С.Юсуповга нисбатан жиноят ишида унга пул берган фуқаролар масаласи қандай ҳал этилади?

С.Юсуповга нисбатан жиноят ишида унга пул берган фуқаролар масаласи қандай ҳал этилади?

@Jinoyatlar
Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Бош прокуратураси масъуллари иштирокидаги мулоқотда бу саволга жавоб берилди.

ДХХ Тергов бошқармаси томонидан 2019 йил 10 май куни Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи Саид-Абдулазиз Юсуповга Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. 

Тергов давомида аниқланишича, 2013-2017 йилларда С.Юсупов ўзини ўш пайтдаги МХХ ходими сифатида таништириб, жами 6 нафар фуқаронинг ишончига кирган. Шунингдек, уларни алдаб жами 160 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

2019 йил 12 май куни С.Юсупов жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Бош прокуратура маълумотига кўра, ушбу жиноят ишининг тергови назоратга олинган, жиноят иши доирасида барча айбдор шахслар жавобгарлиги қонуний ҳал этилади.

Шунингдек, С.Юсуповнинг рафиқаси, адвокатининг айтган гаплари ва Бош прокуратура расмий баёнотида кескин фарқлар борлигининг сабаби сўралди.

Ҳар қандай жиноят иши бўйича гумон қилинувчи, айланувчи ва судланувчи ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланади. Бунда ҳимоячи ўзининг ҳимоя позициясига эга бўлиши мумкин. Шунингдек, айбланувчиларнинг яқин қариндошлари ҳам тергов жараёнларига оид ўз қарашларига эга бўлиши ҳамда илтимосномалар киритиш ҳуқуқига эга. Ушбу ишда қариндошлар томонидан билдирилган илтимосномалари асосида Бош прокуратура жиноят-процессуал қонунчилиги доирасида максимал шаффофликни таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Бундан ташқари, С.Юсупов Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 26.07.2018 йилдаги ҳукмига кўра, 2014 йил июнь ойида фуқаро Т.Каниязовага ўзини МХХ ходими деб таништириб, унга Туркия давлатидан тиббиёт жиҳозларини етказиб беришини айтиб, 240 миллион сўм пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани учун судланган бўлиб, ушбу жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплаш учун мансабини суиистеъмол қилиб, ўзи раҳбарлик қилиб келган Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондига аниқ мақсадлар учун, яъни шу соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 270 миллион сўм пул маблағларини ҳам ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб, шу пул маблағларини турли хўжалик юритувчи субъектларга ўтказиш орқали судланаётган жиноят иши бўйича зарарни қоплаганлиги аниқланган. Ҳозирда фонднинг молиявий фаолияти бўйича тафтиш ўтказилмоқда. 

С.Юсуповнинг айби иш бўйича аризачи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, юзлаштириш, нарса ва ҳужжатларни кўздан кечириш баённомалари, экспертиза хулосалари билан тўлиқ тасдиқланган.

С.Юсупов қон-томир касалликлари билан касалланганлиги сабабли, тергов органи томонидан унинг соғлиги аҳволини текшириш учун судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Республика Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг шу йил 16 май йилдаги хулосасида С.Юсуповда қон-томир касаллиги, хусусан “Посттромботик касаллик, сурункали қон-томир етишмовчилиги 3-даражаси, “Кава-фильтр имплантацияси жарроҳлик амалиётидан кейинги ҳолат” касаллиги аниқланган бўлса-да, айбланувчининг саломатлиги унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши ва тергов ҳаракатларида иштирок этишига тўсқинлик қилмаслиги кўрсатилган.

Учрашувда ушбу иш юзасидан тўлиқ маълумот берилди.

Барно Мелиқулова,
ЎзА

Report Page