Инфографика: Фарғонада янги касаллар ҳам, тузалганлар ҳам йўқ, яна уч вилоятда икки кундан буён янги ҳолатлар қайд этилмаяпти.

Инфографика: Фарғонада янги касаллар ҳам, тузалганлар ҳам йўқ, яна уч вилоятда икки кундан буён янги ҳолатлар қайд этилмаяпти.

@OLTIARIQ_TV24

Наманган, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида сўнгги икки кунда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилмади, Фарғонада уч кундан буён янги касалланиш ва тузалиш ҳолатлари бўлмади. Беш кун давомида янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилмаган Андижонда бугун бир кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

foto @Oltiariq_tv24

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон ҳудудларида сўнгги 25 кун ичида Covid-19 касаллигининг қайд этилиши ва соғайиш кўрсаткичлари динамикаси бўйича маълумотларни эълон қилди.

Қорақалпоғистонда шу вақтгача 114та ҳолат қайд этилган (шундан 81таси сўнгги 25 кунда), улардан 101 нафари соғайган (89 фоиз), 13 киши даволанмоқда. Ушбу ҳудудда 30 апрелдан бошлаб бир ҳафта давомида бирорта зарарланиш ҳолати қайд этилмаган, фақат сўнгги икки кунда 5 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.


Тошкент шаҳрида 15 март кунидан буён жами 738та зарарланиш ҳолати қайд этилган (шундан 411таси сўнгги 25 кунда), улардан 548 нафари соғайган (74 фоиз), 5 бемор вафот этган, 188 бемор даволанишни давом эттирмоқда. Ўтган вақт давомида фақат бир кунда - 2 май куни Ўзбекистон пойтахтида вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилмаган. Сўнгги икки кунда жами 63та янги зарарланиш ҳолати қайд этилган.


Маълумот учун, Тошкент шаҳри «сариқ» ҳудуд сифатида белгиланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг Kun.uz’га изоҳ беришича, Тошкентда қайд этилаётган ўсиш ҳолатлари чегарада аниқланаётган беморлар билан боғлиқ, асосан Тожикистондан кириб келувчиларда вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилмоқда, шаҳар ҳудудида сўнгги ҳафталарда янги зарарланиш ҳолатлари аниқланмаган.

Андижон вилоятида шу вақтгача жами 166 ҳолат қайд этилган (шундан 69таси сўнгги 25 кунда), беморларнинг 131 нафари соғайган (81 фоиз), 31 киши даволанмоқда. Мазкур ҳудудда 3 майдан бошлаб янги ҳолатлар қайд этилиши тўхтаганди, аммо 8 май куни бир кишида вирус аниқланди.


Бухоро вилоятида шу вақтгача жами 440 ҳолат қайд этилган, беморларнинг 404 нафари соғайган (92 фоиз), 36 киши даволанмоқда. Ушбу вилоятдаги ҳолатлар хориждан келган ва карантинга жойлаштирилган фуқаролар орасида аниқланган. Вилоятда сўнгги ҳафтада жами 12 кишига (3 май куни олти, 5 май куни бир ва 8 май куни беш бемор) вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.


Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари коронавирусдан холи ҳудудлар ҳисобланади. Бу ҳудудларда сўнгги 25 кунда бирорта зарарланиш ҳолати қайд этилмаган.




Наманган вилоятида шу вақтгача жами 234 кишида вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилган (шундан 164 киши сўнгги 25 кунда), 4 бемор вафот этган, 159 киши соғайган (68 фоиз). Айни вақтда 71 бемор даволанмоқда. Сўнгги икки кунда вилоятда янги ҳолатлар қайд этилмаган.


Самарқанд вилояти сўнгги вақтларда вирус ўчоғига айланди. Ушбу ҳудудда шу вақтгача жами 166 беморда вирус аниқланган (шундан 160таси сўнгги 25 кунда), ўтган вақт мобайнида 70 киши соғайиб чиққан (42 фоиз), 96 киши шифохоналарда қолмоқда. Вилоятда 27 апрель кунидан буён ҳар куни янги ҳолатлар аниқланмоқда, сўнгги ҳафтада касаланганлар сони тузалиб чиққанлар сонидан кўп бўлган - 73та янги ҳолат ва 48 тузалиш ҳолати.


Сирдарё вилоятида ҳам кўрсаткичлар ҳозирча ижобий эмас. Ўзбекистонда коронавирус энг охири бўлиб кириб келган вилоятда сўнгги 25 кунда жами 24та ҳолат қайд этилган, шундан 13 киши соғайган (54 фоиз), 11 киши даволанишни давом эттирмоқда. Вилоятда сўнгги ҳафтанинг 4 кунида янги ҳолатлар аниқланган.


Сурхондарё вилоятида шу вақтгача жами 41 кишида вирус аниқланган (шундан 24 ҳолат сўнгги 25 кунда), шу вақтгача 35 киши соғайди (85 фоиз), айни вақтда яна 6 киши шифохоналарда даволанишни давом эттирмоқда. «Сариқ» ҳудуд сифатида қайд этилган вилоятда сўнги ҳафтанинг икки кунида (4 май ва 6 май) янги ҳолатлар қайд этилган, сўнгги икки кунда янги ҳолатлар аниқланмаган.


Фарғона вилояти Ўзбекистонда вирус илк кириб келган ҳудудлардан саналади. Шу вақтгача вилоятда 158 ҳолат қайд этилган (шундан 80таси сўнгги 25 кунда), 1 бемор вафот этган, 131 бемор тузалган (83 фоиз), 26 киши даволанмоқда. Сўнгги ҳафтанинг уч кунида янги ҳолатлар қайд этилган (2, 4 ва 5 май кунлари), сўнгги уч кунда янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаган, бу кунларда тузалиш ҳолатлари ҳам бўлмади. Вилоят «қизил» ҳудуд сифатида таснифланган.


Хоразм вилоятида март ойидан буён жами 233 кишида вирус аниқланган (шундан 73 ҳолат сўнгги 25 кунда), 168 бемор соғайган (72 фоиз), 65 бемор даволанишни давом эттирмоқда. «Сариқ» ҳудуд ҳисобланадиган ушбу вилоятда сўнгги ҳафтада уч кунда жами 8та янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган (2, 3 ва 6 май кунлари), сўнгги икки кунда янги ҳолатлар қайд этилмади.


Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг телеграм каналида берилган инфографикага кўра, мамлакатда сўнгги 14 кунда ичида жами 521 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди. Шундан 336 киши (64 фоиз) коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали вирус юқтириб олган, 185 кишида (36 фоиз) хориждан келиб, карантинга олингач, касаллик аниқланган.



Report Page