Коронавирус:

Коронавирус:

🌐OLTIARIQ_TV

Жанубий Кореяда беморлар сони уч баробар ошиб кетди, ЖССТ Африкада эпидемия бошланишидан ташвишда

Чхондо шаҳрида вирусдан зарарланганлар шифохонага олиб кетилмоқда / AFP

Жанубий Кореяда COVID-19 коронавирусидан зарарланганлар сони икки кун ичида қарийб уч баробар кўпайди. Эндиликда бу мамлакат зарарланганлар сони бўйича Япониядан ҳам юқори кўрсаткич қайд этган ҳолда Хитойдан кейинги иккинчи ўринга чиқди.

Жанубий Корея соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шанба ва якшанба кунлари мамлакатда мос равишда 229 ва 123та коронавирус юқтиришнинг янги ҳолатлари аниқланган. Эндиликда мамлакатда ушбу вирусдан зарарланганларнинг жами сони 556 нафарни ташкил қилмоқда.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ким Ган Нип вирус тарқалиши «жиддий даража»га етгани ҳақида маълум қилган. Шу вақтгача Жанубий Кореяда 4 киши вирус юқтириш оқибатида ҳалок бўлди. Ҳукумат қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан ташвишда.

Якунланаётган ҳафта бошида ҳам Жанубий Кореяда янги вирус билан хасталанганлар сони 30 кишидан камроқ эди, аммо пайшанба куни уларнинг сони 100 кишига етди, жума куни эса 200 кишидан ошиб кетди. Пойтахт Сеулдан 300 километр масофада жойлашган ва 2,4 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Тэгу шаҳри COVID-19 коронавирусининг бош ўчоғига айланган.

Жанубий Корея коронавируснинг учинчи ўчоғига айланди. Сўнгги маълумотлар

21 февраль куни Жанубий Корея расмийлари коронавирус эпидемияси насронийларнинг «Синчонжи» диний ташкилоти билан боғлиқлигини маълум қилди. Ушбу секта аъзоси ҳисобланган 61 ёшли аёлда касаллик аломатлари 10 февралдақ пайдо бўлган, аммо у вирус бор-йўқлигини аниқлаб берувчи тестдан ўтишни икки марта рад этган ва бу қарорини хорижга чиқмагани билан изоҳлаган. Аёлда COVID-19’нинг борлиги аниқлангунига қадар, у камида иккита якшанба ибодатида қатнашишга улгурган. У коронавирусни юқтириб олгани тасдиқланган Жанубий Кореядаги 31-одам бўлди, айни вақтда у ушбу вируснинг мамлакатдаги энг машҳур тарқатувчиси ҳамдир. Касаллик унга кимдан юққани ҳозирча маълум эмас. Айни вақтда мамлакатда 9 мингдан ортиқ киши карантинга олинган, уларнинг аксар қисми диний секта аъзоларидир.

Сеул марказидаги Gwanghwamun саройи / AP


Жанубий Корея - коронавирус тарқалиши ҳолатлари кўплиги бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринда. Хитойда сўнгги маълумотларга кўра вирусдан зарарланганлар сони - 76 936 кишига етган, мамлакат ҳудудида вирусдан 2442 киши вафот этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Хитойдан ташқари дунёнинг 29 мамлакатида вирус юқтириш билан боғлиқ 1402 ҳолат қайд этилган. Япония ҳудудида ҳам 745та вирус юқтириш ҳолати аниқланган, аммо уларнинг аксар қисми - 634 киши «Даймонд Принцесс» круиз лайнерида вирус юқтириб олган.

Италиядаги вазият

Сўнгги кунларда Италияда вирус ваҳимаси бошланди. Айни вақтда бу мамлакат Европа ҳудудида коронавирус юқтириш ҳолатлари сони бўйича биринчи ўринда - 79. Вирус юқтирганларнинг икки нафари ҳалок бўлган (шанба кун маълумоти), Италия коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилган Европадаги илк давлатдир.

Жузеппе Конте коронавирус масаласида йиғилиш ўтказмоқда / EPA


Шанба куни Италия бош вазири Жузеппе Конте вазият юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказди ва сўнгги маълумотлар ҳақида ахборот берди.

Италия ҳукумати касалликнинг тарқалиши олдини олишга қаратилган чоралар кўриш бўйича махсус декрет қабул қилди. Кўриладиган чоралар орасида оммавий тадбирларни ўтказишни тақиқлаш, ўқув ва меҳнат фаолиятини вақтинчалик тўхтатиш ва карантинга риоя қилиниши учун ҳарбийларни жалб қилиш кабилар бор. 

«Биз ўтказиш пунктлари ўрнатамиз, керак бўлса, қуролли кучларни жалб қиламиз», деган Жузеппе Конте. 

Бош вазирнинг таъкидлашича, вирус тарқалиш ҳудудларига, муайян ҳолатлардан ташқари, кириш ва улардан чиқиш тақиқланади. Ушбу ҳудудларда меҳнат фаолияти, оммавий тадбирлар ва ўқиш тўхтатилади. 

Лоди вилоятида 50 мингга яқин одам ўз уйларида карантинда қолмоқда. 10та шаҳарда мактаблар, боғчалар, дўконлар ва бошқа жамоат жойлари ёпилган. Ҳудудий поездлар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган одамлар яшайдиган шаҳарлардан тўхтамай ўтиб кетиши белгиланган. 

Эпидемия билан қамраб олинган шаҳарларда ҳар қандай оммавий ва спорт тадбирлари, жумладан карнаваллар, савдо тақиқланади. Бу ҳудудларда 14 кунлик карантин эълон қилинган. Италия шимолида коронавирус кенг тарқалган 3та вилоятда ҳаракатланиш чеклаб қўйилди, 40та футбол беллашуви коронавирус сабабли қолдирилган.

«Одамларни қўрқитяпсиз, ОАВ». Коронавирусдан ўлим ҳолати даражаси мавсумий гриппникидан кўп эмас

ЖССТ нима демоқда?

Хитой ҳукумати шанба куни COVID-19 коронавирусидан зарарланиш ҳолатлари камайишда давом этаётганини маълум қилди.

Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси мамлакатда ўтган бир сутка давомида COVID-19 коронавируси оқибатида вафот этганлар сони 97 кишини ташкил этиб, вафот этганлар жами сони 2442 кишига етгани ҳақида маълум қилди. Сўннги бир кунда яна 648 кишида коронавирус аниқланган. Бутун мамлакат бўйлаб касалликни юқтириб олганлар сони 76 936 кишини ташкил этмоқда. Шу пайтга қадар шифокорлар 22 888 кишини даволашга муваффақ бўлган.

Айни вақтда Ливан ва Исроилда ҳам коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолатлар аниқланган, Эронда эса вирус қурбонлари сони 5 нафарга етган. Хитой ҳудудидан ташқарида камида 19 киши ушбу коронавирусдан ҳалок бўлган.

Коронавирус тарқалиши ўтмишдаги шу каби эпидемиялар билан таққослаганда


ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус янги касалланиш ҳолатлари Хитойга тўғридан-тўғри боғлиқ эмаслигидан ташвишдалигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда коронавирус учун энг ожиз мамлакатлар соғлиқни сақлаш соҳаси анча ортда қолган Африка давлатларидир.

Сўнгги брифинг чоғида Тедрос Гебрейесус ташкилот Африка давлатлари ҳукуматлари билан тиббий ходимлар тайёрлаш, бу давлатларни вирусни аниқлаш ҳамда унга қарши курашишда зарур бўладиган тиббий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.

«Биз COVID-19 коронавируси соғлиқни сақлаш тизими ривожланиши ортда қолган давлатларга ҳам тарқалишидан хавотирдамиз. Биз Африка давлатларига эпидемия тарқалиши эҳтимоли бўйича жуда кўп иш олиб бормоқдамиз», деган у.

Хитойлик икки журналист Ухандаги ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб беришди. Улар ҳозир қаердалиги номаълум

Айрим давлатлар, масалан, Конго Демократик Республикаси ўз вақтида Эбола вирусига қарши курашда орттирилган тажрибани коронавирус кириб келишига тайёргарлик ишларида қўлламоқда.

Report Page