ЧИЖИК

ЧИЖИК

(Эссе)
Бойсун. Пулхоким. 2021 йил, март.


–  Баланинг мақолаларини ўқияпсизларми, – деб хотиржам сўрайди “Тафаккур”нинг аллақачонлар, чин маънода пирхонага айланган бош хонасидаги юмшоқ курсиларга бирор соат аввал бизни жойлаб, ўзи оддий стулда ўтирган, савол берилган айни лаҳзаларда эса йодранг қуйма кўзойнак остидан гоҳ бизга, гоҳ деразаю жалюза тарафга кўз ташлаб қўяётган Устоз Эркин Аъзам.

–  Ҳа, ўқияпмиз, – деймиз дарҳол.

–  Зўрми? Зўр-а? – дейди Устоз невараларига жўн савол бериб, жўн жавоб олишга чоғланаётган бобо каби.

–  Зўр!

–  Бала зўр! Ким ҳозир шундай мақола ёзяпти? Мен шундай равон ёзадиган бошқа бирор кишини билмайман... – яна қизиқ таърифлар, қиёслашларни эшитиб мириқамиз...

 

***

– Мошинга ўтиринглар, – дейди боягина попирис чекиб шаклан тутун, аслан ҳасрат пуркаган ва суҳбат чоғи туйқус кўзлари жилтиллаган Устоз Усмон Азим гўё бир лаҳзалик “уҳ”дан кейин яна боди шаҳарнинг шовқинли руҳига “кўчган” каби дафъатан ғайрати қўзиб. Мошиннинг орқа эшикларини очамиз. Ўриндиқда ётган бир даста қўлёзмани кўрамиз. – Қўлёзмани орқага қўйиб қўй, – дейди Устоз. Қоғозларни орқа ойна ва ўриндиқ орасидаги жойга кўндаланг тақаймиз. Устоз – рўлда, кетяпмиз...

–  Бу қўлёзма – дейди Устоз кўзини йўлдан узмай, бош бармоғи билан қўлёзма томон ишора қилиб, – Шукур акам ҳақида. Олимтош ёзган... Кеча ўқиб тугатдим, бугун ўзига элтаман... Ниҳоятда зўр ёзибди. Ниҳоят-т-да зўр ёзибди. Жуда меҳнат қилибди ўзиям... Вой-а, дедим... бир нарсани билиб олинглар! Эртага ўлиб кетганингдан кейин ўзингникилар қиларканда... ҳа...ҳа... ўзингникилар қилади!

Кетяпмиз...

 

***

–  У палла Олимлар мана шундай бачча эди, – деб кулиб сўзлаб беради яна бир Устоз Исроил Шомиров. – Ё, чин айтяпман! Чин! Мана шундай эди! – Устоз стулда ўтирганча ҳавода полдан камаригача миқёс тортди. Устудент эди. Ҳа-е. Нимага кегич эди... Ҳа, практикага кегич эди. Очил Пардаев – редактор палла Бойсундинг газетасида чиққан танқидни вўқиб, райком секретари майлис қигич эди. Газетага қараб сиёсат юритгич эди. Шундай эди-е. Эҳ-а... Лекин Олимлар шундай пиш-шиқ, кузатардим, шундай зукко бачча эди. Ўзи Тошбоевларнинг ҳаммасиям зўр. Мана шундай оила. Иноқ. Булардинг бир-бирига меҳр-оқибати. Булардинг тўда бўгандаги гурунги... Қойил қоласиз... Олим қараб тургич эди, қараб туриб ўргангич эди. Дарров илиб огич эди. Нима десам шипиллаб қип ташларди... Бир кун Бандихонга оббордим. Материал олишга! Чўжаларди ияртиб обборади-ку, ҳа-ҳа, шундай бўган. У палла Бандихон Бойсунга қарагич эди. “Ойбек” савхози дейиларди. Олимдинг оёғида нима... йўғ-е... нима, мундай атрофи очиқ бўлади-ку. Ҳа! Басаношка! Э-э, басаношка кийиб оган денг. Менинг калламда – шиляпа. Оёғимда – учли, қалин пошнали туфли. Иссиқ. Шундай ёниб ётибди Бандихон эн-ди-и... Иссиқдан асувалт ериб қоган. Пошнам ботади денг. Ҳовур чиқиб ётибди. У палла қип-қизил чўл эди, оқ тупроқ эди... Ўшанда баччани таппот ураёзган. У иссиқларда мазаси қочиб қоган. Шуни доим эслайди, мазаси қочмаганда, соя-салқин жойларга бориб материал оп-қайтганда эсида қомасди-да...

 

***

– Биласанми, Баҳодир Султонов билан нима бўлганини, – дейди пива мавсумининг аллақайси салқин кечаларининг бирида ҳамма замонларда бўлгани каби ним сархуш, худди хаёлий мусиқадек маромда эсаётган Шоирим.

– Йўқ-да.

– Ҳа, билинг-да, бўтам!

– Айтинг қани.

–  Ака "Ўзбекистон"да директор бўлган кезлари Баҳодир Султоновнинг идорасига борган. Баҳодир акани олиб, мошинига ўтирғизиб, икковлашиб яна бир жўраси – Шоназар аканинг олдига борган. Учта жўра жуда қисқа вақт бўлса-да, аканинг саъйи билан кўришган. Азбаройи вақти тиғиз бўлганидан (энди ҳазилми сенга катта телеканалнинг директори! Ватан кутиб турмайди-ку!) Олим ака жўраларини бир-бир бағрига босиб, дарҳол ишига қайтган. Сўнг Баҳодир ака бу воқеани менга сўзлаб берди: "Олим бизларни ўлдирди-е, шоир! Ўзи биз боришимиз керак эди... Келиши: бизни бир кўриб, бағрига босиш учун экан...", – деди-ку.

– Йўғ-е?

– Ҳа-а. Шундай бўлган. Бағрига босган. Сўнг изига қайтган. Тамом. Кўряпсанми, меҳрни?

– Ош бўлсин!

– Жўраларини бир қучоқлаш учун шундан шу ёққа қора тортиб келган... Буни Баҳодир акадан эшитиб вабшим томим кетиб қолганди! Сўнг бу воқеа шеър бўлди. Сўнг Олим акага бағишланди:

 

Ойдан келди юрагимга товушлар,

Бўй қизлардек титраб кетди қамишлар.

Бир кечада кул қолдирмай ёндим мен,

Кўнолмадим, ҳеч бўлмади қонишлар.

Қабоғимдан сизгани йўқ ёшлар-эй,

Бойсунтоғдан юмалади тошлар-эй...

 

Шоир шеърини хатм қилгач, изидан бир қийқириб ҳам қўйди.

 

***

– “Тойхар” нима дегани, ака, – деб сўрайди бир неча ҳафтадан бери эшитилиши силлиқ, афтидан хирпароқ маъно томон чалғитса-да, аслида мутойибани қўзғовчи, доли – қулоқнинг гулига тушувчан, беозор бу сўзнинг маъносини билиш учун сарсони чиққан ҳайдовчи.

– Ҳа, ўзинг бил-да, мендан нега сўрайсан...

– Шеработлик танишларданам сўраб чиқдим. Укаси ўлсин, ҳеч ким эшитмаган экан. Бундай қизиқ гапларни қаердан биласиз-е, Олим ака?

– Бойсунда шундай гаплашади-да, – дейди Олим ака.

– Сиз энди, китобни кўп ўқигансиз. Улар ҳам сизча билмаса керак...

– Қаерда дейсан, Ғайратбой, уларнинг ичида энг нўноғи менман...

 

***

– Олим акани кўрдингми? – дейман укамга. – Кўрдингми? Кимга ўхшайди?.. Кимга ўхшайди? Дадамга ўхшайдими?..

– Ҳа, – дейди укам мийиғида баъзан кўриниб кетадиган бир табассумни яширмай.

– Шунинг учун ҳам яхши кўраманда устозни! Бирга ишлаганмиз уч ой...

– Йўғ-е?

– Ҳа-да. Ҳарбийда бошлиғимиз эди... Йўлда гурунг қандай бўлди?

– Зўр. Бойсунга боргунча ҳангома. Аския...

 

***

Ўтган аср ўрислар армиясида йигитлар йилда икки бор ҳарбий хизматга чақирилган. Дастлаб уч йиллик, сўнг икки йиллик “ҳаёт мактаби” давомида "дух", "чижик", "дембл" каби рутбаларни фарқловчи атамалар амалда бўлган. Булардан бирига алоқадор аскар шу учта сўзнинг муқаррар тақдир-мундарижаси бўйича тепки бўлса тепкини, туз бўлса тузни тотиб кетаверган. Амакиларимизнинг таъбирича, армия болалар боғчасига ўхшаб қолмаслиги учун шу тизим жорий этилган эмиш. Ҳар йили, ҳатто ўлим учун ўн-ўн бешта квота берилган экан! Ҳарбий сиёсат шундай бўлган: агар аскарлар меъёр бўйича ўлиб келмаса, армиянинг обрўйига путур етган эмиш... Дух – шўртумшуқ. Чижик – ўрталиқда – бир кам дембл – демблдан қочиб, духни “одам қилиб”, шундай-шундай бир-бирини тарбиялаб юрган. Дембл – ўз номи билан дембл! У – жангчи! У аввал заҳмат чекиб, энди роҳатини кўраётган устоз!

Ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам шундай: ўз дембллари, чижиклари, духлари бор... бу алфоз гоҳ сезилар, гоҳ сезилмас, бироқ моҳиятан содир бўлаверади. Кеча ўз замонасининг дембли – Абдулла Қаҳҳордай адибдан хат олиб, жавоб ёзиш-ёзмасликни пайсалга сола-сола, ахийри жавоб ёзмасликка қарор берган (тўғри қилган!) Шукур Холмирзаев ҳам бугун биз, ёшлар наздида адабиётдаги катта салаф – дембллардан бири. Ёки бугунги устозларимиз ҳам ҳаёт ва бадиият армиясида аллақачон турли доғули, мураккаб ва шарафли босқичлардан ўтиб улгурди. Армиядан фарқи, адабиётда духлар ва чижиклар устозлар томонидан ур-йиқит, юл-йирт, қайир-бўғ билан эмас, идрок, тафаккур, туйғу, маъно ва руҳий жиҳатдан тарбияланишини, маълум маънода изга солинишини ким билмайди, дейсиз?

Азиз устозим Олим Тошбоев – умрининг, қувваи ижодининг қоқ белида – эллик ёшда – ва насиб бўлса, келгусидаги яна ва яна ёзишлар масъулияти қаршисида устозларга қараб йўл тортиб, биз – "дух"ларни ҳам ортидан эргаштиришини, ҳаётнинг гўзал мавсумларида адл одимлайверишини тилаймиз!

Бугунги Ўзбекистонга, эҳтимол миллиардер Илон Масклар керакдир, аммо улардан кўра, маънавиятли, миллатпарвар ва эл-юртини ёруғ уфқлар сари бетама элта оладиган янги ўзбеклар – устоз Олим Тошбоевлар кўпроқ керак, ишонаверинг!

Олим ака ҳақида устозларимизнинг гапларини бежиз келтирмадик. Улар билгир, кўпни кўрган. Устозлар эътирофининг бари ҳақиқат. Бўлган гурунг – биз устидан чиқиб қолган, бурчак-сурчакда туриб эшитиб қолган митти воқеалар холос. Битикни тўхтатиш пайти келаётганини сезяпман. Олим акага бўлган меҳрим ҳақида ҳозир ҳапқириб ёзолмайман. Эҳтимол, кейин ҳам ёзолмасман... Устозларим кўп ва хўп яшасин!

Алибек Анварий

 


Report Page