳам тугай деб қолди. Оғзидан ароқ сасиётган шилқим амакилардан бири бояги болакайнинг олдини тўсди: «Кимнинг ўғли бўлишингни айтмадинг-а», деди. Болакай бошини кўтарди. Ўзининг ноўрин саволи билан ғашига тегиб, ўйинига халақит бераётган ёпишқоқ амакига норози боқди. Онаси ўтирган хонага назар ташлади, кейин сал нарироқда ўтирган отасига юзланди. Болаларча беғуборлик билан, қулочини кенг ёйганча: «Менга бошқа савол бейавейманглар, ҳаммасини яхши кўяаман, бўлдими» деганча қий-чув қилаётган болалар олдига югуриб кетди.

Барно СУЛТОНОВА

Report Page