“Cobalt” русумли автомашиналар нега носоз чиқмоқда?

“Cobalt” русумли автомашиналар нега носоз чиқмоқда?

🌐OLTIARIQ_TV

》》》》》

Cobalt

Долзарб бир муаммони ёритишдан аввал интернет сайтларида тарқалган мутахассислар томонидан ўзбек автомобил саноатидаги нозик жиҳатлардан бирига қаратилган фикрларни келтириб ўтсам...

“Бугун кўчаларимизни тўлдириб юрган ўзимизнинг автоуловларни кўриб, дилимиз яйрайди. Фахр билан айтамиз: ўзимизники! Аммо танганинг иккинчи томонида дилга ғашлик соладиган бир жиҳат бор “ўзимизники” ўзимизга қимматга тушмаяптими? Келинг шу ҳақда фикрлашамиз. Гапни тарихдан бошласак. 1996 йил Асакада O’z DEU заводи ишга тушганида барчамиз “Энди хориждан туя баҳосида от олиб келмаймиз”, ўзимизнинг машиналаримизни минамиз”, дея хурсанд бўлганимиз бор гап. 

Ўшанда завод ишлаб чиқарган Nexia нинг нархи 7 минг доллар атрофида эди. Кейинчалик хорижда ишлаб чиқариладиган автомашиналарга тўланадиган импорт божхона тўловларини кескин кўтарилиши натижасида фақат “ўзимизники” ни ҳарид қиладиган бўлдик”… 

Юқорида келтирилган фикрларни ўқир эканмиз бу- бугун кўплаб юртдошларимизни ич-ичидаги оғриқлари эканига амин бўламиз. Автомашиналарнинг нарх-навоси ўз йўлига-ю, шунча пулга сотиб олинаётган уловнинг сифатига ким кафолат беради? Бугун Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига келиб тушаётган мурожаатлар орасида миллий автомашиналаримиз юзасидан ҳам норозиликлар учраб турибди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, йиллар давомида зарур эҳтиёжлардан пул орттириб, йиғиб янги автомашина ҳарид қилсангизда бир-икки кунда унинг нуқсонлари кўзга ташланса, бундай ҳол ҳамманинг дилини хуфтон қилиши тайин. Дили хуфтонларни эса етарлича топиш мумкин. Федерациянинг Андижон шаҳар мутасаддилари фуқаро А.Хайдаров жамиятга берган ёзма аризасини ўрганиб чиқди. Ушбу мурожаатда Андижон шаҳар «Андижон Автотеххизмат» МЧЖ дилер маркази томонидан 2018 йилнинг 19 октябрь куни Cobalt (GS/16МТВ) русумли автомобилини сотиб олгани, лекин маълум бир муддатдан сўнг, фуқаро автомашинада яширин дефект борлигини сезиб қолиб, унинг яроқлилик муддати тугамасдан туриб дилерлик марказига маълум қилади. Аммо ушбу дилерлик маркази етказилган зиённи қоплашдан бош тортаётганидан норозилигини билдиради. 

Федерация мутахассисларининг ўрганиш ишлари натижасида мурожаатчи ҳақлиги аниқланиб, фуқарога “Андижон Автотеххизмат” МЧЖ томонидан Cobalt (GS/16МТВ) машинасидаги барча нуқсонлар ва муаммолар бартараф этиб, истеъмолчига амалий ёрдам кўрсатилди.

Аввалроқ, Бухоро шаҳри Моҳи Хоса кўчасида “Ситора авто савдо” МЧЖ автосалонидан сотиб олинган Cobalt автомобилида ҳам нуқсонлар борлиги аниқланган ва Федерация аралашувидан сўнг истеъмолчига нуқсонли автомашина янгисига алмаштириб берилганди.

Худди шундай янги автоуловдаги нуқсон сабаб мурожаат қилган фуқаролардан яна бири Навоий вилояти Зарафшон шаҳри 12-кичик туманда яшовчи Асрор Садировдир. У ўз аризасида маълум қилинишича фуқаро 2019 йил апрел ойида “Навоий-автосавдо” автосалонидан 84 164 910 (саксон тўрт миллион бир юз олтмиш тўрт минг тўққиз юз ўн) сўмга Cobalt автомобилини сотиб олган. Орадан бир ойлар ўтиб, автомашинанинг нуқсонлар пайдо бўла бошлаган. Яъни автомобилнинг иситиш мосламаси талаб даражасида ишламаган, олд қисми ойнасида эса нуқсони бўлганлигини билиб, бу ҳақида автосалон мутахассисларига хабар қилганлигини маълум қилди. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмаганлиги орадан вақт ўтиб кетаётганлиги ва юқоридаги аризаси юзасидан амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган. 

Ариза қонуний тартибда қабул қилиниб, кузатув-ўрганишлар олиб борилди. Федерация томонидан “Навоий-автосавдо” марказига ёзма мурожаат хати юборилди. Шундан сўнг салон раҳбарияти автомашинанинг носоз жойларини тузатиб, олд ойна қисмини алмаштириб беришини маълум қилди.

Тўғри, Марказий Осиёда автомобиль ишлаб чиқаришда етакчи эканлигимиздан хурсанд бўлсак арзийди. Аммо бугун UZAUTO MOTORS га айланган мамлакатнинг ягона автомашина ишлаб чиқарувчи корхонаси автомобил саноатида сифат даражасини ҳам янги босқичга олиб чиқса, мақсадга мувофиқ бўлар эди! Аслида уй, машина каби моддий бойликларни сотиб олаётганда жуда эҳтиёткор бўлишимиз зарур. Бу каби муаммоларни ёритишдан ягона мақсадимиз ўзимизники бўлган уловларимиз яхши кунларимизга узоқ вақт хизмат қилсин.  

Гулноза Шарафова,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 

жамиятлари федерацияси етакчи мутахассиси


Report Page