Куёвнинг "каромати" ёхуд маҳалла томонидан қасддан одам ўлдирган жиноятчига ҳам ижобий тавсифнома берилмоқда

Куёвнинг "каромати" ёхуд маҳалла томонидан қасддан одам ўлдирган жиноятчига ҳам ижобий тавсифнома берилмоқда

@Jinoyatlar
.

Қирқ ёшни хатлаган Мансур Очиловнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) асл иллати боқимандалик эди. 

У уйда ётиб зериккач, кўчага чиқиб ҳаммаҳалла оғайнисига дуч келди. Ва... албатта гап ўз-ўзидан “бир кўнгил чигалини ёзиш” га, яъни ичкиликка бориб қадалди. Шашти баланд улфатлар тезда “мурод"ига етишди.

Рўзғор учун отасидан пул олиб бозорга кетган аёл эрининг туришидан аччиқланди. Аммо гапирмади, чунки унинг феълини биларди.

– Ўн минг сўм орттириб келдингми?!

– Йўқ, орттиролмадим!

Эр-хотиннинг жанжали маҳаллани тутди. Калтакланган, хўрланган аёл отасини чақиртирди.

“Эркак бўлиб бир рўзғорни эпламаса-ю хотин урарканми?!”

Бу тахлит таъна куёвга ёқмади. Боз устига, у ширакайф, аламзада эди.

Даҳанаки жанг калтакбозликка ўтди. Куёв – кучли. Қайнота – кекса. Отасининг юз-кўзи, бошига куракча билан тушаётган зарбалардан юраги ортига тортган аёл эрининг қўлига ёпишиб, куракчани тортиб олди. Аммо эр ҳали ҳовуридан тушмаганди. Ошхона томон югуриб болта билан қайтиб чиқди. Ҳоли қуриган, қўрқиб кетган қайнота қоча бошлади. Бироқ атиргул тиконига илиниб қоқилди. Важоҳат билан етиб келган куёв эса, вояга етмаган, чирқиллаб турган фарзандлари кўз олдида болтани қайнотанинг бошига солди...

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси Д.Комилов раислигида жиноят иши ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в,ж” бандлари билан айбли деб топилди ва 57-моддаси қўлланилиб, 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Озодликнинг қадрини айни ўша кундан ҳис эта бошлаган Мансур Очилов суддан енгиллик сўраб зорланди. 

– Яна бир мушоҳада, бизда “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, “Оила” илмий-амалий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи каби кўплаб жамоатчилик ташкилотлари нотинч оилаларнинг ичига кириб боролмаяпти. Қолаверса, маҳалла томонидан судланувчига, ҳатто қасддан одам ўлдирган инсонга ҳам ижобий тавсифнома бериш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Шу асосларга кўра суд судланувчи истиқомат қилувчи маҳаллага нисбатан хусусий ажрим чиқарди ва туман ҳокимлигига юборди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди бўлим бошлиғи А. Арипов. 

Акромжон САТТОРОВ, ЎзА 


Report Page