Судьяларга пора таклиф қилиш давом этмоқда

Судьяларга пора таклиф қилиш давом этмоқда

@Jinoyatlar
Фото: ЎзА

Орамизда шундай одамлар борки, жиноятни навбатдаги жиноят билан хаспўшлашга уринади. Шу мақсадда жазони енгил жазога айлантириш ёки жазодан умуман қутилиб қолиш пайида “таниш-билиш” қидирадилар. Оқибатда жиноят устига жиноят содир бўлади.

Бироқ жиноят учун жазо муқаррарлигини англамаслик, қонунни айланиб ўтишга уриниш эса барибир яхшиликка олиб бормайди.

Жорий йилда судья ва суд ходимлари томонидан уларга пора бериш таклифи билан чиққан шахсларга нисбатан Судьялар олий кенгашига мурожаат қилиш ҳолатлари нисбатан кўпайгани кузатилди.

Хусусан, жорий йил апрель ойида Наманган шаҳар судининг архив бўлими мудири бўлиб ишловчи М.Тажибаевга “Анас” исмли шахс судда кўрилаётган чет эл валютасини ноқонуний сотишга оид жиноят иши бўйича судланувчи А.Атахановга нисбатан жазо тайинлаш масаласида енгиллик бериши эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган.

Судьялар олий кенгаши ташаббуси асосида тегишли идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида Анас Хожиев суд ходими М.Тажибаевдан ўзининг таниши А.Атахановга нисбатан жазони енгиллатиб бериши учун 400 АҚШ доллари бераётган вақтда қўлга олинди.

Жорий йилнинг 13 май куни Судьялар олий кенгаши ташаббуси асосида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Афғонистон фуқароси Бегзада Нажибуллаҳ жиноят ишлари бўйича Термиз тумани судининг раиси К.Назаровга ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмини ўзгартириб, ундан депортация қилиш қисмини чиқариб ташлаш эвазига хизмат хонасида 500 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида жиноят устида ушланган ва ашёвий далиллар олинган.

Шунингдек, 2019 йил 7 июнь куни Шаҳрихон туман маъмурий судининг ёрдамчиси Ж.Тўйичевга ўзини Фарҳод Воҳидов, деб таништирган шахс учрашиб, муқаддам маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани, шу жазо муддатини қисқартириб бериш эвазига судья ёрдамчиси Ж.Тўйчиевга олдиндан миннатдорчилик тариқасида муайян миқдордаги пулларни гўёки миннатдорчилик тариқасида беришга уринган.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ж.Тўйчиевнинг билдиргиси асосида тўпланган ҳужжатлар фуқаро Ф.Воҳидовнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун Шаҳрихон тумани прокуратурасига юборилди.

Суд ходимлари ва судьяларнинг порани рад этиши, бундай ҳолатга дуч келганда уни фош этишда фаол иштирок этиши қувонарли ҳол, албатта. Бу соҳада виждонли, ўз касбига садоқатли, адолатли инсонлар борлигининг яққол тимсоли.

Зотан, халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари ва судьялар таркибини шакллантириш бўйича тизимда жуда кўп ишлар қилинмоқда. Буни қалбига жой айлаган ходимларгина порахўрликдан хазар қилиб, халққа ҳалол хизмат қилади.


Санжар ДЎСМАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши

Report Page