Covid-19

Covid-19


Осуда кунлар келади  

 ( Бадиа)

Улкан бир мамлакат Президенти тиббиёт ходимларининг ниқоб тақиб юришни мажбурий деб белгилаш тўғрисидаги тавсияларини қатъиян рад этган. Буни қарангки, орадан кўп ўтмай ўша жанобнинг коронавирусга чалингани маълум бўлди. Ўшанда ҳам у бўш келмади: қанақадир таблетка ичаётганлигини айтиб, бош бармоғини кўрсатди ва  “ Ҳаммаси зўр бўлади” деди.Яқинда уни яна “ Ойнаи жаҳон”дан кўрсатиб,қайта ўтказилган тест натижаси ҳамон унинг қонида вирус борлигини тасдиқланганлигини билдиришди. Энди у катта ниқоб тақиб олган, кўзларидан аҳволи яхши эмаслиги кўриниб турарди. Яна бир қудратли давлат раҳбари ҳам доим керилиб юрарди. Тиббий ниқоб тақишни ўзига сира эп кўрмасди. “ Биз улуғ халқмиз. Ҳар қандай офатни енгамиз “ дерди у кибр-ҳаво билан. Миллионлаб ватандошлари коронавирусга йўлиқиб, вазият чигаллашгач, кўпчилик уни касаликка етарлича эътибор бермаётганликда, бунинг устига жамоат жойларида тиббий ниқоб тақмасдан бошқаларни чалғитаётганликда айблай бошлади. Ниҳоят яқинда бу жаноб ҳам илк бор тиббий ниқобда кўриниш берди. Теварагидагилар ҳам ундан ибрат олишган эди. Одамнинг юзи иссиқ. Яхшиларнинг чеҳрасидан нур ёғилиб туради. Бундай инсонларнинг юз-кўзига боқиш қанчалар ёқимли, кўнгилга қанчлар илиқлик бағишлайди.

           Ахир, тиббий ниқоб тақиб юриш кимга ёқади? Айниқса жазирама иссиқ кунлари юзни ёпиб юриш азоб-ку! Лекин наилож!                                 

Қариндош-уруғ , дўст- биродар, умуман дилга яқин одамларни кўрганда қўл бериш  ҳам гапми, бағрига босиб кўришишни ким ҳохламайди?  Меҳрингизни қозонган инсонлар билан қучоқлашиб кўришиш кишига қанчалар завқ-шавқ улашади. Беихтиёр яйраб кетасиз.

           Минг афсуски, ҳозир ҳатто қўл бериб кўриш ҳам тавсия этилмаётир. Вазият шуни тақозо этса, начора!

           Одам одамдан ўзидан олиб қочади, деб ким ўйлабди? Бундай кўргулик хеч кимнинг тушига ҳам кирмаган. Бундай нохуш ҳолатдан барча бирдай безган. Уйдан чиқолмай, чиққанда ҳам олазарок бўлиб юришдан ҳамма чарчаган. Буни яширишнинг ҳожати йўқ. Бироқ эътироф этиш керакки, ҳозирги ҳолатда коронавирус балосини жиловлаш, ундан халос бўлиш учун хусусан тиббий ниқоб тақиб юриш ва оралиқ масофани сақлашга мажбурмиз. Айни пайтда бундан ўзга йўл йўқ .

           Орада карантин чекловлари юмшатилганлигини баъзи бировлар ўзича     

 “ Коронавирусдан қутилдик. Энди хавотирланмасак ҳам бўлаверади” қабилида тушунди шекилли. Базму жамшидлар бошланиб кетди. Бир калтабин кимса тўйига белгиланган меъёр-30 киши ўрнига ўзича устамонлик қилиб, меҳмонларни уч гуруҳга бўлган ва ўттизтадан жами тўқсон кишини чақириб, зиёфат берган. Кейинчалик улардан 70 нафари вирус юқтириб олгани маълум бўлган. Одамларнинг бошига кулфат ёғдирган тўй-тўйми?

           Айримлар тиббий ниқоб тақиб юриш ва ижтимоий масофани сақлаш зарурлигини унутиб қўйди. Оқибати нима бўлди?  Касалланиш ҳолатлари кескин ортиб кетди. Айниқса аҳоли ўртасида касаллик кенг тарқалгани ташвишланарлидир. Энг ёмони, ўлим холатлари кўпайди.  Шу тариқа коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланди . Натижада ҳукуматимиз томонидан қайта карантин тартиби кучайтирилди. Бу мажбурий чекловдир. Чунки фақат шу йўл билангина пандемия занжирини узиш ва касалланиш ортиб кетишининг олдини олиш мумкин. Барча саъй-ҳаракатлар сизу бизни офатдан асрашга қаратилган. Буни тўгри тушунишимиз лозим. Бу кўринмас ёвга қарши якдил бўлиб, сабр , ақл-фаросат, мустаҳкам ирода билан курашсаккина уни  енгишимиз мумкин. Шундай экан , ҳар биримиз лоақал ўзимизни асрайлик. Ўзимизга касаллик  юқишига йўл қўймайлик. Бошқаларга ҳам биздан зарар етмасин. Бу билан аввало ўзимизга , оила аъзоларимизга,  қолаверса халқимизга, ҳукуматимизга катта ёрдам қилган бўламиз.           Азизлар, бунинг учун биздан ҳеч ким тоғни уриб талқон қилишни ёки шаҳар қуришни талаб қилмаяпти. Бунинг учун жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиб юрсак, қўл бериб кўришишдан тийилсак, оралиқ масофани сақлаш қоидаларига амал қилсак, шунинг ўзи кифоя.  Ваҳимага , саросимага ўрин йўқ, албатта. Аммо бу бефарқ, бепарво бўлинг дегани эмас. Ҳар бир одамнинг изидан қоровул қўйиб бўлмайди. Шунинг учун ҳар биримиз тушунган ҳолда масъулиятли бўлсак, айни муддао бўларди. Ноумид шайтон. Бу кунлар ҳам ўтади. Омон бўлсак, меҳмон чақирадиган, меҳмондорчиликларга борадиган, чойхоналарда, ошхоналарда яйраб вақтичоғлик қиладиган фурсатлар ҳам келади. Гумбурлатиб тўйлар қиламиз. Бир-биримизнинг дийдоримизга тўямиз, ишооллоҳ . Ана шундай ёруғ ўй-хаёллар, яхши ниятлар бугунги кунда бизга сабр-бардош бағишласин. Дуо қилайлик: Аллоҳ бу офатни ер юзидан, хусусан юртимиздан тезроқ даъф  этсин . халқимиз омон бўлсин. Ёруғ кунлар умиди бизни асло тарк этмасин.  ...Одатдагидек эрта тонгда Сурхондарё бўйига ошиқдим. Салқин шабада, тоза ҳаво танга роҳат, қалбга ором, дилга таскин бағишлади. Сокин оқиб ётган тиниқ, сержилва сув кўзларга нур бўлиб сингди. Қуёш чарақлаб борлиқни нурга чулғади.

           Худо хохласа, осуда кунлар келади.

                                                                                                         Қурбон Жўраназаров


Report Page