Умумтаълим мактабларига 1-синфларни ҳамда ихтисослаштирилган мактабларга қабул жараёнлари хусусида

Умумтаълим мактабларига 1-синфларни ҳамда ихтисослаштирилган мактабларга қабул жараёнлари хусусида


ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ИШТИРОКИДА НАВБАТДАГИ БРИФИНГ 

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар, азиз самарқандликлар! 

 

Юртимизда барча соҳалар қатори халқ таълими соҳасида ҳам кун сайин ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда бўлаётган муҳим ўзгариш ва янгиликлар, ўз навбатида, халқимизни қизиқтираётган маълумотлардан хабардор қилиб бориш, ҳисобот бериб бориш бизнинг бурчимиздир. 

Хабарингиз бор, айни кунларда мамлакатимиздаги барча мактаблар, жумладан, Самарқанд вилоятидаги мактабларга 1-синф ўқувчиларини қабул қилиш давом этмоқда. Шу билан бирга, вилоятимизда ташкил қилинган 60 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига ҳам ўқувчилар қабул қилинмоқда. 

Дарҳақиқат, бундан уч йил олдин Самарқанд вилоятида бор-йўғи 18 та умумтаълим фанларга ихтисослаштирилган мактаблар мавжуд эди.  

Халқ таълими соҳасида Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда Самарқанд вилоятининг ҳар бир тумани ва шаҳарларида математика ва физика, биология ва кимё, хорижий тиллар ҳамда информатика ва ахборот технология-лари чуқурлаштириб ўқитиладиган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда.  

Aйни пайтда уларнинг сони 60 тага етди. 

Ушбу ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ҳамда мактаб-интернатларимизга 1650 нафар 5-синф, 450 нафар 7-синф, жами 2100 нафар ўқувчи қабул қилиш кўзда тутилган. 

5 июль ҳолатига кўра, ИДУМларда ўқиш истагидаги 5363 нафар ўқувчилардан аризалар келиб тушди. 

Таъкидлаш жоизки, ота-оналаримиз, фарзандларимиз бундай кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, ихтисослашган мактабларга ҳужжат топширишлари тавсия этилади. 

Энг билимдон ўқувчиларимиз Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари асосида ўқишга қабул қилинади.  

Бугунги кунда жадал давом этаётган 1-синфга қабул жараёнларига ҳам тўхталиб ўтишимиз лозим.  

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфига болалар “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуннинг 9-моддасига асосан 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади. Яъни, янги 2021/2022 ўқув йилида 2014 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалар         1-синфга қабул қилинади.  

Шунингдек, мазкур қонун талаблари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги, мулкчилик шаклидан қатъий назар, яъни нодавлат хусусий барча таълим муассасалари учун ҳам мажбурийдир.  

Эслатиб ўтамиз, олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади. 

Ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 20 июлига қадар my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайдилар. 

Бунда ота-оналарга 3 та мактабни танлаш имконияти берилади: 

Биринчи мактаб ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб; иккинчи ва учинчи мактаблар ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларини қатнаши учун қулай бўлган мактаблар. 

Самарқанд шаҳрида илк бор ташкил этилаётган ушбу жараёнда ота-оналар my.maktab.uz электрон платформаси орқали ҳужжат топширмоқчи бўлганда маҳалласи ёки кўчасининг номи чиқмаётганлиги бўйича мурожаатлар бўлиб турибди. Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу платформа тажриба тариқасида жорий этилди ва унда айрим маълумотлар қўшимча тарзда киритилишини тақозо этади. Муаммолар юзасидан Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими масъул ходимига 66-235-30-62 телефон рақами орқали мурожаат қилган ҳолда ижобий ечимга эришиш мумкинлигини эслатиб ўтмоқчимиз.  

Жорий йилнинг 5 июль ҳолатига кўра мазкур электрон платформа орқали Самарқанд шаҳри бўйича 3 989 та аризалар қабул қилинди. 

Вилоят бўйича 1-синфларга 2021-2022 ўқув йилида жами 77 549 нафар болалар қабул қилинади.  

Анъанавий тарзда 1-синфга қабул давом этаётган вилоятнинг бошқа туманларида бугунги кунга қадар мактабларга 66 243 нафар бола қабул қилинди.

Ўқувчиларни мактабга қабул қилишда микроҳудудга қатъий риоя қилиш, микроҳудуддан барча мактаб ёшидаги болалар қабул қилиб бўлингач квоталар ортган тақдирда бошқа ҳудуддан болаларни қабул қилиш белгиланган.

Ота-оналар бевосита 2021 йилнинг15 июндан - 15 июлга қадар доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларини 1-синфга жойлаштириш учун ҳужжатларини топширишлари мумкин.

16 июлдан - 15 августга қадар ота-оналарга ихтиёрий танлов асосида бошқа мактабларга, яъни микроҳудудига кирмаса ҳам бўш ўринлар бўлса, фарзандларини 1-синфга қабул қилиш учун бошқа мактабга ҳужжатларини топшириш имконияти бўлади.



Ҳурматли юртдошлар!

Бугун халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ишлар кўлами жуда кенг. Бунинг ўзига яраша муаммо ва камчиликлари ҳам бор. Уларни Сизлар билан, кенг жамоатчилик билан биргаликда, ҳамнафасликда ижобий ҳал этишга, кечаю кундуз меҳнат қилишга тайёрмиз! 

Эътиборларингиз учун раҳмат!


Бошқарма бошлиғининг боти: @zshodiyeva_bot

телеграм: t.me/zshodiyeva_xtb

фейсбук: https://www.facebook.com/z.shodiyeva

инстаграм: www.instagram.com/zebiniso_shodiyeva

твиттер: https://twitter.com/z_shodieva


Report Page