Ноқонуний валюта савдосига чек қўйилди

Ноқонуний валюта савдосига чек қўйилди

@Jinoyatlar
Фото: ЎзА

Ҳозирги вақтда республикамиз банк-молия соҳасида ўтказилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, хорижий валюталарни айирбошлаш ва конвертация қилиш масалалари ҳал этилган бўлишига қарамай, афсуски, чет эл валюталарининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи фуқаролар ҳамон учраб турибди. Бу турдаги жиноятларга қарши курашиш борасида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қатъий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, хориж валютасининг ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи Қарши шаҳрида туғилган Азамат Норов 21 400 АҚШ долларини 8550 сўмдан ҳисоблаб, 182 миллион 970 минг сўмга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Аниқланишича, Норов ушбу валютанинг 1400 АҚШ долларини ўзининг таниши Элдор Бекқуловдан олган.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Бекқуловнинг “Жентра” русумли автомашинаси кўздан кечирилганда, унинг салонида 28 минг 600 АҚШ доллари ва 8 миллион 14 минг сўм борлиги аниқланди.

Норов ва Бекқуловдан жами 50 минг АҚШ доллари ва 8 миллион 14 минг сўм пул ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Report Page