Чучварани хом санаган алиментчи оталар

Чучварани хом санаган алиментчи оталар

@Jinoyatlar
.

Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи Раҳим Тоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) пойтахтга қочиб кетсам, фарзандимнинг моддий таъминоти учун алимент тўловини ҳеч ким ундиролмайди, деб ўйлаб, Тошкент шаҳрига равона бўлади. Бироқ, у чучварани хом санаган экан.

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2004 йил февраль ойидаги буйруғига асосан Р.Тоғаевдан вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент ундириш белгиланган.

Суд буйруғини бажаришдан бўйин товламоқчи бўлган алиментчи отанинг яшаш манзилидан бедарак чиқиб кетгани аниқлангач, унга Мажбурий ижро бюросининг Денов тумани бўлими томонидан қидирув эълон қилинади. Шунингдек, алиментдан қарздорлиги бўлганлиги сабабли унга нисбатан мамлакатимиз ҳудудидан четга чиқиб кетиш бўйича вақтинчалик чеклов ҳам қўйилган. Шундан сўнг у Тошкент шаҳридан топилиб, Деновга олиб келинган. Бу даврда қарздорлиги 17 миллион 500 минг сўмга етиб қолган эди. 

– Қарздор отага алимент тўламаслик оқибатлари тушунтирилгач, Раҳим Тоев ўз фарзандининг моддий таъминоти учун йиғилиб қолган алимент пулларини тўлиқ тўлаб берди, – дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – Акс ҳолда унинг ҳам аҳволи Термиз туманида яшайдиган алиментчи Чўлли Явқочовникидек бўлиши мумкин эди. Биласизми, Явқочов "жаноблари"га Термиз туманлараро фуқаролик судининг 2014 йил август ойидаги буйруғи билан уч фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаш мажбурияти юклатилган. Лекин, бу шахс суд буйруғини ўз вақтида бажармай келган. Оқибатда унинг вояга етмаган фарзандлари олдидаги қарзи 20 миллион сўмга яқинлашиб қолган экан. Бу масала тегишли тартибда ўрганилиб, Бюронинг Термиз тумани бўлими томонидан тўпланган хужжатлар ҳал қилиш учун туман маъмурий судига юборилди. Суд томонидан унга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддасига асосан 15 кечаю кундузга маъмурий қамоқ жазоси белгиланди. Бу жазо Чўлли Явқочовни тўпланиб қолган алимент қарзини тўлаб беришдан озод этмайди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА


Report Page