Каврак кушандалари қўлга олинмоқда

Каврак кушандалари қўлга олинмоқда

@Jinoyatlar
Фото: ЎзА

Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари Бойсун туманидаги Беш эркак массивида навбатдаги рейд тадбири чоғида Темир дарвоза маҳалласида яшовчи Б.Каримов, Б.Жўрақулов ҳамда Чилонзор маҳалласида яшовчи У.Даминовларни ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилаётганида ушлади.

Улар ноёб каврак ўсимлиги ширасини қонунга зид равишда ўзбошимчалик билан йиғиштириб олаётган эди. Бу кимсаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 95-моддасига мувофиқ тегишли чора кўрилди.

Каврак – шифобахш ноёб ўсимлик. Ундан олинадиган смола-елим таркибидаги эфир мойлари, унга саримсоқ ҳидини берувчи органик сульфидлар, пинен, кумарин ва бошқа моддалар тиббиётда кенг қўлланилади. Қадимдан халқ табобатида смола-елимдан томир тортиши, ўпка сили, ўлат, заҳм, йўтал, тиш оғриғи, асаб ва бошқа касалликларни даволаш учун фойдаланилган. Балғам кўчирувчи, қувват берувчи ва гижжа ҳайдовчи восита сифатида ҳам ишлатилган.

Сурхондарё вилоятининг тоғ ва тоғолди ялангликлари, чўл ва адирларида ўсадиган бу ўсимлик захиралари ўрганилиб уни сақлаб қолиш ва кўпайтириш чоралари белгилаб олинган.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда экологик назоратга доир фаолият самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани жойларда экологик мусаффоликни сақлаш, табиат инъом этган бойликларни асраб-авайлаш ва улардан тежаб, оқилона фойдаланишга қулай муҳит, кенг имконият яратди. Бу жараёнда каврак ўсимлигини янада кўпайтириб, кенг майдонларда плантацияларини барпо этиш, миллий иқтисодиётимизни юксалтириш ва аҳоли саломатлигини сақлашга йўналтириш юзасидан ҳам тегишли вазифалар белгилаб берилди.

– Президентимизнинг 2018 йил 20 мартдаги “Республикада каврак плантацияларини ташкил этиш ва уларнинг хом ашёсини қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда экспорт қилиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Мурод Нурматов. – Шунга мувофиқ бошқармамизда ташкил этилган давлат экологик назорати ва профилактика тадбирларини ўтказиш бўйича доимий фаолият юритувчи тезкор гуруҳ каврак ўсадиган ҳудудларда назоратни кучайтирди. Улар томонидан жойларда ўтказилаётган тезкор рейдлар ва ўрганишлар чоғида табиий бу бойликка ўзбошимчалик билан зарар етказмоқчи бўлган қонунбузарлар аниқланмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида тезкор гуруҳнинг давлат инспекторлари вилоятнинг Қумқўрғон, Шеробод, Музработ, Узун ва Бойсун туманларида каврак ўсимлигининг ширасига тажовуз қилаётган 70 га яқин шахсни қўлга олиб, қонун доирасида тегишли жазо қўллади.

Вилоятда мазкур тадбир давом этмоқда.

Х.МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Report Page