БИР АЁЛНИНГ БЕШ НАЙРАНГИ...

БИР АЁЛНИНГ БЕШ НАЙРАНГИ...

@Jinoyatlar
.

Ҳар бир инсоннинг хатти-ҳаракати яхши-ёмон кунларига сабабчи. Ақлан соғлом киши эса қайси йўл тўғри, қай бири нотўғри эканини англайди. Баъзан сувдан қуруқ чиқиб кетаман, деб ўйлайди...

Уч нафар фарзанди, ҳавас қилса арзигулик оиласи, гулдек касби (ўқитувчи) бўлган Мастона Қорабоева (исм-шарифлар ўзгартирилган) кимларнингдир гапига кириб, Корея давлатига бориб, бироз муддат ишлаб келди-ю, юрса ҳам, турса ҳам пул, деб кўз очадиган бўлди-қолди. Унинг бу хатти-ҳаракати туфайли оиласига нотинчлик аралашди.

“Кўп пул топяпман, учта боламни гулдек қилиб боқиб оламан”, деган ўй оилада ота тарбиясининг ўрнини унутишига олиб келди. Кўзи кўр, қулоғи кар бўлиб қолди.

Унинг “фаолияти” ҳақида эшитганлар орасидан, қарангки, ишонганлар ҳам чиқа бошлади.

  • Сизларни Кореяга жўнатадиган махсус фирмамиз бор, - деди мижозларга. Тўловини қилсангиз бўлди, ҳужжат-пужжат, тил ўргатиш барчаси бизнинг зиммамизда бўлади. Узоғи уч ойда... учиб кетасизлар.

 М.Қорабоева шу тариқа Икром Усановдан 13.600, Йўлдошали Усуфовдан 7.200, Шавкат Ориповдан 7.100, Розиқ Тошпўлатовдан 2.100 ҳамда Жаннатой Расуловадан 2.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, ўз манфаати йўлида ишлатиб юборди.

Албатта, у бундай ҳаракатни ўз-ўзидан бошламаган, унинг ишонгани ва илинжи бор эди. Сурхондарё вилоятида яшовчи таниши Сайфиллонинг кўрсатмасига кўра, одам топиши ва унинг “Samsung” фирмаси орқали Кореяга жўнатиш режа қилинган эди.

 М.Қорабоева Сайфилло айтган нархдан ҳам баландроқ айтиб ҳам фуқаролардан, ҳам Сайфиллодан “доля” олишни мақсад қилганди. Ҳа, катта миқдордаги маблағни кўзлагандию...

“Samsung” чиндан ҳам расмий фирмами, ўйлаган ишлари ҳайрли кечиши учун ҳаммаси рисоладекми, буни ўйламаганди. Қарангки, у фуқаролардан йиғиб олган пулларни ўз эхтиёжи йўлида совуриб юрган бир пайтда “Samsung” нинг кирдикорлари фош бўлиб фаолиятига чек қўйилди.

 Гувоҳи бўлганингиздек, М. Қорабоеванинг топганига қурт тушди, ҳатто ҳаётини алғов-далғов қилиб юборди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Қўлида АҚШ долларини ушлаб, ҳаражат қилиб юрган ҳамюртларимизнинг чет давлатларда ишлашга ошиқишининг маъниси нимада? Шунча маблағни ўз юрти, Ватанидан топган экан, нима қилади хорижда?

Оиласи пароканда бўлган М.Қорабоеванинг қилмишига қонуний баҳо берилди. Етказилган моддий, маънавий зарарни тўла қоплаган ҳолда, Жиноят кодекси 57-моддасини қўллаб, қўшимча жазо тайинламаган ҳолда 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Бировдан олдин, бировдан кейин бўлса-да, файзли кечаётган турмуши, саодатли оиласи, бахтиёр фарзандлари – бари-барининг заволи унинг виждонини тинч қўярмикин?

         

Акрамжон Арипов,

Жиноят ишлари бўйича 

Наманган вилоят суди бўлими бошлиғи


Report Page