BTV

BTV

🌏 @BorliqTv


Эълон: «Эр сотамиз!»...

Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўз маданияти, қадриятлари, гўзал анъаналари қаторида она тилининг ҳам доимий равишда софлигини сақлаш ва уни бойитиб бориш, ўсиб келаётган ёшлар қалбида унга муҳаббат уйғотишга масъул ҳисоб­ланади. Ўзбек тилини жамиятимизнинг барча соҳаларида тобора кенг­роқ қўлланилиб, мақоми юксалиб бораётгани, албатта, ҳаммамизни қувонтиради. Кундалик ҳаётимизда, оғзаки нутқда бўладими, ишлаб чиқариш соҳаларида бўладими, турли ҳужжатларни ёзиш, тайёрлаш билан боғлиқ масалаларда бўладими, умуман, ҳар бир соҳада биз тилимизнинг софлигини сақлаш учун белгиланган имловий қонун-қоидаларга, меъёрларга қатъий амал қилишимиз лозим.


Тўғри, ҳар бир корхона, ишлаб чиқариш муассасаси, аҳолига маиший, маданий ёки тиббий хизмат кўрсатиш соҳалари, хуллас, барча йўналишлар масъуллари ўз маҳсулотларини эълон ёки тарғибот манбаларини халққа равон, ёрқин, тез илғаб олиш мумкин бўлган иборалар, сўзлар ила ифодалашга, бунда турли тасвир воситаларидан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Бироқ, бу тил меъёрлари, қонун-қои­даларини қўпол равишда бузган ҳолда, оғзаки нутқдаги сўзларни тарғибот кўринишларида савиясиз бир ҳолатда қўллаш мумкин дегани эмас-ку?! Биз бирон иш билан ёки ҳордиқ чиқариш мақсадида кўчаларни сайр қилиб юрганимизда беихтиёр кўзимиз турли эълон ва ёзувларга тушади. Тўғрисини айтганда, мазкур ёзувларни кўриб тилимизга бўлган беътиборликдан қаттиқ ранжиймиз.


Сўзимиз исботсиз бўлмаслиги учун айрим мисолларни келтириб ўтсак. Пойтахтимиздан бошлаб, барча вилоятлар, шаҳар ва қиш­лоқларда шу ҳолатга кўзимиз тушади. Тамаддихоналар, дўкон ва бозорлар, айрим шиорлар ҳам шу аҳволда. Тошкентда шевада ёзилган жой номлари бекат ва транспортлар пешонасини «ярқиратиб» турибди: “Қўйлу”, “Чирчу”, “Думбиробод”… Шунингдек, “Дориҳона”, “Ошҳона”, “Минг ҳил турдаги обойлар”… Ўқиган сари тишлар ғижирлаб кетади. Ёки бўлмаса “Беҳрўз” тўйхонаси “Беҳруз”, “Жавоҳир” номли стоматология хизмати “Жавохир”, “Гавҳар” номли гўзаллик салони “Гавхар” шаклида ёзилган. Айрим ошхоналар ёнида яна шундай ёзувни ҳам кўрдик: “Калла почча”, “Маззали сомса” (?!). Кўп ёзув ва эълонлар ёзилишида кирилл ва лотин алифбосидаги сўзлар аралаштириб юборилмоқда. Миллий таомлари билан машҳур “Тўлаган” ошхонасининг пештоқини ўқиган саводли одам бу аралаш ёзувдан энсаси қотади. Баъзилар кирилл алифбосидаги “қуюқ” сўзини “қуйуқ”, “вулканизация” сўзини “вуlканизация” каби ёзмоқда. Афсуски, остона хатлаб кўчага чиқсангиз бу каби жуда кўп мисолларни кўришингиз мумкин.


Шу хусусда гап кетганида кўпчилик икки ёзувга эга эканимиздан ранжиб, ёш авлод кирилл ёзувида, катта авлод лотин ёзувида хато ёзишини таъкидлайди. Бир қарашда ўринли эътироз. Бироқ бизнинг халқимиз инсониятга юксак тафаккур соҳибларини етиштириб берган. Икки ёзув тугул тўрт-бешта тилни мустаҳкам эгаллаган, улар устида тадқиқот қилган аждодларимиз бор. Бугун астойдил киришиб ўрганилса, бир-икки ой вақт кетадиган, тафовути, фарқланиши катта бўлмаган икки ёзувдан нолиб, чаласаводларча пештахталарга ёзиб ўтиришимиз лозиммикан. Глобаллашув даврида ҳамма соҳада бўлгани каби тил ёки ёзув ўрганиш бўйича ҳам исталганча дастурлар, қўлланмалар бор. Бирор ёзувни кўчага олиб чиқарканмиз, нега бир карра тўғри ёзувга солиштириб кўрмаймиз? Яқинда телевизорда бир онахонни кўрсатишди. Меҳнат фахрийси бўлган бу онахон невараларига дарс қилдириш учун лотин ёзувини ўрганиб олибди!


Кўчалардаги ёзувларни кузатар эканмиз, ўйланиб қоламиз, бу саводсизликми ё лоқайдликми?



Бизнинг фикримизча, буларнинг барчаси эътиборсизлик натижасидир. Ахир ҳарф таниган инсон қандай қилиб кирилл ва лотин алифбосидаги ҳарфларни аралаштириб юбориши мумкин? Агар биз тилимиз меъёрларига амал қиладиган бўлсак, тилимиз софлигини сақлаб қолмоқчи бўлсак, оддийгина автобус чиптасидан тортиб, дори-дармонлар қутиси ичидаги маълумотномаларгача, кўчалардаги турли муассасалар номларидан тортиб, ошхоналар таомномаларигача, қатор маҳсулотлар тарғиботига қаратилган реклама ва эълонларгача, барча жойлардаги ёзувларда тилимиз қонун-қоидаларига қаттиқ риоя қилишимиз шарт. Негаки, энди ўсиб-улғаяётган ёшлар ана шу бепарволарча, лоқайдларча ёзилган жумлалар, сўзларни тўғридан-тўғри қабул қилиб, кундалик ҳаётида ҳам мана шундай хато ҳолатида қўллашга одатланиб қолиши мумкин.


Бир пайтлар атоқли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор: “Нима учун йўл ҳаракати қоидасини бузган одамга жарима солинади-ю, тил қоидаларини бузган одам жазога тортилмайди?” деб ёзган экан. Эҳтимол, имло қоидаларини қўпол равишда бузган масъулларга жарима қўллаш лозимдир? Лекин буларни ёзишдан мақсадимиз кимгадир жазолашни тавсия қилиш эмас, тилимизга бўлган эътиборсизликнинг олдини олишдир. Шу халқ, шу миллатга мансуб инсон сифатида тилимиз софлигини сақлаш, имло меъёрларига амал қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи керак. Ахир тилимизнинг муаммоси фақат зиёлиларнинг иши эмас-ку! Фақат расмий ҳужжатлар тўғри ёзилиб, қолган барча эълону пештоқ ёзувлар, рекламаю жой номлари хато ёзилаверса, хатоларга кўникиб қоламиз-ку. Айниқса, ижтимоий тармоқларда, телефон хабарномаларида ёшлар шунақа кўп имло хато билан ёзишадики, бу одатий ҳолга айланиб қолгандек. Учрашувлардан бирида жонкуяр шоира опа фарзандлари телефонига бирорта хато билан хабар ёзса, атай жавоб қайтармаслигини айтган эди. Бу ҳам ўзига хос тарбия усули: Фарзанд талабчан онаси учун тўғри ёзишга мажбур. Секин-секин ўртоқларига, бошқаларга ҳам хатосиз ёза бошлайди. Ҳарфларнинг ўрнига рақамлардан, шакллардан фойдаланаётган ёшлардан бирининг хабари ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинган эди. Худди шу усулни мобил алоқа компанияларидан бири ҳам ўз мессенжери номига киритгани ҳам мунозараларга сабаб бўлди: “Wa4ach”. Бироқ бу ном ҳали ўзгаргани йўқ.


Глобаллашув даврида ўз-ўзидан тил тараққиёти ҳам давом этади. Турли техник буюмлар, уларга кўрсатиладиган хизматлар ҳам янги-янги номлар билан тилимизга кириб келади. Бироқ аллақайси хорижий тилдан олинган хизмат кўрсатиш тармоқлари кўпайиб кетмадимикан. “… prodakshin”, “… beta food”, “Jast in…”. Энг қизиғи, шу сўзлар ўзбекча ёзилиб, чиройли лавҳа қилиб қўйилса, харидори ҳам кўп бўлишини хаёлига ҳам келтирмайди бу корчалонлар.


Айниқса, кўча-кўйда учрайдиган эълонлар ниҳоятда ғализ. “Бузилмайдиган эрлар” ҳам бор, “хохлаган вазимдаги қойлар”лар ҳам бор, “калла-почча” ҳам бор, моҳияти йўқолиб кетган сўзлар ҳам бор.


Бугунги кунда жамоатчилик назорати ҳақида кўп гапиряпмиз, лекин ҳар куни шаҳар кезганимизда ўнлаб мана шундай хатоликларга кўзимиз тушади. Ана шу пайтда ўша корхона масъулига қўнғироқ қилиб бир оғиз сўз айтишга нега фурсат тополмаймиз? Бундай хатоларни кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга олиб юриш эртага бизга қимматга тушмайдими? Бу каби лоқайдликларнинг илдизи қаерда?


Мазкур мақолани ёзишдан асосий мақсадимиз, бу каби бепарволикларнинг олдини олиш, ёшларни она тилимизга ҳурматсизлик ҳолатларини бартараф этишда фаолликка чақириб, дахлдорлик ҳисси билан яшашга ундашдир.

Анора ҲОЖИМАТОВА


Манба: azon.uz

Report Page