ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ-ТЕЖАМКОРЛИК ОМИЛИ: Боёвут туманида ўтказилган семинар ана шу масалага бағишланди

ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ-ТЕЖАМКОРЛИК ОМИЛИ: Боёвут туманида ўтказилган семинар ана шу масалага бағишланди

@Boyovutliklar
Foto: AX

Кўпчиликка маълумки, мамлакатимиз Президентининг “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳозирга келиб республикамиз бўйича томчилатиб ва ёмғирлатиб суғорувчи технологиялар ўрнатилган ерларнинг умумий майдони 75 минг гектарни ёки жами суғориладиган ерларнинг 1,7 фоизини ташкил этади. Шундан 33,2 минг гектари жорий йилда ўрнатилди. Бунда мамлакатимиз тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этганларга давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш механизми йўлга қўйилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 27 декабрдаги “Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини кенг жорий қилиш учун қулай шароит яратиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида 11 минг 200 гектардан ортиқ пахта майдонлари учун давлат бюджети ҳисобидан 83,1 млрд. сўм субсидия тўлаб берилди. Шунингдек, фермер хўжаликлари ва агрокластерлар томонидан томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш учун тижорат банкларидан олинган кредитларнинг 10 фоизи давлат томонидан қопланаяпти.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2019 йилда жами 11 минг 200 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар ёрдамида пахта хомашёси етиштирилиши натижасида:

40,2 млн куб метр сув тежалди ва бу 6 минг гектар майдонда такрорий экинлар етиштириш имконини берди;

минерал ўғитлардан фойдаланиш ҳажми 8,4 минг тоннадан 6,7 минг тоннага қисқарди (20%);

ёқилғи мойлаш маҳсулотлари сарфи 2,6 минг тоннадан 1,7 минг тоннага камайди (35 %);

ишлаб чиқариш харажатлари оптималлашиб, 9,4 млрд сўмдан 3,7 млрд сўмга қисқарди (60 %);

Пахта майдонларида ҳосилдорлик гектарига ўртача 45-60 центнерга етди. 

Семинарда “Пенг-Шенг” қўшма корхонаси ҳамда “Боёвут техно кластер” МЧЖ нинг мутахассислари сўзга чиқиб, Боёвут туманида томчилатиб суғориш технологияларини амалда қўллаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, ўтган мавсумларда тумандаги “Жаҳонгир Маҳкамов” ҳамда “Боёвут кўклам майсаси” фермер хўжаликлари пахта ҳосилини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини амалда қўллаб, пахта ҳосилдорлигини 37-38 центнерга етказишга мувоффақ бўлишганлиги ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.

Foto: AX

2020 йилда туманимизда 1000 гектарга яқин экин майдонида ушбу технологиялар жорий этилиши режа қилиб белгилаб олинди.

 

Боёвут тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Report Page