Boxing

Boxing


Ҳамид Тангрибергенов: "Анападаги мусобақа орқали асосий рақибларимизни кўриб олдик"


Хабарингиз бор, ёш боксчиларимиз Россиянинг Анапа шаҳридаги халқаро мусобақада иштирок этишди ва умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашди. 


Ушбу муваффақиятли натижадан сўнг Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати мураббийнинг ортда қолган мусобақа ҳақидаги фикрлари билан қизиқди. 


"Россиянинг Анапа шаҳрида Николай Павлюков хотирасига бағишланган халқаро турнир якунига етди. Ушбу мусобақада авваллари ҳам иштирок этганмиз. Турнирнинг савияси баланд ҳисобланади - "А Класс" турнирга киради. Мусобақада Россия, Куба, Қозоғистон, Ўзбекистон каби мамлакатлар ўзларининг асосий таркиблари билан қатнашишади. 13 давлатдан 113 нафар иштирокчи қатнашди. Ноябрь ойида Мўғулистонда Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Мазкур турнир орқали асосий рақибларимизни кўриб олдик. Қозоғистон, Филиппин, Ҳиндистон, Қирғизистон мамлакатларидаги боксчиларни кўрдик. 


Ҳали ушбу боксчиларимиз хорижий мусобақаларда кўп иштирок этишмаган. Йил давомида ҳали бундай турнирлар кўп. Мусобақа давомидаги жанглар тенг курашда бўлиб ўтди. Умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгалладик. Йигитларимиз яхши жанглар ўтказишди. 


Камчиликларимиз ҳали кўп, ишлашда давом этишимиз лозим. Яна кўпроқ халқаро мусобақаларда иштирок этиб, жанг амалиётига эга бўлишимиз катта аҳамият касб этади. Рақибларимиз жанг ўтказиш тажрибасига эга эканликларини кўрдик. Бундай мусобақалар орқали халқаро тажриба тўплашади, боксчиларимизда савия оширилади. 


Олдимизда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ўқув-машғулот йиғинлари кутиб турибди. У ерда ҳам мусобақада қатнашамиз. Шунингдек, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида, Германия, Венгрия давлатларидаги мусобақаларда иштирок этишни режалаштиряпмиз", - деди Ҳамид Тангрибергенов.

Report Page