Карточкалар: Бензинга нималар бўлаяпти?

Карточкалар: Бензинга нималар бўлаяпти?

Citizen

1. Нима шовқин?

Қисқача қилиб айтганда, 15 ноябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча АЁҚШларида бензин нархи ошди. 2800 сўм бўлган АИ-80 энди 3800 сўм туради. АИ-91 бензини 4300 сўмга, дизель ёқилғиси 4100 сўмга кўтарилди.

Ҳафтанинг бошида ижтимоий тармоқларда бензин қимматлашиши ҳақидаги гап-сўзлар тарқала бошлади. Вилоятлардаги АЁҚШларда бензин бутунлай йўқолиб қолганини сезган аҳоли яқин вақт ичида нархлар ошишини тахмин қилганди. Миш-мишлар фақат тахминларга асосланмаган экан шекилли, айнан тармоқ фойдаланувчилари келтирган нархлар кейинчалик расман давлат томонидан белгиланди.

13 ноябр куни «Ўзбекнефтегаз» матбуот хизмати журналистларнинг бензин қимматлашиши билан боғлиқ саволларига аниқ жавоб бера олмади. Улар янги нархлар борасида ҳеч қандай буйруқ олишмаганини таъкидлашди.

Аммо нархлар барибир ошди. Бунга оддий сабаб келтирилди – бензин ва бошқа ёқилғилар бутун дунёда қимматлашган.


2. Охирги марта нархлар қачон кўтарилганди?

Охирги марта нархлар 2016 йилнинг 23 октабрида кўтарилганди. Ўшанда ҳам бензин баҳоси ўртача учдан бирга ошганди. Қизиқарли жиҳати, айнан ўша куни “Ўзбекнефтегаз” бутун республика бўйлаб бир хил нархни жорий қилганди. Унгача ёқилғининг чакана нархларини АЁҚШларнинг ўзлари бошқариши мумкин эди.

Фуқаролар яқинда очилган виртуал қабулхонага бензин танқислиги муаммоси ҳақида кўплаб шикоятлар юборишган эди. Бензин бор бўлса ҳам, унинг нархи қиммат бўлган: АИ-80 вилоятларда 3000 сўм, Тошкентда 2075 сўм турган, баъзи олиб-сотарлар эса қўлда 5000 сўмга сотишган.


3. Давлат қандай чоралар кўради?

Президентнинг бензин муаммоси билан боғлиқ бўлган янги қарори чиқди.

Молия вазирлиги маҳаллий нефтни қайта ишловчи заводларга 250 миллион доллар ажратади. Ушбу пуллар эвазига заводлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун четдан хом ашё ва тайёр ёқилғи сотиб олиши керак бўлади. Дастлабки 600 миллион сўмни заводлар шу ҳафта ичида олади.

Бундан ташқари, йўл ҳақи кескин ошиб кетмаслиги учун “Тошшаҳартрансхизмат” давлат бюджетидан қўшимча пуллар билан таъминланади. Нефтни қайта ишловчи заводлар бир нечта солиқ турларидан озод қилинди, бензин учун солиқ эса икки баравар камайтирилди.


4. Биз ўзимиз нефть ишлаб чиқарамиз-ку. Нега яна сотиб олишимиз керак?

Ўзбекистонда кам миқдорда нефть ишлаб чиқарилади. 2016 йилги жаҳон рейтингида мамлакатимиз 47-ўринни эгаллади, йилига бизда 2,6 млн тонна нефть ишлаб чиқарилади. Етакчилардан ҳисобланган Саудия Арабистони йилига 585 млн тонна, Россия 554 млн тонна ва АҚШ 543 млн тонна нефть қазиб олади.

2010 йилдан бошлаб бизда 6 йил ичида қайта ишланадиган нефть миқдори 26 фоизга камайган, импорт эса тахминан шунча миқдорга кўпайган. Бу дегани, давлат корхоналари ўз кучи билан барчани ёқилғи билан таъминлай олмайди. Ёқилғи импорти кўплиги ва нархлар ошиши шунга боғлиқ.

Вазиятни ўзгартириш учун Жиззах вилоятида янги нефтни қайта ишлаш заводи қурилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра ушбу завод йилига 5 млн тонна нефть қайта ишлаб чиқаради. Бироқ, ушбу нефтнинг асосий қисми Ўзбекистонга чет элдан келтирилади.


5. Нефть арзонлашар экан, нега унда бензин қимматлашади?

Нефть чиқарувчи йирик компанияни мисол қилиб оламиз. Ушбу компания ишлаб чиқариш, жиҳозлаш, ходимлар маоши, транспортировка ва қайта ишлаш учун кўплаб пул сарфлайди. Нефть нархи арзонлашса, компания зиён кўра бошлайди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариш билан ҳам, қайта ишлаш билан ҳам “Ўзбекнефтегаз” шуғулланади. Арзонлашган нефть нархини бензин ва бошқа маҳсулот турлари баҳосини ошириш билан қоплаш мумкин. Яна таъкидлаш керакки, якуний нархга ҳайдовчилар, сотувчилар ва ҳатто нефтни қайта ишлаб чиқувчи заводлардан олинган солиқлар ҳам қўшилади.


6. Бензиннинг ҳозирги нархи табиий ҳолатми?

 Бу қийин савол. Бир томондан, Ўзбекистонда бензин бор-йўғи 0,5 доллар туради. Бу дунёдаги олтинчи кўрсаткич. Биздан кўра арзонроқ бензин фақат Венесуэлада (1 цент), Саудия Арабистонида (24 цент), Туркманистонда (29 цент), Жазоирда (31 цент) ва Эронда (34 цент) бор. Энг қиммат бензин Гонконг, Норвегия ва Нидерландияда – тахминан икки доллар.

Бироқ бу нархларни ўртача ойлик иш ҳақи нисбатан олиб таққосласа, мақбулроқ кўринса керак. Венесуэладаги ўртача иш ҳақига 6 200 литр, Саудия Арабистонида 10 208 литр, Жазоирда 1 345 литр бензин сотиб олиш мумкин. Ўзбекистонда ва бензин нархи энг қиммат бўлган Гонконгда ўртача маошга 500 литр сотиб олиш мумкин.


7. Бундан буёғига нима бўлади?

Бугунги кунда қонунлар тез-тез ўзгариб туради, шунинг учун олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Лекин юқорида таъкидланган Президент қарори баъзи бир хулосалар қилишга асос бўла олади.

Ушбу қарорга кўра, кейинги йилдан бошлаб давлат органлари ва “Ўзбекнефтегаз” каби компаниялар товарларга мустақил равишда нарх белгиламайди. Вазирлар Маҳкамаси буюрган ижтимоий ёки стратегик жиҳатдан муҳим бўлган вазиятлар бундан мустасно.

Шунингдек, давлат монополиячилари ўз маҳсулотини биржа савдосига қўйиши ва нархлар бозор методлари билан белгиланиши шарт бўлади. Бу дегани, “Ўзбекнефтегаз” яқинда бензинни хусусий АЁҚШларга ким ошди савдоси қилиб сотади, ва бензин учун бўлган якуний нарх талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Ёқилғи учун энг минимал баҳо жорий этилиши тахмин қилинмоқда.



Citizen ижтимоий-сиёсий лойиҳаси ноябр ойининг охирида ишга тушади. Ижтимоий тармоқларда бизга қўшилинг ва янгиликлардан хабардор бўлинг

Facebook | Telegram (рус тилида)


Report Page