“Темир дафтари”га киритилганлар бандлиги таъминланмоқда

“Темир дафтари”га киритилганлар бандлиги таъминланмоқда

@Boyovutliklar
Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида камбағалликни камайтириш борасида бир қатор вазифалар белгиланган эди. Яъни ўтган давр мобайнида иқтисодиёт тармоқларини, шу жумладан тадбиркорлик субъектларини узлуксиз ишлашини таъминлаш, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналар тўлиқ тиклаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш ва бу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш бўйича сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда туманда қатор ишлар амалга оширилди.

Туман ҳудудида камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити ўрганилиб, 2 минг 905 та оила “Темир дафтар”га киритилган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг 2 минг 500 та оила рўйхатдан чиқарилди.

Хусусан Боёвут шаҳарчаси, “Беруний” маҳалласида яшовчи Маҳбуба Нурматованинг оиласи “темир дафтар”га киритилган эди. Унинг хонадонига субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди. М.Нурматованинг турмуш ўртоғи ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаганлиги сабабли иш топишда қийналар эди. 4-сектор раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан Б.Нурматов ўз истиқомат қиладиган маҳаллада жойлашган 1-сонли умумий ўрта таълим мактабига техник ходим сифатида ишга жойлаштирилди.

 Маҳбуба Нурматова ҳозирда ўз томорқасидаги иссиқхонада кўкат ва резаворлар етиштириш билан банд. Ҳа демай тайёр маҳсулотни маҳаллий бозорга олиб чиқади.

Фото: Боёвут тумани ҳокимлиги

Ушбу оилага “Қурбон ҳайити” арафасида  ва янги ўқув йилининг бошида вояга етмаган фарзандлари учун берилган бир марталик моддий ёрдам пули билан молиявий аҳволини нисбатан яхшилаб олган бўлишса, оила бошлиғининг доимий иш билан таъминланганлиги, уй бекасининг томорқадаги иссиқхонада маҳсулот етиштириш билан ўзини ўзи банд қилганлиги доимий даромад манбасига эга бўлиши учун асос бўлди.

Боёвут тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page