Содир қилган жинояти учун 13-20 йиллаб қидирувда юрган шахслар ушланган

Содир қилган жинояти учун 13-20 йиллаб қидирувда юрган шахслар ушланган

@Jinoyatlar
Фото: ЎзА

Жиноят учун жазо муқаррарлиги принципи жиноятлар олдини олишнинг муҳим шартларидан биридир. Зеро, жазодан қўрқмаслик ёки унинг таъминланмаслиги жиноятга йўл очиб бериши шубҳасиз. 

Шу жиҳатдан содир бўлаётган жиноятларнинг вақтида очилиши ва жазонинг таъминланиши жуда муҳим.

2019 йил 10 январда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида шу масалага эътибор қаратиб, айрим жиноятлар очилмай қолаётганини танқид қилган, жазосиз қолаётган бундай шахслар яна жиноят содир қилиши мумкинлигини қайд этган эди. 

Шундан сўнг ички ишлар ва прокуратура ходимлари ҳамкорлигида қатор тадбирлар ўтказилган. Пухта режа асосида амалга оширилган операциялар натижасида аввал очилмасдан қолган 791 жиноят фош этилган. 

2017 йил 23 июлда Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида тўрт нафар шахс босқинчилик жиноятини амалга ошириб, бир неча фуқарога катта миқдорда зиён етказган эди. 24 ёшдан 34 ёшга, деб тахмин қилинган бу шахсларни аниқлаш ва топиш имкони бўлмаган эди. Олиб борилган кенг қамровли суриштирув ишлари натижасида бу шахсларни жорий йил 19 мартда фош этишга эришилган. Энг ёмони, уларнинг бошқа қатор ўғрилик ва талончилик жиноятлари содир этгани ҳам аниқланган. Ҳозирда жиноят ишлари бўйича тергов якунланиб, суд муҳокамасига юборилган. 

Амалиётлар натижасида жиноят содир қилиб, суд ва терговдан қочиб юрган 1,5 мингдан ортиқ шахс қўлга олиниб, суд ҳукмига ҳавола этилди. 

Бухоро вилоятида ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларимиз, деб жабрланувчини қўрқитиш йўли билан 500 минг АҚШ долларини олган номаълум талончиларнинг шахси аниқланиб, қидирувга берилган эди. Оператив ходимларнинг моҳирона ўтказган тезкор тадбирлари натижасида Россия Федерацияси ИИВ ходимлари ҳамкорлигида жиноят содир қилган шахслар Россиянинг Қозон шаҳрида қўлга олиниб, шу йил февраль ойида Ўзбекистонга олиб келинди. 

Гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлари учун 13 йилдан буён қидирувда бўлган Муродали Мадалиев, 20 йилдан буён қидирувда бўлиб, Тожикистон Республикаси фуқароси паспортидан фойдаланган Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Жамалов, 13 йилдан буён босқинчилик жинояти учун қидирувда бўлиб, Қирғизистон Республикаси фуқароси паспортидан фойдаланиб юрган Ўзбекистон фуқароси Ахтам Танглиевлар Россия Федерациясининг турли шаҳарларида қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинди. 

Жиноятчиликка қарши курашиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ички ишлар органлари томонидан жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида юқоридаги каби кўплаб самарали ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланган мақолада батафсил танишасиз. 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Report Page