Ҳар доим одамларга енгиллик берилган шарт-шароитнинг ортида бир “но”си бўлади. 

Ҳар доим одамларга енгиллик берилган шарт-шароитнинг ортида бир “но”си бўлади. 

@Barno_Sultonova


.
Талабалар учун стипендияларни ойма ой тўлаш, контрактларни стипендияли, стипендиясиз тўлаш бу хайрли иш. Лекин унинг ортидаги “но” яъни “5” баҳога ўқийдиган талабанинг ҳам стипендияси “3” ликка тенглаштирилиши, талабанинг “3” баҳоси 30 фоиздан ошиб кетса умуман стипендия берилмаслиги йиғлаётган болани хўрозқанд билан овутишга ўхшайди. Қарашсаки 700минг сўмдан ошиқ стипендия оладиган, аълога ўқийдиган талабага ҳақлари кетиб қолаяпти. Қарашсаки, талаба атиги ёнидан 3 млн. сўмгина контракт тўлаяпти. Ичлари ёниб кетган шекиллида. Чидаёлмаганидан 400 минглик стипендияни ўйлаб топишди. Халқдан юлишса юлишадики, ошиқчасига бериб қўйишмайди. Бундай “шум кашфиёт”лар фақат бизнинг юртда ўйлаб топилса керак. Яъни масъул раҳбарлар учун доимо “форточка” бор.

Кеча таҳририятимизга 3-курс талаба қизлар келишди. Уларнинг бири бешлик стипендия оларкан — 758 минг. Айтишича фақат бешга ўқиётган талаба дугонаси бирон марта дарс қолдирмаган экан. Ўша курсдоши бу йилнинг ҳисобидан фақат бир марта дарс келибди. Кўпчилик талабалар қаттиқ норози эмиш. Розилари ҳам аниқ, “3” лик стипендия оладиганлар. 400 минг сўмдан зиёд пул оладиган бирор талаба бу келишувга сира рози бўлмайди. Демак фақатгина “3” баҳога ўқийдиган талабаларнинг розилиги дастак уларга. Бу нимадан дарак. Энди хоҳлайсизми йўқми талабада совуққонлик бошланади, рақобат ўлади. Юртимизда азалдан шу — яхши ишлаган ҳам шу ойликни олади, ишламаган ҳам шу ойликни олади. Шунинг учун ҳам ҳар бир соҳада ўсиш жуда кам. Талабанинг “5” баҳо олиш учун ҳаракатини меҳнат деб ҳисоблайдиган бўлсак, бу меҳнатнинг рағбати йўқ ҳисоби. Хоҳлайсизми йўқми рағбат бўлмас экан рақобат ҳам бўлмайди. Ўқитувчиларни маош билан таъминлаш учун контрактни ошириш, талабани стипендиядан қисиш, “3” баҳоси 30 фоиздан ошган талабани умуман стипендиясиз қолдириш бу бир боланинг ўйинчоғини иккинчи болага тортиб берилган ҳолатни эслатиб юборади. Ёшларимиз нега чет элга кетаяпти, деб бонг урамиз. Бундай адолатсизликлар ёшларнинг ҳафсаласини пир қилиши ҳозирча ҳеч кимни ўйлантираётгани йўқ. Ҳар бир соҳада яхши кадрлар топиш масаласи қийнаб турганида, энди институтларда яхши талабаларни топиш ҳам амримаҳол. Яъни ҳафсаласиз, масъулиятсиз, ўз касбини севмайдиган талабалар сони ошгандан ошаверади. Яна бир қизиқ томони талабанинг “3” баҳолари 30 фоиздан ошса стипендия берилмасмуш. Хўп талабанинг “3” баҳоси 30 фоиздан ошса стипендия берилмас экан, “5” баҳоси 90, 100 фоиз бўлган талабага бошқалардан кўпроқ стипендия берилсин. Нега чиқараётган қарорларингиз фақат ўзларингиз фойдаларингизга ишлаши керак. Қани мантиқ?   “4” ва “5” баҳога ўқиган давлат бюджети асосидаги талабалар учун давлат бюджети ҳисобидан 50 фоизгача рағбатлантирувчи маблағ ажратилади», деган жойи ҳам бор экан. Жуда ишондикда. Мақсадларингиз пулни тежаш бўлиб турган бир пайтда аълочи талабаларнинг кўпайиши ёки бўлиши сизлар учун ғирт бошоғриқку. Аввалги тажрибаларингиздан хабаримиз бор. Талабанинг ҳамма баҳоси беш бўлмаслиги, баҳо дафтарчасига биттагина тўрт ёки уч баҳо тушириш учун нималар қилганларингизни жуда яхши биламиз. “Ҳаммасини беш қилиб келаётувдим барибир битта тўрт ёки уч туширишди”, деган талабаларни кўп эшитганмиз.

Бу ўйлаб топган топилмаларингиз албатта уч баҳоси 30 фоиздан ошадиган талабаларнинг кўпайишига катта имкон бўлади. ОТМнинг мақсади пулни тежашми, мақсад талабани стипендиядан маҳрум қилишми бу борада ҳеч нарсадан қайтишмайди. Стипендиядан қисишаяптими, демак ўқитувчилар уларга стипендия бермаслик учун “3” баҳоларни пақиллатиб қўйиб ташлайверишади. Талабаларнинг асабларини бузиб, “3” баҳо олмагунча, “майли домла уч баҳоям бўлаверади” демагунча жонини ҳиққилдоғига келтиришади. Мақсад стипендиясизларни кўпайтириш, пулни тежашга ўхшаб қолаяпти. Бу талабани ўқишдан совутиш, ҳафсаласини пир қилиш билан баробар. Талаба стипендиясиз қолмаслик учун яхши ўқишининг фойдаси йўқлигини ҳам энди жуда яхши билади. “3” баҳоси кўпаймаслиги учун яна пора бериш бошланади.   Ўзбек қандай “шум кашфиёт”ни ўйлаб топаётган бўлса унинг энг чуқур илдизлари таълим даргоҳларига бориб тақалади. Яна бир гап, негадир иш излаётган талабаларнинг сони ўтган йилга қараганда жуда кўпайиб кетди. Энди сизларга савол: талаба пул топиш учун ишлаб дарсга бормаса, илм олишга қизиқмаса, ҳафсаласиз бўлса, давомат яхши бўлмаса, яхши баҳо олай деб сизни ҳоли жонингизга қўймаса, мана ойликларингиз ошди худо хохласа кимга дарс бермоқчисизлар... Балки талабаларга умуман баҳо қўймасдан ўқитиш керакдир.


Report Page